Ғоявий бўшлиқларни тўлдириш зарурияти ҳақида

Ғоявий бўшлиқларни тўлдириш зарурияти ҳақида
46 views
27 May 2019 - 9:09

Мана уч йилдирки, муттасил равишда Фейсбук саҳифасида хилма-хил фикрларни ўрганиб боряпмиз. Хусусан, “Ўзбекистон тарихи” гуруҳида ҳам ҳамюртларимиз қанчадан-қанча фикрлар билдириб, ўтмишдаги воқеа-ҳодисаларга муносабат изҳор қилиб келмоқдалар.

Тарихчи сифатида шуни сездимки, кишиларда ғоявий очлик бор. Орамизда зардуштийликка, тангричилик динига эргашган бир-иккита ҳамюртларимиз ҳам топилди.

Тангричилик ибодатхонасини қуриш масаласини кўтарган ҳамюртимиз ҳам бўлди. Ҳозир тангричилик бир ғоявий оқим сифатида бошқа давлатларда оз бўлса ҳам мавжуд, балки ҳамюртимиз ўшалар таъсирида бўлгандир.

Зардуштийлик бу қадимда босиб ўтилган диний ғоя, бугун бизнинг у маросимларга амал қилишимизга асос йўқ ва уч минг йил олдинги эътиқод тури бугунги кунга умуман тўғри келмайди.

Бир укамиз “Муқаннаман Зардушт” деган аккаунт яратибди. Баъзилар диний тушунчани ўзига сингдириб олмоқда. Аслида уни бир тарихий маълумот сифатида ўрганиш керак. Бизнинг қон-қонимизга сингиб кетган дин бу исломдир. Ва у ҳақ ва тўғри дин, инсон маънавиятининг асосини шакллантирувчи муҳим таълимотдир.

Бугун қарашлари теран, ҳар бир воқеага мулоҳаза билан ёндашадиган, чуқур билимли, ўз соҳасининг устаси бўлган, турли салбий воқеалардан тўғри хулоса чиқариб ўз ҳаёт дастурини яратадиган, мана шу юртига, элига хизмат қиладиган, ота-боболарининг эзгу ишларини давом эттирадиган, икки дунё саодатига эриша оладиган, информацион урушлар даврида ўзининг қатьий позициясига эга бўлган авлод шаклланиши учун ҳаракат қиляпмиз. Бугунги давлат сиёсати ва жамиятнинг талаби ҳам шундай. Бу ерда айнан ғоявий курашлар кучайиб кетгани учун шу юрт фарзанди сифатида ёшларни ва оммани ўз миллий қадриятларимизга садоқат руҳида тарбиялаш, уларда ватанпарварликни шакллантириш, умуман маънавияти юксак инсон бўлишларига кўмаклашиш мақсадида ушбу гуруҳни тузганмиз.

Фуқароларимизда янги информацияга талаб кучли. Бу нимадан далолат беради? Бу қалбнинг ҳар куни янги маълумотга чанқоқлиги, унинг талабини қондириш заруриятидан келиб чиқади. Бу ердаги баъзи эҳтирослар, сабрсизлик билан қўпол равишда воқеаларга бир ёқлама баҳо бериш, танқидий фикрлар, ижобий ишларни тан олмаслик уларга етарли даражада эътибор ва маънавий тарбия берилмаганидан дарак бериб туради. Улар аслида бизнинг ойнадаги юзимиз ва нуқсонимизнинг турлари ва хилларини кўрсатиб туради.

Интернетда гўёки омма кўтарилаётганга ўхшайди. Бу тармоқда мисоли намойишлар ҳам бўлмоқда. Бир хабар яшин тезлигида жамиятни эгаллаб олмоқда. Одамларнинг уларга муносабати ҳам маънавий портлашга ўхшайди.

Бугунг халқимизни ва аввало ёшларни оғир-босиқлик ва мулоҳазага, яхши-ёмонни тўғри англашга ўргатиш кераклиги аён бўлмоқда. Маънавият масаласи ўткир эканлиги, иқтисод базис бўлгани билан унинг устида маънавият турганини, унинг ўта муҳим куч эканини яна бир бора долзарб масалага айлантирмоқда.

Ўтган йилларда ёшларга ва халққа етарли даражада ғоявий тарбия берилмаган, бундай одамлар қайсидир маънода хавфли бўлиши ҳам мумкин. Айниқса мустақилликнинг дастлабки 25 йилида улғайган ёшларнинг маънавий тарбиясига кам эътибор берилди. Улар орасида турли салбий иллатлар урчиди, улар қурган оилаларнинг кўпи қулади. Ғоявий очлик ва тўғри келган информацияни қабул қилиб олиш ва унга тақлид қилиш аслида жамиятдаги даҳшатли ҳодисадир. Жамиятдаги адолатсизликлар, катталарнинг ёшларга тескари ўрнак бўлиши, аввало етарли даражада билимга эга бўлмаслик, оммавий ахборот воситаларининг сериал ва қўшиқлардан иборат дастурлари, зерикарли мақолалар, зерикарли миллий ғоя матнлари инсонга зарур бўлган маънавий озуқани етарли даражада бера олмади. Ўша бўшлиқ ва ғоявий очлик олдинги хатолар ҳақида эслатиб туради.

Биз бу камчиликларни тўлдириш учун янги ақлли маънавий тизим ярата олишимиз, у тизим ҳамма ёшдаги инсонларни қамраб олиши керак. Бу борада Ўзбекистон тарихининг нурли саҳифалари, камчиликлари ва ютуқларини ёшлар ҳамда омма онгига яна-да кучлироқ сингдиришимиз, уларни бугунни ва келажакни ўтмиш ракурсида кўриб хулоса чиқаришга ўргатишимиз керак.

Бу борада оммавий ахборот воситалари ишини ҳам такомиллаштириш ва ақлли дастурлар яратишга йўналтирилиши лозимдир.

Шоҳиста Ўлжаева

facebook.com