Амир Темур даврида тўй-томоша ва халқ байрамлари

Амир Темур даврида тўй-томоша ва халқ байрамлари
50 views
17 May 2019 - 7:00

АМИР ТЕМУР ДАВРИДА ТЎЙ-ТОМОША ВА ХАЛҚ БАЙРАМЛАРИ

Амир Темур даврида барча соҳалар қатори миллий урф-одатлар ва халқ байрамлари азалий анъаналар билан бирга мамлакатда рўй берган интеграция жараёнлари натижасида ўзига янги компонентларни мужассамлаштирган, уларнинг бадиий савияси юқорига кўтарилган.

Шарафиддин Али Яздий, Ибн Арабшоҳ, Руи Гонсалес де Клавихо ва бошқа ўрта аср мураррихларининг асарларида ўша даврдаги тўй-томошалар ва халқ байрамлари ҳақида кўплаб маълумотлар учрайди.

Айниқса оммавий байрамлар ва тўйлар салтанатнинг ҳар еридан келган маданият ва саньат элеметлари билан бойитилган, улар ранг баранг мактаб ва усулларни ўзида мужассам этган эди. Маданиятлараро тўқнашув, интеграция жараёнлари бу аньаналарни ривожланиш босқичига кўтарилишига замин яратган. Буларга мисол қилиб Амир Темурнинг бирор юришда қўлга киритган ғалабасига бағишлаб ёки чет эл элчиларини кутиб олиш учун, шунингдек, шаҳзодалар тўйи муносабати билан уюштирилган оммавий байрамларини келтириш мумкин.

Бу байрамлар аксарият ҳолатларда шаҳар майдонларида, табиат қўйнида –яйловларда, дарё ва анҳорларнинг соҳилларида, махсус сайилгоҳларда ўтказилган.

Уларда оддий фуқаролар, минглаб аскарлар, уларнинг оилалалари, ҳунармандлар, нонвойлар, ошпазлар ва барча табақа вакиллари иштирок этган.

Халқ байрамларидаги жанговар спорт беллашувлари, майдон ўйинлари ва томошалари турли тоифа кишиларни, ижрочи ва томошабинларни бирлаштириб, ўзига хос тенглик ва ҳуррият оламини яратган .

Энг катта тўй ва байрамлар Самарқанд, Шаҳрисабз ва Ҳиротда ўтказилган, уларда ўн минглаб кишилар қатнашган.

Бундай байрамларга пухта тайёргарликлар кўрилган.

Шаҳар ва унинг майдонлари кўчалари безатилган, муайян жойларда равоқлар, кўшклар, мезаналар қурилган, ранг-баранг чодирлар безатилган.

Амир Темур 1363 йилда Ҳусайн билан Шаҳрисабзда қурултой тузиб, Амир Ҳусайн шарафига тўй беради. 1367 йилда эса душманлик йўлига ўтган Ҳусайн билан ярашиб, шу муносабат билан “бир неча кун узлуксиз тўй бериб, ўйин-кулги ва хурсандчилик қиладилар”.

1388 йили Самарқандда Амир Темур ўғиллари Умаршайх, Шоҳрух, неваралари Муҳаммад Султон ва Пир Муҳаммадни уйлантириш муносабати билан Боғи Биҳиштда, 1392 йил баҳорида Рустам, Абу Бакр исмли невараларини уйлантириш муносабати билан Конигилда катта тўй берган.

1391 йили Амир Темур Олтин Ўрда яқинидаги Қундузча деган жойда Тўхтамишни енгганлигини бир ой оммавий байрам сифатида нишонлашга фармон беради. “Зиёратларда ноз-неъматлар олтин жомларда шароб тортилди”, махсус мусиқалар янгради. Бу воқеа Самарқандда ҳам байрам қилинади.

1393 йилда Амир Темур Ҳамадон қилоятида кўкаламзорда боргоҳ, саропарда қурдириб, “комкорлик ва қудрат авжида айшу ишрат ва шодлик билан машғул бўлади. Сароймулк хоним ва Туман оқа подшохона тўйлар берадилар. Ҳушовоз ва ёқимли қўшиқ-оҳанглар билан халқнинг кўнглини оладилар”.

1395 йил. Ширвон малики Шайх Иброҳим Элбурз тоғидаги жангларда мардлик кўрсатгани учун унинг шарафига тўй берилади, тўққиз-тўққизлар тортиқ қилинади.

Соҳибқирон 1396 йил 6 июнда Ҳамадон вилоятида Ийд байрамини ўтказишни буюради. Бир ой байрам қилгач, самарқандга қайтишга қарор қилади. Амударёдан ўтиб, Хузорга келади. У ерда Сароймулк хоним, амирзода Шоҳрух, оқолар билан учрашади. Ҳаммалари шаҳри Кешга йўл оладилар. Низомиддин Шомий ёзади: “Соҳибқирон бир қанча кун Кеш вилоятида Оқсаройда турди, тўйлар қилдилар, айшу ишрат додини бердилар, шодлик ва хурсандчилик билан кун ўтказдилар ”.

1396 йили сафардан қайтган Амир Темурни кутиб олиш учун Шаҳрисабз ва Самарқанд шаҳарлари безатилган, кўшк ва чортоқлар қурилган, уларда санъат аҳли ўз маҳоратини намойиш этган. “Самарқанд аҳли, – деб ёзади Али Яздий, – бағрини ўйин-кулги ва шодликка очиб, шаҳарни безаш ва ҳар ёнда ажойиб кўшклар ва чортоқлар қуришга киришди, уларга хушхон ҳофизларни жойлаштирди”.

1403 йил. Амир Темурнинг Йилдирим Боязид устидан ғалаба қозониши муносабати билан Анқарадан олти манзил нари Сури деган жойда, сўнгра Кўтоҳия деган жойда байрам уюштирилади. Байраму базмларда “хушовоз чангчилар, пардасоз камонча чолувчилар, ой юзли соқийлар,… шодлик таратувчи муғаннийлар” хизматда бўлишган. Базмлардан бирида асирга тушган Боязид ҳам қатнашган. “Амир Соҳибқирон, – деб ёзади Низомиддин Шомий, – унинг кўнглини кўтаришга ҳаракат қилиб, умиди чўнтагини омонлик нақдинаси билан тўлдирди. Унга май косасини лиммо-лим тутдилар ва яна янги суюрғоллар билан фахрланиш бошини осмонга етказдилар ”.

Ўрта аср муаррихлари Амир Темурнинг етти йиллик юришдан сўнг Самарқанднинг Конигил майдонида уюштирган ушбу халқ байрами ва тўй-томошаси ҳақида маълумотлар ёзиб қолдирганлар.

Низомиддин Шомийнинг айтишича, “Фармонга мувофиқ кўклам Конигил ўлангидан то Шовдоргача, тахминан ўн фарсанг келадиган оралиқққа Соҳибқироннинг муборак ўрдулари, барча шаҳзодалар, оғолар, ўғлонлар, амирлар, мўътабар шахсларнинг қайтуллари ва жаҳонни турли -туман аскарлар ҳар бири ўз мавқеи ва мансабига кўра келиб қўндилар ” .

Бу тўй-томошаларда Амир Темур даврининг машҳур полвонлари, зўргарлар, яьни кучлилар одам кўтариб, тош ва суякларни синдириб, тош отиб тегирмон тошини кўтариб, фил билан олишиб ўз куч ва маҳоратларини намойиш этганлар.

Манбалардаги маълумотларга асосланиб, ушбу байрамларнинг сценарийлари аввалдан тайёрлангани, ўтказиладиган ҳудуднинг махсус белгиланганини алоҳида қайд этиш мумкин.

Демак, Амир Темур давридаги халқ байрамлари ва тўй-томошаларнинг аниқ белгиланган тартиби, қонун-қоидалари мавжуд бўлган ва улар тартиб билан ўтказилган.

Бу байрамларга алоҳида жозиба ва тантанаворлик бағишловчи турли мусиқа ва рақслар ушбу тўй ва байрамларни жонлантириб юборган.

“Оламнинг турли тарафларидан йиғилган тиллари ва кийимлари бир-биридан фарқли ҳар қайси мамлакат созандалари,ҳар бир иқлимнинг саньат аҳллариюҳунар соҳиблари гуруҳ-гуруҳ бўлишиб ҳар диёрнинг ўзида расм ва одат қилинган зеб-зийнат буюмлари, тақинчоқлари, кийим-кечак ва матолари билан ясаниб, ўзларига оро бердилар. Хушнағма созандалар ва хушовоз созандалар форс тариқасида, ажам тартибида, араб қоидасида, турк йўсунуда, мўғул аёлғусида, хитой русумида, алтой услубида соз чалмоқ, ашула айтмоқ, ва оҳанг боғламоқ ила машғул эдилар” .

Тарихдаги бу мисоллар Амир Темур ва темурийлар даврида тўй-томошалар ва халқ байрамлари такомилига етганидан, бу соҳаларнинг саньат даражасига кўтарилганидан далолат беради. Юксак дид-фаросат, ҳар бир соҳага ижодий ёндашув чет эллик меҳмонларни ҳам ҳайратга солган. Ушбу байрамларни юксак савияга етказган темурийларнинг миллий қадриятларимиз тарихидаги ўрни каттадир.

Бу даврда юксак инсоний фазилатларга мисол қилиб, тўйлар баҳонасида сайллар ва турли ҳалқ байрамлари уюштирилгани, неча кеча-кундузда халққа меҳмоннавозлик қилинганини келтириш мумкин.

Ўша даврдаги оммавий тадбирларда ўн минглаб одамлар қатнашган, улар бемалол истаган таомларидан, боғдаги мевалардан бемалол тановул қилишган. Бир сўз билан айтганда, Амир Темур давридаги тўй-томошалар ва оммавий байрамлар халқ хурсандчилиги учун ўтказилганини англаш мумкин.

facebook.com