Эл кўрдим

Эл кўрдим
27 views
18 May 2019 - 9:00

 

 

ЭЛ КЎРДИМ

Душман келса дўст, деб, сўйган қўйини,
Челда яшаб, унга берган уйини,
Тизгинлатиб бутун фикри, ўйини,
Сўраб олиб ҳатто аза, тўйини,
Куло билмас, йиғлаб билмас эл кўрдим.

Қорани ҳам тутуқ кўзи оқ кўрар,
Ақли эмас, қўли тутса не сўрар,
Ётни қучиб, ўзиникин чет сурар,
Жинни худо билар, пирин ҳам урар,
Қуро билмас, йиқо билмас эл кўрдим.

Илму фани, маърифати белида,
Дин-имони, садоқати тилида,
Манглайидай шўр далалар дилида,
Сариқ иблис, афсунгарнинг қўлида,
Туро билмас, ёто билмас эл кўрдим.

Эркакларин оғушида ел сайри,
Озодман, деб аёл тутган йўл айри,
Амал олди одамларин бехайри,
Ҳар-ҳарлашиб ичар тўйиб нақ ғайри,
Ичо билмас, тўко билмас эл кўрдим.

Гўё Сирот кўпригида қораси,
Жойи жаннат ва дўзахнинг ораси,
Рози бўлмас ундан туққан онаси,
Зах ерлардан силкинмасму шонаси,
Ола билмас, беро билмас эл кўрдим.

Ислом Холбой
“Ҳижрон азоби” Шеърлар китоби, 
Тошкент, “Ёзувчи нашриёти”, 1998 йил

facebook.com