Ё кўзим доғлиқ

Ё кўзим доғлиқ
26 views
01 June 2019 - 12:28

 

 

Ё КЎЗИМ ДОҒЛИҚ

Эй воҳ ким, толеим шундоғ яралмиш –
Умр саҳнасида қўлларим боғлиқ.
Табиат мусаввир эмас, дунё дун,
Ё юрагим мажруҳ, ё кўзим доғлиқ.

На ишққа топиндим, на дарддан халос,
Не тонг, жунунлиқ ҳам бўлмади раво.
Хасдек жонимга-ку, ачинмасман ҳеч,
Ё кун қаро, ё тун бўлди мосуво.

Замин асли менинг кесилган бошим,
Мен ёноқ излаган дайди кўз ёшман.
Оёқлар остидан юраман қочиб,
Ё энди қаридим, ё жуда ёшман.

Қувилган ҳисларим бўғзимда ханжар,
Юракдан бош олиб қайларга кетай.
Йўқликдан бор этдинг, қудратли Тангрим,
Ё замон, ё имон измини тутай.

Замин асли менинг кесилган бошим,
Мен ёноқ излаган дайди кўз ёшман.
Эй воҳ ким, толеим шундоғ яралмиш…

Ислом Холбой
“Ҳижрон азоби” Шеърлар китоби, 
Тошкент, “Ёзувчи нашриёти”, 1998 йил

facebook.com