Журналистдан жарангдор шапалоқ

Журналистдан жарангдор шапалоқ
62 views
28 May 2019 - 9:10

Журналистдан жарангдор шапалоқ

Зафарбек Солижонов ёзаяпти:

Fayzbog’ ва Tanqidchi.uz’ни қоралаган ички ишлар ходимига: «Ҳозир милицияга айтаман. Қамаб қўяди»

Постда газетасида ИИВ Терроризм ва экстремизмга қарши кураш бош бошқармаси етакчи мутахассиси, капитан Абдумалик Каримов Fayzbog’ ва Tanqidchi.uz ҳақида давлат сиёсатини обрўсизлантиришга қаратилган маълумотлар тарқатмоқда деб фикр билдирибди. Ғалати. Шу инсонга бир нечта саволларим бор.

Қашқадарёда 24 яшар қизни ичириб қўйиб, зўрлашга уринган ички ишлар ходими эмас, Tanqidchi.uz ёки Fayzbog’chi’ларданмиди?

Бўстонлиқда 2018 йилнинг июль ойида соат 22:00 кейин ҳуқуқий ҳужжатсиз оғзаки топшириқ билан дўконларни ёптирган ички ишлар ходими эмас, Tanqidchi.uz ёки Fayzbog’chi’ларданмиди?

Ўтган йили Асакада тадбиркорнинг 6 та қовурғасини уриб синдирган ички ишлар ходими эмас, Tanqidchi.uz ёки Fayzbog’chi’ларданмиди?

Фарғонада ўтган йили ухлаб ётган хотини, қайнона-қайнотасини пичоқлаган собиқ чики ишлар ходими эмас, Tanqid.uz ёки Fayzbog’chi’ларданмиди?

Бухорода фуқароларнинг қўй-эчкиларини судсиз мусодара қилган ички ишлар ходими эмас, Tanqidchi.uz ёки Fayzbog’chi’ларданмиди?

Гулистон давлат университети талабаси бўлган 23 ёшли маҳбубасини ўлдирган ички ишлар ходими эмас, Tanqidchi.uz ёки Fayzbog’chi’ларданмиди?

Фарғона вилояти Учкўприк туманида ички ишлар капитани улфатчилик вақтида ўз ҳамкасблари томонидан эмас, Tanqidchi.uz ёки Fayzbog’chi’лар томонидан пичоқланганмиди?

Самарқанд вилояти Ургут туманида буғдой режасини бажаролмаётган фермерларни бир сафга қўйиб, аёвсиз калтаклаб келган ва жиноий жавобгарликка тортилган ички ишлар ходими эмас, Tanqidchi.uz ёки Fayzbog’chi’ларданмиди?

Фарғонада 170 га яқин маҳкумлар билан профилактика-назорат ишларини олиб боришда кўзбўямачилик қилган ва прокуратура буни фош қилган ички ишлар ходими эмас, Tanqidchi.uz ёки Fayzbog’chi’ларданмиди?

Қашқадарёда кунлик пахта нормаси бажармаган 30 га яқин фермерни қамаб қўйган ички ишлар ходими эмас, Tanqidchi.uz ёки Fayzbog’chi’ларданмиди?

Самарқандда ўғриликда гумонланган аёлни қип-яланғоч ечинтирган ички ишлар ходими эмас, Tanqidchi.uz ёки Fayzbog’chi’ларданмиди?

Нурафшон ҳокими учун дам олаётган кафедан ўнлаб одамларни чиқариб юборган ҳам ички ишлар ходими эмас, Tanqidchi.uz ёки Fayzbog’chi’ларданмиди?

Тошкент вилояти Зангиота туманида қиморбозлардан «чўтал» олиб турган ички ишлар ходими эмас, Tanqidchi.uz ёки Fayzbog’chi’ларданмиди?

Наманган ва Марғилонда Аллоҳнинг уйи бўлган масжидга ёш болаларнинг киришига тўсқин бўлаётган ички ишлар ходими эмас, Tanqidchi.uz ёки Fayzbog’chi’ларданмиди?

Бухорода фуқарога адашиб йўл ҳаракати қоидасини бузгани ҳақида 1 миллиард 13 миллион сўмдан ошиқ миқдордаги жарима юборган ички ишлар ходими эмас, Tanqidchi.uz ёки Fayzbog’chi’ларданмиди?

Яқинда араб тили ўқитиладиган тил марказларини ҳеч қандай ҳужжатларсиз, текширувлар китобига ёзмай, бир неча марта ноқонуний текширган ҳам ички ишлар ходими эмас, Tanqidchi.uz ёки Fayzbog’chi’ларданмиди?

2019 йилнинг 6 апрель оқшомида Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, Муқимий шоҳ кўчасида хизмат машинасида кетаётиб, бир аёлни уриб юбориб болаларини етим қолдирган ҳам ички ишлар ходими эмас, Tanqidchi.uz ёки Fayzbog’chi’ларданмиди?

Яқинда ичиб маст ҳолда давлат формасида дискотекада ўйнаётган ҳам ички ишлар ходими эмас, Tanqidchi.uz ёки Fayzbog’chi’ларданмиди?

2019 йилнинг 17 май куни Жиззахда фуқаронинг машинасини авария қилиб унга мулкий зарар етказган ҳам ички ишлар ходими эмас, Tanqidchi.uz ёки Fayzbog’chi’ларданмиди?

Бўлар сўнгги бир йилда эсимга тушганлари холос. Бунақадан нечта? Ўтган йили худди шу газетанинг 29 август сонида ва кейинроқ яна президент томонидан ички ишлар ходимлари касб маҳорати паст даражада қолаётганлиги танқид қилиниб тегишли вазифалар топширилганди. Улар бунга амал қилишмоқдами? Менимча соҳа ҳали ҳам ислоҳотга муҳтож.

Тўғрисини айтсам, ички ишларда сиздек инсонлар борлигидан баъзи одамлар ҳали ҳам боласини қўрқитишда фойдаланишади. «Ҳозир милицияга айтаман. Қамаб қўяди». Таниш жумла эмасми? Адашмасам, аввал бошидан бу ташкилот инсонларнинг ҳимоячиси сифатида ташкил қилинганди. Ўзгарайлик энди!

Илтимос, асоссиз гапиришдан аввал ўзимизни ислоҳ қилайлик. Эскича фикрлашдан воз кечайлик. Тўғри, ҳақиқий ватанпарвар ички ишлар ходимлари ҳам бор. Ўйлайманки, улар сиздек фикрламайди.
Файзбоғ ўзбекча facebookдек гап. Эркин платформа. Танқидий ва асосли фикрлар улашилади холос. Ахир бизда сўз эркинлиги конституция ва бошқа қонунлар билан кафолатланмаганми?

Kun.uz журналисти Зафарбек Солижонов

facebook.com