Истанбулнинг фатҳ этилиши

Истанбулнинг фатҳ этилиши
24 views
29 May 2019 - 7:59

1453 йилнинг 5 апрель куни Султон Фотиҳ Маҳмат ўзининг 100 минг кишилик қўшинини Тўпқопида тўхтатиб қамал бошлади. Эртаси тонгда улкан тўплардан ўт очишга буюриб ҳужум бошлади ва бу билан ёш саркарда ўзининг доҳиёна бошқарув қобилиятини намойиш этди. Кундан-кунга мусулмонлар қўшини шаҳарнинг метин деворларини емиришга ҳаракат қилишди. Бироқ, византияликлар баланд ва мустаҳкам деворларида туриб қорамой, қайноқ сув, тош ва камон ўқлари ёғдирган ҳолда душманларидан ҳимояланишди. Мусулмонлар деворнинг бирор жойи қулаб тушишидан умид қилган ҳолда узоқдан тўпга тутишда давом этишди. Шу билан бирга султоннинг фармонига биноан девор остига порох қўйиб портлатиш учун лаҳм қазиш буюрилди. Бироқ, византияликлар бу режадан хабардор бўлиб унинг амалга ошишига имкон беришмади. Султон Фотиҳ Маҳмат бундан саросимага тушмади ва византияликларга кутилмаган зарба берди. У баландлиги Истанбул (Константинопол) деворларидан юқори бўлган улкан ёғоч миноралар қуришни буюрди. Баҳайбат аравалар устига ўрнатилган миноранинг ёғочларига ёниб кетишдан асраш мақсадида нам тери тикиб чиқилди. Унинг юқорисидаги супачага эса аскарлар жойлаштирилиб тобора девор томон яқинлашиб боришди. Византияликлар ёғочдан ясалган бундай қурол олдида саросимага тушган бир пайтда мусулмон аскарлари деворга етиб бориб, шаҳарнинг олд деворини бузишга муваффақ бўлишди. Узоқ давом этган қақшатқич жангдан сўнг византияликлар мусулмон ҳукмдорининг бу кашфиётини ҳам йўқ қилишга муваффақ бўлишди.

Мана навбатдаги мувоффақиятсизлик ва бунинг олдида жуда кўп саркардалар ғалабага бўлган ишонч ва умидлари пучга чиққан бўлар эди. Муҳаммад Фотиҳ Маҳмат эса, Аллоҳ Таъолога таваккул қилиб, Ундан нусрат ва ғалаба сўраб илтижо қиларди. Зеро Аллоҳ Таъологина ғалаба ато қилиши мумкин. Ўша даврда ҳеч бир саркарда хаёлига келмаган нарса Султон Фотиҳ хаёлига келади. Унинг режаси бир неча қайиқларни қуруқлик орқали, Босфорда жойлашган Бешиктош деган жойдан асосий кириш жойидаги занжир ҳамда византияликлар флотидан узоқроқ бўлган Олтин Мугузга ўтказишдан иборат эди. У қалъа деворлари ичида энг заиф жой Олтин Мугузда эканини жуда яхши билган.

Қуруқлик бўйича ўтилиши керак бўлган масофа уч милни ташкил этарди! Ҳеч қанақа шароит йўқ, ердаги тупроқ шиббаланмаган, йўл ва асфальт деган нарса умуман йўқ эди. Фотиҳ Маҳмат ерни текислаб йўл ётқизишга амр берди. шундан сўнг у ерга тўсинларни ётқизиб, кемалар уларнинг устидан осон сирпаниб ўтиши учун ёғ билан суркашни буюрди. Ислом лашкарларининг бақувват ва чайир эркаклари Босфор кўрфази сувларидаги кемаларни қуруқликка чиқаришга ҳамда Олтин Мугуздаги хавфсиз жойгача узоқ масофага кўчиришга киришдилар. Бу ишларнинг ҳаммаси бир кечада амалга оширилди. Келгуси куннинг тонгида, қуёшнинг илк нурлари таралиши биланоқ Олтин Мугузда пайдо бўлган етмиш иккита кемада Султоннинг туғлари ҳилпирай бошлади. Кемалар ичида тиш-тирноғигача қуролланган ислом лашкарлари Аллоҳга такбир айтган ҳолда Аллоҳнинг фатҳи боис шодлигини изҳор этарди. Ушбу манзарага кўзи тушган румликлар имконсиз нарсанинг амалга оширилишидан шунчалик лол қотдиларки, руҳан тушкунликка юз тубан тутдилар.

Византиялик бир тарихчи: “Бунга қадар бунга ўхшаш нарсани кўрмаган ва эшитмаган эдик. Фотиҳ Маҳмат ерни денгизга айлантирди ва унинг кемалари тўлқинлар ўрнига тоғлар орасидан сузиб ўтди. Бу амали билан у Буюк Искандардан ҳам ошиб тушди. Ҳеч кутилмаган ушбу ҳарбий ҳаракат жанг наттжасини ҳал қилди, дейиш мумкин”, деб ёзган эди.

1453 йил 29 май, сешанба куни Султон эрталабки намоздан сўнг ўз аскарларига Аллоҳ Таъолога холис илтижо қилиб дуо қилишларини сўради. Намоздан сўнг, баланд янграган такбир садолари остида ҳужум бошланди. Ўз аскарларини ғалаба билан табриклаган Султон уларга: “Алҳамдулиллаҳ, Аллоҳ Таъоло шаҳидларни раҳматига олсин ва мужоҳидларга шон-шарафлар бўлсин, буюк Ислом умматига эса, шон-шавкат ва иззат ато қилсин”, дея зитоб қилди. Сўнг у ўз отидан тушиб, Аллоҳ Таъоло тарафидан ато этилган ғалаба учун саждага йиқилди. Аллоҳ йўлидаги ажойиб ғалабаси ва Константинополни ишғол қилгани учун мусулмонлар Султон Маҳматни Фотиҳ, деб атай бошладилар.

Абу Иброҳим ибн Юсуф “Ислом эътиқоди” китобида, “Истанбул (Константинопол) фатҳи” бобида ёзади: “Аллоҳ субҳанаҳу ва таъоло томонидан ғалаба ато қилингандан кейин, Султон Фотиҳ Маҳматнинг биринчи қилган иши, саждага бошини қўйиб, мусулмонларга очиқ фатҳ ва мулк бергани учун Аллоҳга шукрона келтирди. Қўшин шаҳарга кирганда, кўпчилик деворларнинг тепасига кўтарилиб, румликларнинг байроқларини юлиб ташлаб, уларни ўрнига ислом байроқларини ўрнатишни бошлашди. Бу ғалаба онларида ўнлаб мужоҳидлар шаҳарнинг энг баланд минораларидан азон чақира бошладилар. Султон Фотиҳ Маҳмат шаҳар марказига келганда, тўхтади ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг башоратлари рўёбга чиққанлиги тўғрисида хитоб қилди ва “Албатта Истанбул (Константинопол) фатҳ этилажак, унинг амири қандай ҳам яхши амир ва уни эгаллайдиган қўшин қандай ҳам яхши қўшиндир” ҳадисини айтди”.