“Адабиëт газетаси” Каримов даврини қоралаганликда айбланди

“Адабиëт газетаси” Каримов даврини қоралаганликда айбланди
64 views
20 June 2019 - 19:40

“Мавжуд тузумни қораламанг”, “Ислом Каримовни танқид қилманг”, “Муҳаммад Солиҳ номини тилга олманг”.

Бундай буйруқлар “Адабиëт газетаси”нинг жорий йил май ойидаги сонини ўрганиб чиққан Ўзбекистон президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги тақдимномасида акс этган.

Газета бош муҳаррири Бахтиëр Каримовга юборилган тақдимномада Агентлик “Ислом Каримовнинг номини қоралашга уриниш” ва мухолифатчи шоир “Муҳаммад Солиҳга бўлган эҳтиром очиқ билдирилганлиги” қонун бузилиши дея малакаланади.

Шунингдек, агентлик тақдимномасида шоир Ҳамроқул Асқарнинг газетада нашр қилинган шеърида “Эркакларнинг ярми мардикор” деган жумласи жамият онгига салбий таъсир қилаëтгани таъкидланади.

Айбловга нишон бўлган газета муҳаррири Бахтиëр Карим мазкур ҳужжатни “1937 йил услубидаги цензура”, дея қоралади.

Озодлик суҳбатлашган агентликнинг икки мулозими ўз идорасининг цензура билан шуғулланмаслигига Озодлик мухбирини ишонтиришга уринди.

Улардан бири эса “бу хужжат қандай қилиб Озодлик қўлига тушиб қолган”ини билишга қизиқди.

Ҳужжат охирида “Қонунбузарликка йўл қўйган маъсул ходимларга нисбатан интизомий чора қўллаш” талаб қилинади.

Газета Бош мухаррири Бахтиëр Раҳим Озодлик билан суҳбатда “Битта ўзи ишлашини” айтади:

– Демак ўзимга ўзим чора кўрар эканман.

“Ислом Каримовни танқид қилманг”

Озодлик Ўзбекистон президенти администрацияси ҳузуридаги ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг 31 май куни 05-66 рақам билан “Адабиëт газетаси”га юборган тақдимнома нусхасини қўлга киритди.

Адабиëт газетаси

“Адабиёт” газетасини айблаган ҳужжат (Кўриш учун сурат устига босинг ва ҳужжатни юклаб олинг)

​Олти варақлик тақдимномани агентлик директорининг биринчи ўринбосари Аваз Ходжиметов имзолаган.

​Хужжатда таъкидланишича ¸ “Адабиëт газетаси” ўз саҳифасида Ислом Каримов даврини салбий талқин қилгани Ўзбекистон қонунларининг бузилишидир.

Айни ҳужжатда шоир Ҳамроқул Асқар шеъридаги “Эркакларнинг ярми мардикор. Қолганлари бир-бир қамоқда” деган жумласи “ижтимоий онгни бузадиган сатр”, дея қораланади.

Шунингдек, собиқ давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқовнинг “Адоқсиз ўйлар” мақоласидаги “яккаҳокимлик балоси” деган сатр агентлик хулосасига кўра¸ “Каримов раҳбарлик қилган даврни қоралашга ҳизмат қилади”.

Муҳаммад Солиҳ номини ёзманг”

Тақдимномада “ўзи хорижда туриб Ўзбекистон республикаси сиëсатига қарши кескин фикрлар билдириб келаëтган Муҳаммад Солиҳ номининг нашрда тилга олиниши қонун бузилиши” сифатида талқин қилинган.

Ҳужжатда ëзувчилар Набижон Боқий¸ Нуруллоҳ Муҳаммадхон Рауфхон “ўз мақоласида Муҳаммад Солиҳ” номини тилга олганликда айбланган.

Озодлик билан суҳбатда Нуруллоҳ Муҳаммадхон Рауфхон бу холатни “ғирт беъманилик”, деб атади:

– 1937 йилдаги қатағонлар иси келадиган ҳужжат бўлибди. Агентлик раҳбари Комилжон Алламжонов “сўз эркинлигини ҳимоя қиламан”, деб турганда унинг ўринбосари сўз эркинлигини чеклайдиган ҳужжатга қўл қўйиб ўтирибди. “Муҳаммад Солиҳнинг исми газетада ëзилмасин” деган чеклов йўқ. Умуман, бу ҳужжатни имзолаган мулозим президент сиëсатига қарши чиқмоқда¸ – дейди таниқли адиб.

“Адабиёт газетаси” бош муҳаррири Бахтиëр Карим Озодлик билан суҳбатда ўзига билдирилган айбловларни “асоссиз ва кулгили” дея атади:

“Гулчехра Нуриллаеванинг шеърини чиқарибсизлар,” деб дакки берди агентлик. “Нима бўлибди?” десам, “у “Бирлик” аъзоси”, дейишди. “Хўш нима бўлибди “Бирлик “ аъзоси бўлса? Эркин Воҳидов ҳам Шукрилло ҳам аъзо бўлган,” дедим. “Муҳаммад Солиҳни номини ëзманг,” деб талаб қўйишди. Балки президентнинг номи унутилар, аммо шоир Муҳаммад Солиҳ номи адабиëтда мустаҳкам туради¸ – деди Бахтиëр Карим

Золимлар услуби”

Номи тилга олинишига тўсиқ қўйилган сиëсатчи ва шоир Муҳаммад Солиҳ Озодлик билан суҳбатда¸ бундай ҳужжат Каримов даврида ҳам бўлмаганини айтди:

– Бундай ҳужжатни тузишдан ҳатто Каримов даври мулозимлари ҳам ор қилган эди. Бу ҳужжат дастхати ўша Қодирий ва Фитратларни қаматган золимлар услубида. Демак ҳеч нарса ўзгармаган, – деди Муҳаммад Солиҳ.

Муҳаммад Солиҳ
Муҳаммад Солиҳ

Озодлик суҳбатлашган тошкентлик ҳуқуқшунос Одилбек Раҳимбердиевнинг ишонишича, миллий қонунчиликда у ëки бу шахс ҳақида танқидий фикр билдирмаслик ëки мухолифат аъзоси бўлган шоир-ëзувчилар тилга олинмасин, деган “тўғридан-тўғри тақиқ йўқ”:

– Ўзбекистон контитуциясининг 12 моддаси “фикрлар хилма-хиллиги”, 29 моддаси эса “фикрлаш ва сўз эркинлиги”ни кафолатлайди. Агентлик тақдимномаси моҳиятан шу конституция кафолатини шубҳа остига қўяди. Бундан ташқари “Журналистик фаолиятни ҳимоя қилиш тўғрисидаги” қонуннинг 4 моддасида “Цензурага йўл қўйилмаслиги” айтилган. Тақдимномадаги айбловларни цензура деб малакалаш мумкин. Бу эса мавжуд қонунчиликка зид, – дейди ҳуқушунос Одилбек Рахимбердиев.

Ҳуқуқшунос келтирган омилларни Озодлик Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги матбуот котиби Ҳикматилла Пўлатовга савол сифатида йўллади.

Агентлик матбуот котиби саволларга жавоб бермади.

Манба: “Озодлик” радиоси