Муҳаммад Солиҳнинг китоби учун жазоланган шоир ҳикояси

Муҳаммад Солиҳнинг китоби учун жазоланган шоир ҳикояси
80 views
28 May 2019 - 9:38

Ички ишлар вазирлиги тергов департаменти Хоразмлик шоир ва журналист 56 яшар Махмуд Ражабга нисбатан диний экстремизмни тарғиб қилувчи материаллар контрабандаси бўйича жиноят ишини 30 апрел куни иш очди.

Жиноий ишга асос қилиб, 26 март куни Тошкент аэропортила Маҳмуддан олиб қўйилган китоб ва аудио материаллар киритилган.

Ўша куни у Грузиядаги семинардан Истанбул орқали қайтган ва мухолифат лидери Муҳаммад Солиҳ китобларини ўзи билан олган.

Мусодара қилинган китоблар орасида Муҳаммад Бекжоннинг қамоқда ўтган кунлари ҳақидаги “Алвидо Жаслиқ” китобининг бир неча нусхаси ҳам бор эди.

Тергов департаменти расмий билдиришида ёзилишича, китоблар ҳамда бир дона “Mi 5+” русумли уяли телефон аппарати хотирасида диний мазмундаги, ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материаллар (видео, аудио ёзувлар ва электрон китоблар) борлиги аниқланган.

Маҳмуд Ражаб 27 май куни “Элтуз” мухбирига берган интервьюсида эса уйида тинтув ўтказилган пайтда ҳам унга жиноий иш очилгани ҳақида айтишмаганини билдирди:

“Улар бирорта саволимга жавоб беришмади. Ўзларини таништиришмади. Ҳужжатларини кўрсатишмади. Мен тинтув давомидаям “Бошлиқларингиз ким?”, “Ким бўласизлар?”, “Қайси идорадансизлар?”, деган саволларимга ҳам жавоб беришни истамади улар”.

Махмуд Ражаб, бу китобларга ўзбек зиёлилари орасида катта қизиқиш борлиги учун Истанбулдан олиб келганини айтади.

Маҳмуднинг дўстлари ва ҳамкасблари эса, у ўз ҳаёти ва ижоди билан ҳар қандай экстремизмдан йироқлигини намойиш қилаётганини билдиришади.

Маҳмуд Ражаб эса китоблар бир баҳона экани, аслида унга нисбатан босимларга Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга қарши фаолияти сабаб бўлганини айтмоқда.

Маҳмуд Ражабнинг фикрича, унга қарши иш очишдан яна бир мақсад унинг атрофидагиларни қўрқитишдир.

“Бу воқеаларни уюштиришдан мақсад мени қўрқитиш эмас. Чунки менинг қўрқмаслигимни улар яхши билишади. Бошқаларни қўрқитиш бу. Менинг атрофимда дўстларим кўп. Одамларни қўрқитиш. Халқни қўрқитиш уларнинг мақсади.”

Маҳмуд яшаётган “Нурли йўл” Маҳалла фуқаролар йиғини раиси унинг бирор диний экстремизмга алоқадор эканлигини инкор этмоқда.

Маҳмуд Ражаб тинтув пайтида китоблари, ишлатилмаган СД дисклари ва унинг янги қўл телефонидан ташқари сиёсий варақа дея расмийлаштириб етти варақ қоғозни ҳам мусодара қилишганини айтади.

ИИВ сайтида эълон қилинган расмий билдиришга кўра, тинтувда олинган ашёлар юзасидан тегишли (диншунослик, суд-сиёсатшунослик-лингвистик, компьютер-техник) экспертизалар тайинланган.

Манба: Eltuz.com