Мадаминбек

Мадаминбек
27 views
28 May 2019 - 6:00

МАДАМИНБЕК

Мадаминбек, Муҳаммад Аминбек Аҳмадбек ўғли (1892, Марғилон яқинидаги Сўкчилик қишлоғи — 1920.14.5, Фарғона водийсидаги Қоровул қишлоғи) — Туркистонда совет режимига қарши кураш ҳаракати намояндаларидан бири (1918—20), Муваққат Фарғона ҳукумати раиси (1919—20). Бошланғич мактабда савод чиқаргач, маҳаллий бойлар ва русларнинг савдо дўконларида ишлаган. Биринчи жаҳон уруши арафасида подшога қарши фаолияти учун полиция томонидан қўлга олиниб, 14 йилга Сибирдаги Нерчинск деган жойга бадартға қилинган (1914). 1917 йил февраль инқилобидан кейин Мадаминбек озодликка чиққан.

“Шўрои Уламо” ташкилотининг раҳбарлари уни Марғилон шаҳри миршаблари бошлиғи лавозимига тавсия қилишган. Туркистонда большевиклар ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллагач, Фарғона вилояти ҳарбий комиссари К. Осипов уни Марғилон милицияси бошлиғи этиб тайинлайди. Бироқ совет режимининг сиёсати Мадаминбекни озодлик учун курашга ундаган. 1918 йил март ойининг бошларида у ўз милиционерлари билан большевикларга қарши курашувчилар сафига ўтган. Мадаминбек 1000 — 1500 йигит тўплаб, Марғилон ва Тошлоқ атрофларида қизил аскарларга қарши дастлабки жангларни бошлаган.

1918 йил январда Мадаминбек қўл остида 16000 кишидан иборат қўшин бўлган бўлса, ўша йил кузида уларнинг сони 30000 кишидан ортиб кетган. Мадаминбек халқ орасида катта обрўга эга бўлган. У водийдаги совет ҳокимияти органларига муқобил равишда ўз сиёсий бошқарув усулини ўрнатган. Андижон уездидаги Ойимқишлоқ (ҳозирги Андижон вилояти Жалолқудук, тумани)да бўлган Фарғона водийси қўрбошиларининг қурултойида (1918 йил ноябрь) миллий озодлик ҳаракати қатнашчиларининг Олий бош қўмондони этиб сайланган.

1918 йилнинг охиридаёқ мустақил ҳаракат қилишга уринаётган йирик қўрбошиларнинг фаолиятини Мадаминбек бошқаришга муваффақ бўлди. Мадаминбек йигитлари ўртасида ҳарбий интизом кучли эди. Унинг йигитлари қизил армияга қарши жанг қилиш билан бир қаторда босқинчи ва талончилардан иборат айрим маҳаллий кичик тўдаларга қарши ҳам шафқатсиз курашганлар.

Мадаминбек 1919 йил 2 сентабрда Жалолободда К. Монстров билан иттифоқ тузган. 1919 йил сентябрь — октябрда унинг қўшини Жалолобод, Ўш ва Марғилонни қизил аскарлардан озод қилган, бироқ Андижон учун бўлган жангларда енгилган. Мадаминбек Бухоро амири Сайд Олимхон ва Хива хонлигининг амалдаги ҳукмдори Жунайдхон билан қизил армияга қарши биргаликда курашиш учун музокаралар олиб борган. Афғонистон ва Туркияга ўз вакилларини жўнатган. Россиянинг Қашқардаги собиқ консули Успенский ва Буюк Британиянинг бош консули П. Эсертон оркали Европа давлатлари ва АҚШдан большевикларга қарши кураш олиб бориш учун иқтисодий ва ҳарбий ёрдам олишга интилган.1919 йилнинг 22 октябрида Помирнинг Эргаштом овулида бўлган йирик анжуманда Мадаминбек бошчилигида Фарғона муваққат мухторият ҳукумати тузилган. Мадаминбек ҳукумат бошлиғи бўлиш билан бир қаторда Олий бош қўмондон этиб ҳам сайланган.

Совет режими ва большевиклар миллий озодлик ҳаракатига қарши курашиш учун Россия марказидан доимий равишда Туркистонга янги-янги қизил аскар қисмлари ташланган. 1920 йил январь ойининг ўрталарига келиб Фарғона водийсида жанговар ташаббус вақтинчалик қизил армия қўлига ўтган. Мадаминбек вақтдан ютиш учун 2-Туркистон ўқчи дивизиясининг бошлиғи Н. А. Верёвкин Рохалский билан Скобелев (ҳозирги Фарғона) шаҳрида1920 йилнинг 6 мартида яраш битимини имзолаган. Мадаминбек билан бирга совет ҳокимияти томонига унинг ўнлаб қўрбошилари ва 3500 та йигити ҳам ўтган. Совет қўмондонлиги томонидан музокаралар ўтказиш учун қўрбошилар орасига юборилган Мадаминбек 1920 йилнинг 14 майида Холхўжа Эшон буйруғи билан қирғизларнинг Қоровул ўтлоғи атрофида хиёнаткорона ўлдирилган Унинг қабри ҳозирги Қирғизистон Республикаси ҳудуди — Олай водийсидаги Шиғай қишлоғида.

Мадаминбек совет режими даврида “босмачи” сифатида ноҳақ қораланиб, унинг фаолияти сохталаштирилган. Мадаминбекнинг серқирра фаолияти ҳақида Ўзбекистон, Италия, Германия, Туркия, Саудия Арабистони ва бошқа мамлакатларда текширишлар олиб борилмоқда.

facebook.com