Қозоғистон билан фарқимиз ҳақида

Қозоғистон билан фарқимиз ҳақида
71 views
03 June 2019 - 19:09

Нафақат Ўзбекистонга, балки Қозоғистонга ҳам Суриядан болалар ва аёллар қайтарилмоқда. Ҳатто шу вазиятда ҳам Қозоғистон Ўзбекистонга нисбатан олдинда эканлиги кўриниб қолгандек.

Мана, қозоғистонлик аёллар ва болалар Суриядан қайтарилгани ҳақида Tengrinews’да чиққан хабарлар (ичида фото ва видеолари ҳам бор). Барида аёллар ва болаларнинг юзлари яширилган.

Баъзи ўринларда фото ва видеоматериалларни тайёрлаганларнинг ўзи суратлардаги юз-кўзларни яшириб чиққан, бошқа жойида эса аёллар самолётданоқ юзини яшириб, ниқоб ўраб тушиб келганини кўриш мумкин.

Биз эса БМТ вакили огоҳлантирмагунича, очиқ-ошкора тарқатавердик суратларни. «Ўзбекистон 24» эса бутун бошли репортаж тайёрлаган ва унда ҳамма аёллар ва болаларнинг юз-кўзларини эслаб қолиш мумкин.

Ваҳоланки, улар келиши билан ўлиш, келиши билан тирик мурдага айланиш учун эмас, яшаш учун қайтган Ватанга. «Жамиятга қўшилиши учун ёрдам берилади», дейишяпти, лекин бошидан халал бериб бўлинди.

Шунақа. Ҳатто шу — этика, шахсий дахлсизлик масалада ҳам Қозоғистон Ўзбекистондан кўра илғорроқ (қолган масалалар, қолган соҳалар ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади).

Муҳрим Аъзамхўжаев