ҲАҚИҚАТЛАР КУНИ КЕЛДИ!!!!!

ҲАҚИҚАТЛАР КУНИ КЕЛДИ!!!!!
22 views
13 June 2019 - 21:01

Ассалому алейкум, мени эшитаётган, ўқиётган барча яхшилар!

Бугун мен – Саид Абдулазиз Юсуповнинг онаси Сизларга “Ҳақиқатлар куни келди” рукнини қилишга қарор қилдим. Яхшилар учун бу рукним, ҳақиқат осмонига назар бўлса, ёмонлар учун уларга отилган аччиқ тош бўлади!

Мени хозир ўқиётган, эшитаётган, кўраётган хар бир инсон, хар бир аёл, хар бир она, ёшидан ва жинсидан қатьий назар, менинг, ўғлимнинг, оиламнинг тақдирига бефарқ бўлмаган хар бир кузатувчи ўзига яраша хулоса қилсин дейман. Мен боламни Аллоҳдан, тилаб, сўраб, йиғлаб олганман. Унинг ҳаётининг хар бир дақиқасида ёнида жисман бўлмасамда, руҳан бирга бўлганман. Саид Абдулазизни ҳаётидаги хар бир кичик ходиса, хар бир сониясини эслайман. Биринчи сўзи, биринчи қадами, биринчи мухаббати, биринчи тамаки чаккан куни, биринчи қилган хатоси, биринчи оқ сочи. Хар бир она буни эслайди. Бир мен эмас. Фарзандига хар куни «Тур болам, сени Ватанинг, Сени Президентинг кутаяпти» деб уйғатиб, фарзандига қилаётган тўғри иши учун келаётган таҳдиду таъқиқлардан қўрқмасдан, «Аллоҳ сен билан, сени миллатингга, Президентинга, Ватанингга хизматга жўнатаяпман, мевали дарахтга тош отиладида» деб хар доим далда берган, оқ фотиҳа бериб уйдан чиқарвориб, уни орқасидан 8 та Давлат одамини уйда тинтув қилиш учун кириб келганда, жондан азиз фарзандини кўчада шармандаларча олиб кетишганини қўшнилардан эшитса – хар бир она учун ўша кун фожеа, узоқ давом этаётган аламли ва қўрқинчи тушдек бўлади. Айтинг яхшилар, Сиз шундай даҳшатга тайёрмисиз? Фарзандингизни оқ ювиб, оқ тараб, қийинчиликлар билан катта қилиб, ҳалол, Аллоҳдан ўзгасидан қўрқмас, фақат эътиқодига, фақат иймонига, фақат ўз кучига ишониб яшашни ўргатиб, давлатга ишониб хизматга берган оналар, оталар, Сиз шундай кунга тайёрмисиз? Ўғлингизни ёки қизингизни кунлаб кўрмасангизу, фарзандларини, оиласини олдида, бошингизни тик қилиб, отанг, турмуш ўртоғинг Ватанига хизмат қилаяпти, деб уларнинг, ўзингизнинг соғинчингизни хисобга олмасдан, чидаймизда деб бутун умр яшасангизу, фарзандингиздан садоқатли ит ясаб олганлар, уни шармандаларча олиб кетишса, қилган меҳнатларини бекитиб, халқ, эл олдида туҳмат қилиб бутун оилангизни, шаънингизни, номусингизни иснодга қолдирса, Сиз шундай қурбонликка тайёрмисиз?
Фарзандингизнинг ширин боласи, фарзандингизданам азиз набираларингиз нима бўлаётганини тушунмасдан, кўзларида қўрқув, даҳшат, саросимани кўришга тайёрмисиз? Чет элда ўқиб юрган фарзандларингиз ўз акасини ҳимоясига шайлангани учун, бутун умр Ватанига қайтиб келишдан, дийдоригизга тўйишдан мосуво бўлишга, бир фарзанд ортидан, тирик бўла туриб, яна икки фарзандни ҳам бутун умрга йўқотишга тайёрмисиз? Ҳеч бир она, ҳеч бир ота, ҳеч бир аёл, ҳеч бир фарзанд тайёр бўлмайди бундай фожеага!

Мен ҳам тайёр эмасдим. Турмуш ўртоғим ҳам тайёр эмас эди. Мен бутун умр, жуфти ҳалолини, фарзандларини ортида турган, кўринмас бир ожиза эдим. Бу воқеалардан сўнг, шундоғам соғлиги жойида бўлмаган турмуш ўртоғим йиқилди, адои тамом бўлди. Хўш айтинг, суянган тоғи, таянганидан ажралган, бир оила тарқаб кетиши керакмиди? Йўқ, мен бунга йўл қўймайман! Мен фарзандимни, оиламни, бахтимни, ор номусимни шунчаки бериб қўймайман қузғунларга! Мен ортиқ ожиза эмасман, мен яраланган она шерман. Яраланган шер яраланмаганидан анча кучли бўлади. Ўғлимни олиб кетишган илк кунларда набираларимга кўчага чиқишга ҳеч қандай тўсқинлик қилмадим, бошингни тик тут, даданг қайтиб келади дедим. Жамиятдан ажратмай дедим. Лекин болалар ҳам вахший бўлар экан. Кўчадан йиғлаб келган набирам, ойижон, адам Шифохохонада эмасмиди деган қўрқинчли саволи юзимга туширилган шапалоқдек бўлди. Қўркиб кетдим, ҳали шахс сифатида шаклланаётган онг, руҳияти кучсиз бўлган набираларимни ҳам йўқотиб қўяманми деб қўрқдим. Таҳдидлар бошланди.

«Набираларингиз бор экан, эҳтиётроқ бўлинг, қўлимиз узун» деб қўрқитишди, қўнғироқ қилиб рақамсиз номердан. Кичкинтойларимнинг ҳаётидан қўрқдим, кўчага, хатто дўконга чиқармай қўйдим. Бир набирам, шунчалик қаттиқ сиқилганидан 2 кун бурнидан тинмасдан қон оқди! Сиз бу даҳшатни кўтара оласизми? На шифокор чақира олдим, ва на шифохонага олиб бора олдим, қўли узунларнинг қўли етмасин дедим шу норасидага. Аслида шу 4 норасида уй қамоғида ўтирибди. Улар учун ҳукм ўқишди, ўғлимни олиб кетганлар.
Турмуш ўртоғим ҳам бутун умр ҳалол яшади, ҳеч бир ҳокимият, ҳеч бир куч тўхталомас эди уларни адолатсизлик олдида. Шунинг орқасидан қанча қийинчиликларни бошдан ўтқаздик, шулардан хулоса чиқариб, нега ўғлимни бошқача тарбияламадим? Нега отаси: «Мен бутун умр молу дунё, давлат йиғмадим, мен бутун умр китоб йиғдим, илм йиғдим, сен ҳам менинг болам бўлсанг шундай яшайсан» деганида нега тўхтатмадим уларни?

Туҳматлар, бўхтонлар гирдобида яшаяпман. Мен кимман ўзи деб тинмасдан савол бераман ўзимга ўзим. Асли мен эмасми жиноятчи? Мен жиноят қилмадимми боламни шундай тарбиялаганим учун? Бугун унинг 4 норасидаси, оби замзамдек пок аёли оиласининг бошидан ажралиб қолганлигига мен сабабчи эмасманми? Чел элда ўқиб юрган болаларимнинг ҳақиқат орқасидан ватангадо бўлиб қолаганлиги сабачиси- мен берган тарбия эмасми? Ўғлимга жиноятчи тамғасини босганлар, ўғлимга фирибгар, жосус, хоин террорист номини бермоқчи бўлаётганлар, мени жазоланг, мен сабабчиман унинг тўғрисўзлигига. Хар куни 5 маҳал намозимда дуо қиламан, нафақат ўғлимни, хар бир Ватанига хизмат қилаётган фарзандни. Хар куни кечирим сўрайман Аллоҳдан, фарзандларимдан, набираларимдан, жонимдек азиз келинимдан. Хар куни кечирим сўрайман, бўлаётган адолатсизликларга чидолмасдан, жим туролмаган хар бир мўъмин мусулмондан, ёнимизда турган хар бир яхшидан. Бизни кечиринг! Мени кечиринг!

Бу менинг сизга «ҳақиқатлар куни келди» рукни остида қилаётган биринчи мурожаатим.
Хар бирингизга Аллоҳдан икки дунё саодатини сўраб қоламан!

Muxammad Bahouddin Yusupov

facebook.com ижтимоий тармоғидан олинди