Улар келмади

Улар келмади
47 views
19 May 2019 - 7:00

 

 

УЛАР КЕЛМАДИ

Кўч-кўрони билан кетди Абдулла,
Ҳамма кетган келди, улар келмади,
Маматсафо кетди кўмак бермакка,
Кузатганлар келди, улар келмади.

Онасидан айри ётмас ўғлонлар,
Ё, Раб, кўрмадими, уларни эллар,
Адашган карвондек айланар йиллар,
Ойлар, йиллар келди, улар келмади.

Ҳатто, сиҳат топди, заҳар тотганлар,
Инжу олиб келди, қўйин сотганлар,
Олти ойлик йўлга Ҳажга кетганлар,
Ҳожи бўлиб келди, улар келмади.

Йироқдан, яқиндан бориб келганлар,
Бормидир уларни кўрган-билганлар,
Ҳиндистонда савдогарлик қилганлар,
Молин сотиб келди, улар келмади.

Тўсатдан йўлиқди дўл билан бўрон,
Барини юрт билан айлади вайрон,
Қай бирининг ёри изида ҳайрон,
Кўзлари йўлдадир, улар келмади.

Йиқилганнинг кўкси ердан қалқмасми?
Кетганлар келмасми, ғамнок кулмасми?
Ўтгандан, қайтгандан сўрсанг, билмасми?
Кутмаганлар келди, улар келмади.

Махдумқули, дарди қўймас ётмоққа,
Мўлжал ололмасман, сўраб кезмоққа,
Ердан овоз чиқмас қулоқ тутмоққа,
Кўрган-билган борми, улар келмади.

МАХДУМҚУЛИ
* * *
Туркманчадан Ислом Холбой ўзбекчалаштирди

facebook.com