Имом – жамиятни энг олди одами эмасми?

Имом – жамиятни энг олди одами эмасми?
58 views
12 May 2019 - 0:46

Бугун Azon.uz сайтида Салим қорини оқлашга уринилган, “заказной”, икки пулга қиммат мақола эълон қилинди. Сайт “заказной” мақолаларга жой бераётгани жуда ҳуник кўринган бўлса, ўша мақолани Мубашшир Аҳмад эълон қилгани ундан ҳам ҳуник кўринди.

Бировни ҳақи, деганда фақат пулни тушунамизми? Ҳақ дегани фақатгина моддиятми? Бировни пулини ўғирлаган ўғри-ю, вақтини, китобини, ҳаётини ўғирлаган ўғри эмасми? Кимдир меҳнат қилади. Кечалари уҳламай китоб ёзади-да, бошқаси ундан кўчириб, ўзини номидан эълон қилади.

Етмаганига айбини тан олмай, безрайиб, ҳеч нима бўлмагандай ўзини тутади. Ўғри – ҳар қандай замон ва маконда ҳам ўғридир. Ўғри – пул ўғирлайдими, мол ўғирлайдими, вақт ўғирлайдими, китоб ўғирлайдими у – ўғридир. Бошқа оқлов ортиқча. Узр сўраш билан битадиган ишни чалкаштирган ўша Салим қорини ўзи бўлади.

“Azon.uz”да эълон қилинган мақолада Салим қори пул учун ва шуҳратпарастлик учун у китобни ёзмаган экан. Пули шундоқ ҳам кўп экан.

Пули кўп эканлигини жуда яхши биламиз. Тошлоқда катта тўйхонаси бор. Унда “қизил тўйлар” бўлишини ва бемалол ичкиликбозлик бўлишини ҳам жуда яхши биламиз. Бир неча бизнеслари бор эканидан ҳам хабаримиз бор. Иқтидорга келган илк кунидан болаларни масжидга киргазмаслик ҳақида селекторда қилган нутқини ҳам жуда яхши биламиз. Ундан аввал вилоят бош Имом ҳатиби бўлган Убайдуллоҳ қори юқоридагиларни “болаларни масжидга киргизмасликда жонбозлик кўрсатинглар”, деган буйруғига парво қилмай, Имомларга “эътибор берманглар, ўзим ҳал қиламан”, дегани учун ишдан олинганини ҳам биламиз.

Тирикчилик учун ёзилмаган китоб масжидларда қандай мажбурлаб сотилганини ҳам кўрдик. Имомлар сотиб олгани одам топа олмай, ўз ҳамёнидан пул тўлаб, беш-олтитадан сотиб олганига ҳам гувоҳмиз.

Китобни пул ва мансаб учун ёзмагам бўлса унда нима учун ёзган? Савоб умидида ёзган одам ўғирлик қилиб, бировни китобини ўзиники деб савоб қилмайди. Шариатда ўғирликдан топилган молдан қилинган эҳсон – икки ҳисса гуноҳга ёзилади. Ҳаром ишдан ҳалол учун (дэйлик) қилган назрларини шувашга нима ҳожат бор? Хато қилиндими? Қилинди. Бўлди, тамом! Ортиқча гапга ҳожат йўқ.

Яна мақолада айтиладики “Прокурорларни, судяларни кетини кавламайди. Имомлар индамагани учун Имомларни чайнайди”, дейди муаллиф. Мантиғинга фил тепсин. Имом ким? Уни прокурор ёки отарчи билан тенг кўришни ўзи муаллифни калласида муаммо борлигини билдирмайдими? Одамлар прокурор ва судяларни аксари ҳаромҳўр эканлигини билади. Отарчини гапирганда биргина сўз билан “артисда”, дейди. Лекин ИМОМни сен прокурорга тенг қиласанми? Имом – жамиятни энг олди одами эмасми? Имомга қараб жамият шаклланмайдими? Унга меҳроб ва минбар прокурор ёки отарчидан эмас, Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламдан қолмаганмиди? Уни меҳроб ва минбарга хиёнат қилишга ҳақи борми? Меҳробга хиёнат қилган Имом, жамоага Имомлик қилишга лойиқми? Ўз мантиғингни едиришга уринмай, мана бу саволларга жавоб бер.

Тарихдан биламизки, ҳақ устида турган Имомларни атеистлар ҳам ҳурмат қилган. Ҳақ устидаги олимларга динсизлар ҳам ҳурмат кўрсатган. Имомни ташқи кучлар эмас, ўз нафси бадном қилаётганини наҳотки кўрмаяпсиз?

Беш, олти йил нарида Россия медиасида бир студентни ижтимоий тармоқда ёзган олти қатор гапи жуда машҳур бўлиб, “мем”ларга айланиб кетган эди. Студент шундай деган:

“Институтимизга черковни энг катта руҳонийси келадиган бўлди. Барчамиз мажлислар залида йиғилдик. Руҳоний дунёга муҳаббат ва дунё залолати ҳақида роса маъруза қилди. Маърузадан барча таъсирланди. Кўзига ёш олганлар бўлди. Маърузадан сўнг Руҳонийни кузатгани кўчага чиқдим. Барчани дунёга берилиш, дунёга муҳаббат қўйишдан огоҳлантирган руҳоний “BMW Х6″ машинага ўтириб кетди”

Халқ кўр эмас. Имом бой бўлсин. Имом миллиардер бўлсин. Салафлар айтганидай дунёни топсин, лекин дунё қалбига кирмасин. Халқ Малибу ҳайдаб келиб эҳсонга пул йўқ деган Имомни, эски каптивам бор деган Имомни, иномарка миниб олиб дунёга муҳаббат қўйишдан гапирган Имомларни гапини ҳам, ўзини ҳам бир тийинга олмайди. Чунки бу халқ етмиш минг динор бир кунда даромад қилиб, тонг ортира олмай, ўша пулни тарқатиб уйқуга ётиб, эртансига отига пичанни қарзга олаётган зотлар ҳаётини ўқиган. Халқ Имом ва пайғамбарлар меросхўри деганда ана шундай зотларни тушунади. Нафси ҳакалак ошган ва нафсига қуллигини шариат ортига беркитадиган Имомларни аниқлашга ақли етадиган бўлиб қолган.

Имомларни обрўсини тўкаётган жамоа, Имомларни ҳақиқийсини эътироф этишни ҳам билади. Имом ўтирган жойига муносиб бўлса, ҳақни гапирса ва ҳақ учун қоим турса, шу халқ, шу жамоа Имом учун туриб беради. Буни мисолини яқин ўтмишда кўрдик. Кўзимизни шамғалат қилиб, алдашга уриниш ва йўқ обрўсини тиклашга уриниш шарт эмас. Ботилга шариат тўнини кийдирган билан, икки оёғи орасидан аврати чиқиб қолиб шарманда қилаверади.

Саййид Ислом