Тилак Жўра камтар, хокисор, лекин гўзал шоир эди…

Тилак Жўра камтар, хокисор, лекин гўзал шоир эди…
35 views
27 May 2019 - 9:14

Бугун раҳматли, унли шоир Тилак Жўранинг туғилган куни. У худди Рауф Парфидай камтар, хокисор, лекин гўзал шоир эди. Тилак ака вафот этгандан кейин унинг тўнғич қизи узатилганди. Мен, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг котиби сифатида тўйга бориб ушбу шеъримни ўқиб бергандим.

ТИЛАК ЖЎРА ҚИЗИ НОДИРАНИНГ ТЎЙИДА ЎҚИЛГАН ШЕЪР

Тилаклари қолди Тилак Жўранинг
Оппоқ-оппоқ, яшил-яшил, ям-яшил.
Эртаклари қолди Тилак Жўранинг,
Ҳафиф-зариф, оғир саҳифаси зил.

Китоблари қолди Тилак Жўранинг,
Катта-кичик, очиқ-сочиқ, оп-очиқ.
Хитоблари қолди Тилак Жўранинг,
Гўзал-гўзал, тотли-нордон, кўб аччиқ.

Укалари қолди Тилак Жўранинг,
Қатор-қатор, узун-калта, тумонат.
Ўпкалари қолди Тилак Жўранинг
Ҳақчи-халқчи, қонли, қани адолат?!

Болалари қолди Тилак Жўранинг,
Дилбар-анбар, анвар, ёққувчи чироқ.
Нолалари қолди Тилак Жўранинг,
Ўтли-будли, юртли, оқувчи фироқ.

Қаламлари қолди Тилак аканинг,
Аламлари қолди-ғам оламлари.
Чанги чиқса, донғи чиқмас якканинг,
Мотами ортади, қатор шамлари.

Майсадан тўн тикди шеърларига у,
Сув эмас, нафасдан ўсгувчи гиёҳ.
Тимсоллар кўзига илинмас уйқу,
Баҳайбат харсангдан синар юмшоқ оҳ.

Фотиҳаси керак Тилак отанинг,
Келин либосида қизин кўзи тўрт.
Отанинг дуоси бўлса Ватанинг,
Оқ кийим келинга мангу оппоқ юрт.

Йиғлама, Нодира, ҳозир йўлларинг,
Фотиҳа берилар, бошлар эгилган.
Бугун оҳли дўстлар калта қўлларин
Тилак Жўра учун кўтариб келган.

Тўра Мирзо