Маролим

Маролим
34 views
25 June 2019 - 11:11

 

 

МАРОЛИМ

Паризодим, одатингни биларлар,
Ўкчангдан то энгсанггача суярлар.
Жон чиқармай товонимдан сўярлар,
Ғанимларнинг иши зўрдим, Маролим.

Кўрмоқ бордир, емоқ йўқдир, билолмам,
Қароқ куяр, кўксингга кўз сололмам.
Тараф кўпдир, ҳалол ошим ичолмам,
Аролиқда бошим хордир, Маролим.

Манглайингда Қоракўлнинг ганжиси,
Йўлинг тўсар Ишқободнинг Панжиси,
Мен бўлойин ошиқларнинг занжиси,
Уйи кенгнинг ичи тордир, Маролим.

Мол замони, зўрга тавоб этарлар,
Сени қийма, мени кабоб этарлар,
Телба дунё балки савоб этарлар,
Ошиқлардан қолган ордир, Маролим.

Тоҳир, Зуҳро гўрда ётди, ўлмади,
Қоработир ичиб қондан тўймади,
Ошиқ Ғариб қўлдан созин қўймади,
Чарх айланар, зулм бордир, Маролим.

Сен туркмансан, мен ўзбекнинг боласи,
Ҳаммамиз ҳам қадим туркнинг ноласи,
Ичимиздан чиқди оғзи оласи,
Бўлинганнинг куни зордир, Маролим.

Тақдир азал, ёзилмишдир бўлғуси,
Етса ажал душманми, дўст ўлғуси,
Маролгинам, толеимнинг кўзгуси,
Сенсиз дунё бир озордир, Маролим.

Ислом Холбой
“Ҳижрон азоби” Шеърлар китоби, 
Тошкент, “Ёзувчи нашриёти”, 1998 йил

facebook.com