Илк ўрта асрларда туркийзабон халқларда этнолингвистик жараёнлар

Илк ўрта асрларда туркийзабон халқларда этнолингвистик жараёнлар
96 views
19 May 2019 - 6:00

ИЛК ЎРТА АСРЛАРДА ТУРКИЙЗАБОН ХАЛҚЛАРДА ЭТНОЛИНГВИСТИК ЖАРАЁНЛАР

Ҳар бир этносни бошқа бир этносдан ажратиб турувчи муҳим белгиларидан бири бу унинг тилидир. Этнос назариясига кўра ҳам тил этносни белгилаб турувчи асосий аломатлардан ҳисобланади. Айни вақтда тил алоқа воситасидирки, инсонлар ўртасидаги ижтимоий-иқтисодий муносабатларда унинг аҳамияти беқиёс.

Маълумки, ҳар бир этносга хос тил мазкур этнос шаклланиш жараёнида тараққий этиб боради. Муайян бир этнос бошқа этнос билан муносабатга киришар экан, аввало ушбу муносабатлар натижаси уларнинг тилида ўз аксини топади.

Тилшунос олим Н.А.Баскаков илк ўрта асрларда Марказий Осиё минтақасида уч туркий тил гуруҳи — ўғуз, қипчоқ ва қарлуқ-уйғур тил гуруҳлари мавжуд бўлганлигини айтиб ўтади. Ушбу туркий тил гуруҳлари муайян бир этник муҳитда, турли этник бирикмаларнинг тил ва этник жиҳатдан қоришувлари натижасида шаклланганлиги аниқ. Ўғуз тил гуруҳи ўғуз ва салжуқ қабилалари орасида, қипчоқ тил гуруҳи Дашти-қипчоқ қабилалари орасида ва қарлуқ тил гуруҳи эса қарлуқ ва унга қардош бўлган халач, чиғил, яғмо ва бошқа қабилалар ичида ҳосил бўлган. Илк ўрта асрларда мавжуд бўлган ушбу тил гуруҳлари кейинчалик бир қатор туркий халқларнинг адабий тилини шакллантиришида асос бўлди.

Қарлуқ-чигил, қипчоқ ва ўғуз тил гуруҳлари ўзбек тилининг лаҳжалари бўлиб, улар ҳам айрим маҳаллий шеваларга ажралади. Гарчи, ўзбек тилининг мазкур лаҳжаларини шаклланишида бир неча этносларга хос тил элементлари иштирок этсаларда, айрим қабилаларнинг тил хусусиятлари устуворлик қилганлиги яъни, субстрат (замин) бўлганлиги аён. Масалан, ўзбек тилининг қарлуқ-чиғил лаҳжасини шакллантиришда қарлуқ, чиғил, халач, яғмо, дулу ва бошқа бир қанча туркий қабилаларнинг тил элементлар фаол иштирок этгани ҳолда, ушбу тил лаҳжаси шаклланаётган кезларда сиёсий жиҳатдан (сон жиҳатдан ҳам) нафузли бўлган, ўз атрофида турли туркий қабилаларни бирлаштириб турган қарлуқ қабиласининг тили устуворлик қилган.

Шу жойда айтиб ўтиш ўринлики, ўзбек тилининг қарлуқ-чиғил лаҳжасини шаклланишида айнан қарлуқ қабиласининг тилини етакчи ўринга эга бўлганлигига бир қатор тадқиқотчилар қўшилмайдилар ва улар бунда чиғил қабиласининг тилини ушбу лаҳжасининг шаклланишида асосий ўринга қўйиш керак деб айтадилар. Масалан, С.М.Муталлибоев ХI асрда Жанубий Қирғизистон (Ўзган ва унинг атрофида) ва Ўрта Осиёда чиғиллар энг зўр хоким қабилага айланиб ўз таъсирларини жуда кенг доирага ёйган, уларнинг тили қорахонийлар давлатида етакчи мавқеини эгаллаган, умумийлаштирувчи тилга айланган эди, деб таъкидлайди.

Тилшунос олимлардан яна бири — С.Иброхимов ҳам ўзининг ўзбек тилининг Андижон шевасига бағишланган ишида бу шева этногенетик жиҳатдан қадимий чиғил лаҳжасига бориб тақалишини айтиб, «… қарлуқ-чиғил деалектида биринчи (етакчи) ўринга қарлуқ тилини қўйиш ҳам унча ўринли бўлмас» деб ёзади.
Кўриниб турибдики, юқорида исм-шарфлари кўрсатилган тилшунос олимлар ўзбек тилининг қарлуқ-чиғил лаҳжасини вужудга келишида чиғил қабиласининг тили устувор бўлган деб қарайдилар ва шу қабила тили умумэлат тилини умумлаштирувчи вазифани бажарган деган хулосага келадилар. Фикримизча, бу хулоса унчалик тўғри эмас. Гап шундаки, ҳақиқатдан ҳам чиғиллар қадимий туркий этнослардан бўлиб, ўзбек халқининг этногенетик жараёнида ҳамда ўзбек тили тарихида, хусусан биз кўриб чиқаётган тил бирлигининг вужудга келишида муҳим роль ўйнаганлар. Чиғиллар қарлуқ қорахонийлари ҳудудида яшаб турган бир қатор туркий қавмлар ичида нуфузли (қарлуқлардан кейин) этнос саналганлиги, қарлуқ билан бирга мазкур давлат сиёсий ҳаётида етакчилик қилганлиги ҳам ҳақиқат. Боз устига Маҳмуд Қошғарий ҳам ўзининг «Девону луғотит турк» асарида қарлуқлар ҳукмронлик қилган ҳудудлардаги бир қатор туркий қабилаларнинг тил хусусиятлари ҳақида гапириб, чиғил қабиласи ва унинг тил хусусиятларига кўпроқ тўхталган эди. Чунончи, Маҳмуд Қошғарий айнан чиғилларнинг тил хусусият­ларини ўғузларники билан қиёслайди.

Ўзбек халқининг алоҳида элат бўлиб шаклланаётган кезларида чиғилларнинг мана бундай нуфузга эга бўлиши, бир қатор тадқиқотчиларга, жумладан юқорида биз исм-шарларини кўрсатиб ўтган тилшунос олимларга ҳам ушбу қабила тилини қарлуқ-чиғил лаҳжасини қарор топишида етакчи ўринни эгаллаган деб қарашларига асос бўлган. Бироқ, ушбу фикрни илгари сурган олимлар чиғиллар узоқ вақт қарлуқларнинг этник ҳамда сиёсий уюшмаси таркибида шакилланиб келганликларига кам эътибор берганлар. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, ушбу тилшунос олимларни қарлуқ, чиғил этноси ва уларнинг этногенетик жараёни ҳақида равшан тушунчага эга эмаслиги кўринади. Акс ҳолда ушбу муаллифлар чиғил ва қарлуқ этнослари этногенетик жиҳатдан жуда яқин боғланган этнослар эканлигини, ўзбек халқининг алоҳида элат бўлиб шаклланаётган кезларида қарлуқ ва чиғил қабиласининг тилида деярли фарқ бўлмаганлигини, ҳар икки халқ тили аслида бир тил эканлигини тушуниб етган бўлардилар.

Фикримизни далиллар билан асослашга ҳаракат қиламиз. Маълумки, тарихий манбаларда, хусусан Хитой солномаларида чиғиллар қарлуқ этник уюшмасига кирган уч уруғнинг бири эканлиги айтилади. Масалан, «Танг сулоласи янги тарихи»нинг 217 боби, иккинчи қисмида қарлуқ (хитойча номи гэлилу) мулу ёки мула, жиси ва тоши (тошли) каби учта қабиладан иборат бўлганлиги кўрсатилади.

Н.А.Аристов фикрича чиғил ана шу уч уруғнинг бирини, яъни жиси (чжиси) қабиласининг номини билдиради. К.Шониёзов юқоридаги далилларга асосланиб «… биз чиғилларнинг қадимги даврларда қарлуқларнинг бир уруғи бўлиб, кейинчалик булар алоҳида қабила бўлиб қолган ва қарлуқ уюшмасига кирган, деб қараймиз» деб ёзган эди. Ушбу олим ўзининг кейинги ишларининг бирида ҳам «чиғиллар… қарлуқларнинг уч қавмидан бири бўлган, улар ҳам қарлуқлар эдилар» деган фикрни қатъий айтади. Мадомики, қарлуқ ва чиғил қабилалари аслида бир халқ эканлигини, уларнинг тилида ҳам фарқ йўқлигини инобатга олсак, у ҳолда биз кўриб чиқаётган тил бирлигини вужудга келишида ягона халқни тили устуворлик қилганлиги маълум бўлади. Бу шубҳасиз, ушбу тил бирлиги шаклланаётган ҳудуддаги туркий қабилалар ичида энг кўпсонли ва юксак сиёсий нуфузга эга бўлган, қўшни диалектларни ўз атрофига жамлай олган қарлуқлар тили эди.

Кейинчалик ушбу тил бирлиги илмий адабиётларда тилшунослар томонидан ўзбек тилининг қарлуқ ёки қарлуқ-чиғил лаҳжаси тарзида қўлланила бошланди. Албатта, қарлуқ-чиғил тил лаҳжаси нафақат айрим этносларни, балки кўплаб туркий ва ҳатто туркий бўлмаган халқларнинг этник ва тил соҳасидаги ўзаро муносабатларининг маҳсулидир. Чунончи, биз юқорида уқтириб ўтганимиздек, ушбу тил бирлигини вужудга келишида қарлуқлар давлати таркибида бўлган халач, арғу, тухси, яғмо, бижанак, ябақу, дули ва бошқа бир қатор туркий тилли қабилаларнинг иштироки катта бўлган. Тўғри, уларнинг ўзбек элати ва унинг тилини шаклланишидаги иштирокини бир хил даражада бўлган деб ҳам бўлмайди. Фикримизча, бу жараёндаги уларнинг фаоллик даражасини қуйидаги икки омил белгилаган: а) янги этник бирлик (элат) ядросига генетик ва тил жиҳатдан яқинлиги; б) этноҳудудий бирлик яъни янги элат ва унинг тили (қарлуқ-чиғил лаҳжаси) шаклланаётган ҳудудда турғун ёки узоқ давр муқум яшаб туриши.

Қарлуқ қабила уюшмаси ва давлати таркибида бўлган қадимий туркий тилли этнослардан бири бу халачлар эди. Халачлар ҳам чиғиллар каби узоқ давр мобайнида қарлуқлар билан аралаш яшаб келганлар. Уларнинг ҳам тили қарлуқ қабиласининг тилидан деярли фарқ қилмаган. К.Шониёзов Хитой солномаларда кўрсатиб ўтилган қарлуқ этник уюшмасига кирувчи уч уруғнинг бирини яъни ташали (тоши) уруғини халачлар билан тенглаштиради.

Хуллас, қарлуқ-чиғил лаҳжасини вужудга келишида муҳим аҳамият касб қилган қардош қарлуқ, чиғил ва халач этносларининг тили бир-биридан деярли фарқ қилмаган. Қарлуқ қорахонийлари ҳудудида яшаган яғмо, арғу, тухси, ябоқу каби туркий халқларнинг тили эса баъзи бир хусусиятлари билан қарлуқ, чиғил ва халачларнинг тилидан оз бўлсада фарқланган. Буни Маҳмуд Қошғарий ҳам ўз асарида қайд қилган эди. Шунга қарамай, мазкур этник жамоалалар биз кўриб чиқаётган тил бирлигини, умуман ўзбек халқининг элат бўлиб шаклланишида иштирок қилганлигига шубҳа йўқ. Шулардан бири яғмо этносидир. Таъкид этиш жойизки, яғмоларнинг этник мансублиги фанда бирмунча бахслидир. Айрим тадқиқотчилар яғмоларни этногенетик жиҳатдан уйғурлар билан боғласалар, бошқалар буни инкор этиб, яғмолар уйғурлар тасарруфида бўлган бўлишлари мумкин, лекин уларни уйғур эканлигига ҳеч қандай илмий асос йўқлигини уқтирадилар. Дарҳақиқат, Маҳмуд Қошғарий ҳам яғмо тилини уйғур тили билан эмас, балки тухси, ябоқу, қипчоқ, ўғуз тиллари билан бир қаторга қўядики, бу ушбу этнос тили уйғур тилидан бирмунча фарқланишидан далолат беради.

Биз учун муҳими шуки, яғмоларнинг солмоқли қисми IХ-ХII асрларда Фарғона водийсининг шимолий минтақаларида ва унга туташ ҳудудларда яшаганлар. Албатта, улар ҳам бу ерда кечган этник ва лингвистик жараёнларда иштирок этганлар.

IХ охири — ХI асрнинг бошларида Еттисувдан Тошкент воҳасига ва Фарғона водийсига қадимий туркий қабилалардан яна бири арғунлар ҳам кўчиб келиб яшаганлар.

Х аср давомида бошқа бир туркий этнос тухсилар ҳам Қарлуқлар давлати таркибида бўлиб, чиғил, халач, яғмо, арғу ва бошқа этнослар қатори ўзбек элатини ва унинг тилини шаклланиш жараёнида фаол қатнашган.
Бу даврда Фарғона водийсида кечаётган этник ва этнолингвистик жараёнларда қадимдан мавжуд бўлган туркий қабилалардан яна бири дулулар ҳам фаол иштирок қилганлиги маълум. Дулуларнинг этногенези уйғурларга ва улар орқали хунларга бориб тақалади.

Туркий тилли халқларнинг этнослараро муносабатлари тарихида ўзбек-уйғур халқларининг этник ва тил соҳасидаги алоқалари алоҳида ўрин тутади. Ўзбек ва уйғур халқларининг аждодлари қадимдан ёнма-ён, кўп ҳолларда аралаш яшаб келганлар. Масалан, қарлуқларнинг илк аждодлари уйғурлар билан бирга Иртиш бўйлари, Олтойда қўшни яшаганлари тарихий маълумотлардан маълум. Қолаверса, ўзбек ва уйғур элатини шаклланишида фаол иштирок қилган бир қанча қабилалар ўтмишда ягона яъни теле қабила иттифоқига кирганлар. Албатта бундай аралаш яшаган икки этнос орасида ўша даврлардаёқ иқтисодий ва маданий алоқалар таркиб топган эди. Бундай яқинлик албатта ушбу этносларнинг тилида ҳам ўз аксини топган эди. Бу этносларнинг тилларида ўхшаш томонлар кўп бўлган, албатта. Ҳар икки этнос тилидаги бундай яқинликка ишора қилиб айрим тадқиқотчилар уйғур тилини ҳам ўзбек тилини шаклланишига асос бўлган деган фикрни айтадилар. Чунончи, тилшунос олим Н.А.Баскаков ўзининг туркий тилларни классификацияси масаласига бағишлаб ёзган ишида, ўзбек тилини туркий тилларнинг қарлуқ гуруҳига киритиб, уни ҳам иккига бўлган эди. Олим биринчи гуруҳни қурлуқ-уйғур гуруҳи, иккинчисини эса қарлуқ — Хоразм гуруҳи деб атайди.

Бошқа яна бир тилшунос олим В.В.Решетов ҳам ўзбек тилининг қарлуқ-чиғил лаҳжасини шаклланишидаги уйғур этносинининг ролига боҳо бериб, бу тил бирлигининг ўзбек тилининг қарлуқ-чиғил-уйғур лаҳжаси деб номлайди. Бундан ҳар иккала тилшунос олим ҳам уйғур тили қарлуқ тили билан бир хил даражада ўзбек тилининг шаклланишида асос бўлган, деган фикрни илгари сураётганликларини илғаб олиш қийин эмас. Агар масалани моҳиятини шу тарзда тушуниб, ушбу фикрни қабул қилсак, у ҳолда ўзбек тилини шаклланишида уйғур тили қўшни диалектларни ўз атрофига жамлаган ва қарлуқ тили билан баб-баробар ўзбек элати тилига асос бўлган, яна ҳам аниқроғи ўзбек тили уйғур тили заминида ҳам шаклланган бўлиб чиқади.

Назаримизда ўзбек элати тилини шаклланишида уйғур тил хусусиятларига бу қадар ҳаддан ташқари катта ўрин ажратиш ҳам тарихий ҳақиқатга тўғри келмас. Негаки, юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, гарчи ўзбек ва уйғур халқининг аждодлари узоқ вақт ёнма-ён, аралаш яшаб келган, яқин тилларда сўзлашган бўлсаларда тарихий тараққиётнинг кейинги босқичларида ушбу халқлар алоҳида этник бирлик бўлиб шаклланар эканлар уларнинг тиллари ҳам алоҳида-алоҳида ҳолда ривожланиб борган.

Тарихдан маълумки, VIII асрнинг ўрталарида ҳозирги Мўғи­листон ҳудудида Уйғур ҳоқонлиги ташкил топган эди. Шу асрнинг 60 йилларида эса Еттисувда қарлуқ этник уюшмаси, кейинчалик IХ асрнинг 40 йилларида кенгроқ ҳудудда Қарлуқ давлати вужудга келган. Шу тарихий воқеалардан кейин бу икки халқ тили мустақил равишда тараққий этиб борди. Чунки IХ-Х асрларда Еттисувда, Фарғонада, Мовароуннаҳрнинг айрим вилоятларида, масалан Тохаристонда жойлашган кўпчилик туркий тилли аҳолига қарлуқлар, Мўғилистонда, кейинроқ (840 йилдан бошлаб) Шарқий Туркистоннинг катта қисмида, Шимолий Хитойдаги туркий тилли аҳолига эса уйғурлар етакчилик қилиб келганлар. Уйғурларнинг сиёсий ҳукумронлиги ўрнатилган ҳудудларда уйғурлар тили, қарлуқ қорахонийлар ҳудудида IХ-Х асрларда қарлуқ тили устиворлик қилган. Натижада икки элат тили яъни уйғур ва ўзбек элати тили вужудга келган.

Кўриниб турибдики, VIII асрнинг II ярмидан эътиборан қарлуқ ва уйғур халқлари турли хил тарихий-этник муҳитда яшаганлар ва шу боис уларнинг тилларида бир қатор ўзгаришлар содир бўлган, бу ўзгаришлар тилнинг фонетик, морфологик ва лексик тузилишида ўз аксини топган. Хуллас, IХ-Х асрлардаги уйғур тили ҳамда ўзбек тилига асос бўлган қарлуқ тили бир-биридан анча фарқ қилар эди.

Айни вақтда, юқорида уқтириб ўтганимиздек ўзбек ва уйғур халқларининг узоқ тарихий тараққиётлари яъни илк тарихий тараққиётлари давомида ҳар икки этнос тили яқинлик қарор топганлигини ҳам, уларнинг тилини негизи бир эканлигини инкор этиш мумкин эмас. Шунинг учун эски ўзбек ёзуви тилида кўпгина қарлуқ ва чиғил тил элементлари бўлиши билан бирга унда бирмунча уйғур тил элементлари ҳам мавжуд эди. Аксарият тадқиқотчилар ўзбек ва уйғур тиллари орасидаги бундай яқинликни эътироф этадилар.

Бу хусусида тилшунос олим К.К.Юдахин ҳам таъкидлаб ўтган эди. У бу ҳақида қуйидагиларни ёзади: “Ўзбек диалектологияси билан шуғулланган киши ҳозирги замон уйғур тили билан ўзбек тилининг Тошкент-Фарғона группасига кирувчи шеваларда, шунингдек, Қозоғистондаги ўзбек шевалари орасида бир-бирига катта яқинлик борлигига эътибор бермай ўтиш мумкин эмас”. Ҳақиқатдан ҳам, ҳозирги ўзбек тилининг Фарғона группасига кирувчи, аниқроғи Наманган шаҳар тип ва Уйчи, Чартоқ шеваларида уйғур тилининг элементлари — айрим фонетик ва марфологик хусусиятлари ўз аксини яққол намоён қилади.

Уйғур тилига хос бундай жиҳатлар Наманган шевалари пайдо бўлишини, тилшунос олимларнинг аксарияти уйғур тилининг таъсири натижасида юзага келган деб тушунтирадилар ва улар уйғур тилига хос хусусиятларга эга бўлган ушбу шеваларни «уйғурлашган» ёки «умлаутли» шева деб юритадилар.

facebook.com