Билдик: Комил Алламжонов иш услуби тақиқ ва таҳдид экан

Билдик: Комил Алламжонов иш услуби тақиқ ва таҳдид экан
19 views
17 May 2019 - 0:22

БИЛДИК: КОМИЛ АЛЛАМЖОНОВ ИШ УСЛУБИ ТАҚИҚ ВА ТАҲДИД ЭКАН

Комил Алламжонов Ўзбекистон Республикаси президенти матбуот котиби лавозимида ишлаган пайти бир-икки ҳаракати билан менда ижобийроқ таассурот қолдирган эди.
И. Каримов + Х. Султонов қурган ёпиқ жамиятнинг эшик-деразаларини қия очиб, нафасни бўғар даражада бижғиб кетган ҳавосини бир оз шабадалатса керак деб умид қилдим. У лавозимдан бўшатилганида сал афсусландим ҳам.

Сўнгра у республика Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари этиб тайинлаганида ичим ёришиб, ҳатто кичик бир табрик ҳам йўлладим.

Аммо 15 май куни маҳаллий ОАВ бош муҳаррирлари учун махсус йиғилиш ўтказиб, унда яқинда ДХХ томонидан ноқонуний ҳисбга олинган журналист Саидабдулазиз Юсупов ишини ёритишни тақиқлаганини эшитиб, хафсалам тамоман пир бўлди.

Мажлис қатнашчиларидан бири хабар беришича, Комил Алламжонов ОАВ муҳаррирларига: “Бундан кейин қайсидир нашр Саидабдулазиз Юсупов ишини ёритадиган бўлса, ўша нашрнинг бош муҳаррири бу қилмиши учун ўз курсиси ва калласи билан жавоб беради!” дебди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган шу хабар агар тўғри бўлса, унда бу иши билан Комил Алламжонов ўзига ишониб топширилган лавозимга мутлақо лойиқ эмаслигини кўрсатибди!

Амалдор ОАВ тўғрисидаги қонунга ҳам, касб одобига ҳам тупурибди. Тақиқлашга ҳеч бир йўсинда ҳаққи йўқ. Мамлакатда бўлаётган ишларни ёритмаса, ОАВ бошқа нима иш қилади?!

Матбуот иши шунақа мустабид бошлиққа қолган бўлса, демак, бу соҳада ҳали-вери ижобий ўзгариш бўлмайди.

Демократик давлатларда бутун матбуот Комил Алламжоновнинг бу гапига қарши оёққа турар ва амалдор истеъфо беришга мажбур қолар эди.

Бизда эса…
Кўрамиз.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон