Қўрқоқ ва лаганбардорларнинг “гуллаган” даври…

Қўрқоқ ва лаганбардорларнинг “гуллаган” даври…
61 views
28 May 2019 - 7:00

“Ўзингдан баланд амалдор нима деса — ана шуни бажар. Сўзсиз бажар. Аҳмоқона бўлса-да, бажар. Аблаҳона бўлса-да, бажар. Кўр-кўрона бажар. Ана шунда — ўсасан!

Ўзингдан баланд амалдордан… қўрқиб яша. Ўзингдан катта амалдор… етти пуштингни ҳақорат этиб сўкса, сен… кечирим сўра!

“…Муҳтарам зот”, “улуғ зот” “вич-вич” қўшимчалари билан аталувчи амалдордан қўрқ. Қўрқмасанг-да, ўзингни қўрққанга ол. Боиси, амалдор зоти… ҳайиқиб турувчи одамни ёқтиради. Амалдор зоти қўлини кўксига қўйиб турувчи одамни яхши кўради.

Бир қудратли амалдор… оталиғида бўл. Ана шу амалдорга қўл бер. Ана шу амалдорни пирим — шефим, деб бил. Ана шунда — кўтариласан!”

Ботир фирқа коммунист бўлибдики — ана шу ҳаёт мантиқларини шиор этиб олди. Ана шу ҳаёт мантиқларига амал этиб яшади. Оқибат — ҳузур-ҳаловат кўрди.

Ботир фирқани тағин нималар кутарди?

Қўрқув! Кимдандир қўрқув, нимадандир қўрқув: гап тегиб қолмаса эди. Шов-шув бўлиб кетмаса эди. Хўжайин билиб қолмаса эди. Ревизия келиб қолмаса эди. Охири вой бўлмаса эди…”

Тоғай Муроднинг “Бу дунёда ўлиб бўлмайди” номли романидан.

Шўро даврининг ана шундай “ҳаёт мантиқлари” афсуски, ўша тузум билан бирга йўқ бўлмади. Улар бугун амалда, ҳатто янада чуқур илдиз отган.

Балки бундай иллатларнинг пайдо бўлиши муайян тузумга боғлиқ эмасдир? Чунки, қўрқоқ ва мунофиқлар ҳамма замонларда ҳам бўлган. Лекин шундай тубан хусусиятлар кўз илғамас тарзда рағбатлантирилса, қўрқоқ ва лаганбардорларнинг “гуллаган” даври келади. Ўшанда ҳалоллик – айб, илм – нуқсон, сотқинлик – шараф, порахўрлик ва муттаҳамлик – ютуқ, дея баҳоланиши ҳеч гап эмас!

Дейлик, ўзи эгри ва ғирром йўл орқали мансабга минган бошлиқ жамоасида ҳалол, виждонли ходимларнинг шўри қурийди. Бундай раҳбар билимли, ҳалол инсонларни хушламайди, уларни ўзига хавф ва рақиб сифатида кўриб, доимо ҳадиксираб юради.

Пора билан мансаб эгаллаган кимса аввало, қандай бўлмасин, ўша сарфлаган маблағини ортиғи билан чиқариб олиш ҳақида ўйлайди.

Одатда, раҳбар шахсида билим, етакчилик, ташкилотчилик, холислик, адолат сингари фазилатлар мужассам бўлиши шарт, дея ҳисобланади. Амалда эса юқоридаги сифатларнинг ақалли чорак қисми топилмаганда ҳам, “муваффақият билан” раҳбарлик курсисида ўтирганларни кўп учратиш мумкин. Бундайларга “раҳбар” деган мақомнинг ўзи етарли, гўё. Қолаверса, “мансаб инсонни тарбиялайди”, деган фикр бежиз айтилмаган. Мансабдорнинг оддийгина гапи ҳикматли сўз ўрнида талқин этилиши, кулгули бўлмаса-да, бошлиқ айтган ҳангомага кўзлар ёшлангунча қаҳ-қаҳ отиб кулишларнинг боиси шунда. Бундай жамоада ташаббус ва доно фикрлар фақат бошлиқдан чиқсагина ярашади!

Бахтиёр Ҳайдаров