Собиқ бош прокурор Отабек Муродовга нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Собиқ бош прокурор Отабек Муродовга нисбатан жиноят иши қўзғатилди
38 views
21 June 2019 - 11:08

Собиқ бош прокурор Отабек Муродовга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Сенати йиғилишида маълум қилди. Давлат раҳбари уни порахўрликда айблади, дея хабар қилди «Газета.uz» мухбири.

Отабек Муродовнинг лавозимидан четлаштирилгани тўғрисида 20 июнь куни маълум бўлган эди. У Бош прокуратурага 2018 йилнинг январидан буён раҳбарлик қилиб келаётган эди.

Собиқ бош прокурорга нисбатан қўзғатилган жиноят иши тўғрисида сўзлар экан, Шавкат Мирзиёев унинг раҳбарлардан 100 минг, 50 минг доллар миқдорида пул олганини айтиб ўтди.

«Менга у вазир бунча пул олди, деган гапларни эшитиш ёқимсиз. Бу касаллик, ундан халос бўлишимиз керак», — дея таъкидлади у.

«Биз ўз фарзандларимиз, невараларимиз ҳақида ўйлашимиз керак. 3 гектар етарли бўлса, 40 гектар нега керак? Барибир 2 та хона — ётоқ ва ошхонага сиғсангиз, 20 хонали квартира сизга нима учун керак? Мен имконият бераман, сенга ишонаман, дейман, сен эса эртага борасан ва пора оласан», — деди давлат раҳбари.

Президент, шунингдек, нефть-газ соҳаси ҳам коррупциялашганини маълум қилди: «20 йил ичида нефть-газ соҳасидаги барча лойиҳаларнинг 50 фоизи пора билан бўлган эди. Сурғил нефть-газ лойиҳасида (Сурғил кони базасидаги Устюрт газ-кимё мажмуаси — таҳр.) бир амалдор 80 млн доллар олган! 80 млн! Халқ ҳақида ким ўйлайди?!»

Шавкат Мирзиёев тизим қонини тозалаш кераклигини маълум қилди. У яқин вақтларда собиқ бош прокурор Рашитжон Қодиров ва ДХХнинг собиқ раҳбари Ихтиёр Абдуллаев ишлари бўйичча суд қарорлари ҳақида хабар берилишини айтди. «Улар катта муддат олишади, яқинда эшитасиз. Улар қилганлари учун жавоб беришлари керак», — дея таъкидлади президент.

Давлат раҳбарининг фикрича, яқинда бош прокурор этиб тайинланган Ниғмаулла Юлдашев янги лавозимда прокуратура органларидаги коррупциялашган тизимни синдириши лозим. Президент олти ой ичида бош прокурор Ниғматулла Юлдашев натижаларни кўрсатиши керак. «Прокуратура қисқариши керак. Эҳтимол, бир қисм ваколатлар Адлия вазирлигига берилар, хориж давлатларида шундай қилинмоқда», — деди президент.

Манба: gazeta.uz