Тинтувдан сўнг аҳволи ёмонлашган Маҳмуд Ражаб касалхонага ётқизилди

Тинтувдан сўнг аҳволи ёмонлашган Маҳмуд Ражаб касалхонага ётқизилди
55 views
13 May 2019 - 14:30

Хоразмлик шоир, 56 яшар Маҳмуд Ражаб уйида тинтув ўтказилганидан сўнг, уч кун ўтиб 13 май куни касалхонага ётқизилди. “Элтуз” мухбири қўнғироғига жавоб берган Маҳмуд Ражабнинг ўзи ва яқинлари воқеани тасдиқлади.

Гўшакни кўтарган Маҳмуд Ражаб соғлиги ёмонлигидан мухбирнинг саволларига зўрға жавоб берди.

“Тинтув ўтказилганидан кейин, дадамнинг мазаси қочиб қолди деди. Касалхонага ётқиздик бугун”, деди “Элтуз”га шоирнинг катта ўғли Хушнуд.

10 май куни кечқурун 18.30 да ўзларини BИБ ходимлари деб атаган ўн нафар атрофидаги шахс кириб келиб Маҳмуд Ражабнинг уйини тинтув қилишган.

Бу вақтда унинг уйида ўзидан бошқа ҳеч ким бўлмаган. Хотини ва болалари далада ишда бўлишган.

Тинтувда, ўзларини танитмаган нотаниш шахслар ва “холислар”дан ташқари маҳалла фуқаролар йиғини раиси Зокир Ваисов ва участка профилактика нозири Умрбойлар бўлган.

Улар Маҳмуд Ражабнинг қўшниларни гувоҳликка чақиришига аввалига изн беришмаган.

“Шовқинни эшитиб бир икки қўшниларнинг ўзлари келишган ва шундан сўнггина онам воқеадан хабар топиб келган”, деди Маҳмуд Ражабнинг ўғли “Элтуз”га.

“Элтуз” суҳбатдошининг билдиришича, Маҳмуд Ражабга тинтув қилиш қарорини ўқиш ва танишиб чиқиш учун имкон берилмаган.

Тинтув жараёнида Маҳмуд Ражабнинг уйидан ноутбук, янги ҳарид қилган “Samsung” E20 уяли телефонb, бўш дисклар ҳамда Муҳаммад Солиҳнинг “Пайғамбарлар тарихи” китоби ва Ойдин Солиҳнинг табобат ҳусусидаги китоблари олиб кетилган.

Шунингдек, унинг уйидан фермерлар билан боғлиқ турли маълумотлар битилган 7 варақ қоғозни баённомада 7 та варақа топилди деб олиб кетишган.

Суҳбатдошга кўра, Маҳмуд Ражаб тинтув ўтказилганлиги тўғрисидаги баённомага ўз ҳуқуқлари поймол этилганлиги ва тинтув қонун талабларига хилоф равишда ўтказилганлиги боис имзо чекишдан бош тортган.

“Элтуз” нашри 26 март куни Гуржистоннинг Тифлис шаҳридан қайтаётганида Тошкент аэропортида ушланган, Европа бирдамлик маркази семинарида қатнашган шоир Махмуд Ражабнинг ёнидан чиққан китоблар ва телефони мусодара қилингани ҳақида хабар берган эди.

Манба: Eltuz.com