Ҳа, Онам-а

Ҳа, Онам-а
34 views
31 May 2019 - 7:00

Каримберди Турамурод:

Эсимга тушган нарсани қаранг. Ўтириб-ўтириб, отамнинг қассоблиги эсимга тушиб кетди. Отам раҳматли қўйларнинг терисини жуда тозалаб шилиб оларди.

Онам раҳматли эса шу теридан ҳам ёғларни шилиб оларди. Пишириб еса бўладиган бир нималарини шилиб оларди.

Нега эсладим?

Ўзбекистонда ўқиш пулли бўлди. Ўқишга кирганлардан катта пул терилди.

Ўзбекистонда контракт пули деган нарса ошгандан ошиб кетаверди. Пул терилаверди.

Ўзбекистонда паспортлар алмаштирилди. Фалон пулдан териб олишди.

Ўзбекистонда паспортни биометригига алмаштиришди. Пул теришди.

Ўзбекистонда ОВИР стикерини жорий қилишди. Пул теришди.

Ўзбекистонда “Загранпаспорт” жорий қилишди. 243.276 сўмдан олишаяпти.

Ўзбекистонда ҳайдовчилик гувоҳномаларини алмаштиришди. Пул теришди.

Ўзбекистонда машиналар рақамлари алмаштирилди. Пул теришди.

Ўзбекистонда Машина рақамларининг “зўри” сотиладиган бўлди. Ўҳ-ҳў йиғишаяпти.

Ўзбекистонда машиналарнинг ойнасини қорайтириш ҳам сотиладиган бўлди. Пулга!

Ўзбекистонда кундуз куни чироқ ёқиб юриш жорий қилинди. Онам раҳматли айтарди: “Кун кўрмаган кундузи чироқ ёқади”. Чироқ ёқмаганлардан аёвсиз пул йиғишаяпти.

Ўз уйимизга эгалик ҳуқуқи сотиб оларканмиз, қизиғи, ҳар беш йилга. Фалон пулга.

Ўз ҳовлимиздан сув қазиб чиқарсак, сувга, қуёш батареяси қўйсак, ишлаб чиқарган электр энергиясига солиқ тўларканмиз. (Яхшиям чиқарган газимизни ўлчай олишмайди…)

Ҳа, онажоним-а, отам тозалаб шилган қўй терисидан нималарни шилиб олар эдингиз-а?

Ватан ҳам она-да. Она-Ватан деймиз-ку?!

Ҳа, Онам-а!

facebook.com