Отамнинг

Отамнинг
26 views
17 May 2019 - 8:00

 

 

ОТАМНИНГ

Олтмиш ёшда, наврўз куни, лув йили,
Келиб ажал йўлин тўсди отамнинг.
Бу дунё азалдан шодликдан холи,
Умрининг танобин тортди отамнинг.

Оғир давлатларга кўнгил қўймади,
Бу жаҳоннинг ишратини суймади,
Эски шолдан ортиқ кийим киймади,
Охират тадори қасди отамнинг.

Дерди: Дунё турмас, боқий умр йўқ,
Кундуз рўза, кеча бўлса уйқу йўқ.
Мункир бўлмас, муҳлисларнинг шаки йўқ,
Пайғамбар йўлидир йўли отамнинг.

Билмасам, айтмасман, кўрганим чандон,
Мақсадига етар интилган чиндан,
Ярими малакдан, ярими жиндан,
Мижозларсиз бўлмас усти отамнинг.

Орқасидан уч юз мардон эргашди,
Унга чилтонларнинг назари тушди,
Орифлар-ла етти пирга улашди,
Абдулладир чин пайвасти отамнинг.

Олам ичра одам қолмас, от кезар,
Бу сирлардан жаҳон халқи ёт кезар,
Жони Жаннат ичра, кўкда шод кезар,
Ерда жўшқин ётар пўсти отамнинг.

Махдумқули, яшир сирингни ичда,
Комил топсанг, қил қуллуғин саришта,
Маҳшар куни ғамсиз кирар Беҳиштга,
Ҳар ким чиндан бўлса дўсти отамнинг.

МАХДУМҚУЛИ
* * *
Туркманчадан Ислом Холбой ўзбекчалаштирди

facebook.com