Маҳмуд Ражаб шеърияти

Маҳмуд Ражаб шеърияти
92 views
17 May 2019 - 10:40

МАҲМУД РАЖАБ ШЕЪРИЯТИ

Маҳмуд Ражаб 1963 йил Хоразм вилоят Гурлан туманидаги Эшимжирон қишлоқ кенгашига қарашли Чолиш овулида туғилган. 1980 йилда Шанғи қишлоғидаги А. Қодирий номли ўрта мактабни тугаллаб, 1980-84 йилларда Бухоро давлат педагогика олийгоҳининг мусиқа куллиётида таҳсил олди. Олийгоҳни тамомлаб, ўзи ўқиган мактабда муаллимлик қилди. “Хоразм” нашриётида “Дард мавсуми”(1993), “Кўзлардаги кўзгу”(1999), “Ойкокил”(2010), рус тилида “Застенчивый месяц”(2010) шеърий китоблари, “Шанғи” (2005) рисоласи, “Сарагул” (2014) ҳикоялар тўплами босилиб чиққан. Шеър ва ҳикоялари республика матбуотида эълон қилинган.

РУҲ ҚУШЛАРИ

Эртага руҳ қушлари бир-бир учади,
Биз қоламиз чунки товуқмиз ҳаммамиз.
Паҳлавон Маҳмуд

Сув ҳам керак, дон ҳам керак товуққа,
Қушга нима керак булардан бўлак.
Қўшиқ керак унга, дарахтлар керак,
Парвоз керак, қанотлар керак.
Қанот ҳам бор унда, қаноат ҳам бор!
Қушга энг кераги – Осмон! Озодлик!

 

МЕҲМОННИНГ ЎЛИМИ

Макон тутган танамни оғриқ,
Ҳайдаш билан кетмас бу меҳмон.
Фақат унинг емиши соғлиқ,
Кетади еб тугатган замон.

Ҳар кун унинг ризқини териб,
Уйга дарҳол чопиб келаман.
Ўзимни еб битирмасидан
Унга емиш топиб келаман.

Бўлсам ҳамки гарчи измида,
Бўш келмайман мен ундан сира.
Унга ўлмас ошини бериб,
Тўплаяпман улкан заҳира.

Гоҳ аждардай қорнин тўйғизсам,
Бироз мизғиб олади фақат.
Касаллик ҳам касалланаркан
Еса овқат устига овқат.

Уни очдан ўлдириб бўлмас,
Очлик билан кулдириш мумкин.
Бундай нафси ёмон меҳмонни
Фақат тўйда ўлдириш мумкин.

 

БЕҚАРОРЛИК

Ўзгармас қарорим беқарорликдир,
Бир шохада тура олмайман доим.
Ўтириб олганим шох қуриётса,
Гуллаган шохларга ўзгарар жойим.

Янада беқарор бўлурман баттар,
Тарози устига чиқмоқчи чоғим.
Нисбий бўлса агар адолат, ўлчов,
Икки паллададир икки оёғим.

facebook.com