Ходим ўз ақли ва кўриниши билан раҳбариятни хижолат қилмаслиги шарт…

Ходим ўз ақли ва кўриниши билан раҳбариятни хижолат қилмаслиги шарт…
29 views
28 May 2019 - 9:00

1708 йилнинг 9 декабрида императори Пётр I қуйидаги мазмунда фармон чиқарган: “Ходим ўз раҳбари олдида аянчли ва аҳмоқсифат кўринишда бўлмоғи лозим. Ходим ўз ақли ва кўриниши билан раҳбариятни хижолат қилмаслиги шарт”.

Ўрис подшосининг ўша фармони ҳануз амалда, Россиядан ташқарида ҳам итоат этилиши айниқса ҳайратомуз! Президентимиз вилоятларга чиққанида ёки пойтахт манзилларида бўлсалар, у кишининг атрофида ниҳоятда хокисор, самимий, ташаббускор, серғайрат, итоаткор, адолатпарвар… хуллас, ижобий фазилатларини санаб саноғига етиб бўлмайдигандек қиёфали амалдорлар ўраб туришади. Улар Президентимизнинг гапларини кўзлари жовдираб, худди номаи аъмолини тинглагандек тинглашади. Ўзгача шиддат ва чанқоқлик билан дафтарларига нималарнидир тинимсиз ёзишади. Аммо негадир бажарилган ишлардан кўра, режалаштирилаётган “инновацион ғоялар”ни Президентга тақдим этишади. Бир-биридан ғаройиб лойиҳалар, корхоналар, обод қишлоқларнинг расмларини кўрсатиб, тўлиб-тошиб, ўта одоб билан сўзлаб беришади. “Мана шу лойиҳа орқали фалон мингта янги иш ўринлари яратилади, хориждан энг замонавий техника ва технологиялар келтирилади, маҳсулот ишлаб чиқариш фалон фоизга, даромад эса фалон миллиардга ўсади…” деган иборалар албатта айтилади.

Биринчи Президент даврида ҳам худди шу усул – лойиҳа ва режаларни раҳбарга кўрсатиш билангина ҳамма иш хамирдан қил суғургандек силлиқ “бажариларди”. Фақат режа ва лойиҳалар. Чорак асрдан бери шу манзара.

Президент топшириқ берса, итоаткор қиёфада чунонам ғайрат ва иштиёқ намоён этишадики, гўё Президент бу жойдан узоқлашмаёқ ҳаммасини муҳайё қиладигандек!

Амалда эса…

Бирор ишингиз тушиб, ҳузурига киришга уриниб кўринг-чи. Бамисоли ўқ ўтмас қўрғонга дуч келасиз (ҳаммасиям эмас, албатта). Тадбиркор дўкони бузилиши, фермер ери тортиб олиниши, аҳолининг арз-додлари каби арзимас нарсалар мана бу улуғвор лойиҳалар олдида нима деган гап?

facebook.com