“Ҳақ йўли албатта бир ўтилгуси”

“Ҳақ йўли албатта бир ўтилгуси”
56 views
17 May 2019 - 14:44

Жуда муҳим!!!

Азиз дўстлар, маслакдошлар!

Ҳаммангизга маълум, биз кимнингдир буйруғи, буюртмаси ёки истаги билан эмас, балки бошига мусибат тушиб, қуруқ туҳмат ва бўҳтон остида қолган бир ҳамкасбимиз, мусулмон биродаримиз, қолаверса оддий бир ватандошимизнинг тақдирига бефарқ қарай олмаганимиз учун қалб ва виждон амрига биноан бу ҳаракатимизни бошлаганмиз.

Бизнинг бу ҳаракатимиз ортида ҳеч бир ғараз ва манфаат йўқ. Ҳеч кимга душманлигимиз ҳам йўқ, балки душманона ҳужумларга маъруз қолган бир инсоннинг ҳаёти хавф остида қолганини кўриб, унга ғанимлик қилаётганларни инсофга, адолатга, яхшиликка даъват қилиш учун бирлашиб турибмиз. Ҳақ ва ботил курашида ҳақ томонида турганимизга ишонганимиз ва буни кузатаётганлар бизга ишонганлари учун ҳам сафдошларимиз ва қўлловчиларимиз сони кундан кунга ортиб бораяпти.

Гап шундаки, кейинги кунларда айрим кўзга кўринган, ҳурмат-эътиборли шахслар ҳаракатимизга қўшилган баъзи биродарларимизга: “бу йўлдан қайтинглар, сизлар ҳимоя қилаётган Саид Абдулазиз ўзи аввал ҳам фирибгарлик қилиб, жиноий жавобгарликка тортилган, бир фирибгарни тарафини олиб, эртага шарманда бўлиб қолманглар” деган “дўстона маслаҳатлар” билан мурожаат этиб, уларни йўлдан урмоқчи бўлишяпти.

У “маслаҳатчилар” аввало шуни яхшилаб қулоқларига қуйиб олишсин, биз ҳеч қандай товламачи фирибгарни эмас, балки ўз сўзи билан, қалами билан, чиқишлари билан “сиёсий фирибгар ва товламачилар”га қарши уруш очган, ботилни рад этиб ҳақни талаб этган, халқ ва мамлакат манфаатини ўз манфаатидан устун қўйиб, миллат тараққиёти учун молини, жонини ва соғлиғини аямай хизматга бел боғлаган бир журналистни ҳимоя қилиб чиқдик!

У фирибгарлик қилган бўлса, қонун олдида жавоб беради. Лекин нима учун унда Саид Абдулазиз фирибгарлик қилган бўлса, давлат хавфсизлик хизматининг ҳибсхонасида ўтирибди?! Ёки фирибгарлик жинояти давлат ва миллий хавфсизлик масаласига оид оламшумул бир жиноятми?

Унга қасд қилган гуруҳлар (ҳа, айнан гуруҳ) касбий фаолиятидан бирон айб топа олмасликларини билганлари учун ҳам осонгина 168-моддани ёпиштириб, қўлга олиб, тергов жараёнида яхшилаб “ишлов” бериб, кейин унга ичкарида бошқа айбларни ҳам бўйнига қўйишни режалаштиришган кўринади. Ҳар ҳолда бу тажрибадан ўтган, синалган классик усул.

Бу сафар ҳам иш беради, деган ўйда шундай йўл тутишгани тайин.

Бу хоинликни бошида турганлар, сувни лойқалатаётганлар ва биродарларимизни ҳақ йўлдан қайтаришга уринаётган “ватанпарвар”лар бир нарсани унутганга ўхшайдилар.

Бугун Ислом Каримовнинг истибдод даври эмас, бугун президент Шавкат Мирзиёевнинг халққа қайиша бошлаган одил сиёсати даври, ҳурфикрлилик даври, “оёғи ердан узилган ва ғўдайган ҳукмрон қатлам”нинг, халқ молини туя қилган коррупционерларнинг, кўчадаги писта сотувчига ксивасини кўрсатиб, “доля” олган, йўлида учраган “столба”ни ҳам зўравонлик билан қамаб қон қақшатган “контора”чиларнинг ҳисоб-китоб давридир!

Энг муҳими – бугун одамларимиз, айниқса, ёшларимиз олдинги “ура-урачилик” ва маънавий “турғунлик” давридагидан фарқли ўлароқ, кўзлари ҳақиқатга очилган, ҳақ ва ботилни таний бошлаган, адолатга ишонч уйғонган бошқа бир замондир. Зеро ҳақиқатга бир марта очилиб, унинг нуридан озгина баҳраманд бўлган кўзлар ва қалблар асло зулматга рози бўлмайдилар! Демакки, ортга қайтиш йўқ!!!

Жадидларимиз айтганларидек, ҳақ йўли албатта бир ўтилгуси!

Камоли эҳтиром ила Зариф Султани