Ўзбекистон Республикаси президентининг авф этиш қарорига қирғиз биродарларимиз қачон лойиқ деб топилади?

Ўзбекистон Республикаси президентининг авф этиш қарорига қирғиз биродарларимиз қачон лойиқ деб топилади?
77 views
25 June 2019 - 12:02

2019 йил 4 июнь куни, Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг, “Ўзбекистон Республикасида Рамазон Ҳайити муносабати билан 575 нафар маҳкумларни авф этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Аммо, қолган маҳкумлар, яъни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 159, 244, 215 ва 221 моддалари билан қамалган маҳкумларнинг тақдири нима кечади?!

Ана шундай маҳкумлардан бири Мамаризаев Билолиддин Шаҳобиддинович билан суҳбат ўтқаздик. Суҳбатдошимиз шундай дейди, “мен, маҳкум Мамаризаев Билолиддин Шаҳобиддинович 1981 йил, Қирғизстон Республикасининг Ўш вилоятида туғилганман. Миллатим ўзбек. Қамалмасдан олдин, Ўзбекистон Республикасининг Андижон вилояти, Қўрғонтепа туманида яшаганман. Оилалиман, 2 нафар фарзандим бор. Муқаддам судланмаганман. 2010 йилнинг март ойида, Андижон вилояти Жиноят Ишлари бўйича судининг ҳукмига кўра 16 йилу 7 ойга озодликдан маҳрум этилганман.

2008 йили Қирғизстон Республикаси КГБ томонидан ушланганман ва 1 ой муддатга енгил жазо билан, ўтириб чиқанман.

2010 йил март ойида эса, Қирғизстон Республикаси КГБ мени Ўзбекистон Республикасининг МХХга ушлаб беришди. Ўзбекистон Республикаси МХХнинг Андижон вилояти ходимлари, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 241 моддаси билан жиноий иш очиб, Қирғизстон Республикасининг фуқаролари мен Б.Мамаризаев, ҳамда У. Деҳқонбоев ўтирган камерага ва Андижонлик иккита фуқаро Ҳ.Мамадалиев, Б.Матазовларни “подельник” сифатида олиб келдилар. Уларни мен ва У. Деҳқонбоев мутлоқо танимаймиз.

Андижонлик биродарлар Ҳ.Мамадалиев ва Б.Маттазовларни ҳамда бизларни лаҳмачиларга қўшиб роса дўппосладилар. Лаҳмачилар, қайнаган сувни жинсий аъзоларимизга қуйдилар, қўл-оёқларимизни синдиришди, тепдилар, қулоқларимизга қаттиқ уруб, қулоқ пардаларини йиртишди. Оёқларимиз остига уруб, қўлларимизга игна санчиб, қонга беладилар.

Бу босим 5 ой давом этди. Андижон вилояти МХХнинг ходими, капитан Сарвар Юнусовнинг топшириғига кўра, лаҳмачилар ҳар куни бизларнинг устимиздан “иш” олиб боришди. Шу босим туфайли, “ЖИҲОД”чи деган тамға билан қамоққа олиндик. Ўша вақтдаги, давлат томонидан мен учун ажратилган адвокат М.Зокирова танамдаги қийноқлар ва азоблар ортидан олинган изларни ўз кўзи билан кўрди. Лекин…

Шу қийноқлар туфайли Ботир Маттазов сил касаллигига чалинди. Улуғбек Мамадалиевнинг бир қўли ва бир оёғини синдирган ҳолда Андижон вилояти Жиноий Ишлари бўйича судига олиб келишди. Суд бизни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 159, 244 ва бошқа моддалари билан айиблаб, менга 16 йил 7 ой, Ботир Маттазовга 8 йил, Ҳусан Деҳқонбоевга 10 йилу 7 ой ва Жасур Тўлагановга 8 йилга озодликдан маҳрум этиш тўғрисида ҳукм чиқарди. Шундай қилиб, бизлар 10 та статья билан қомоққа равона бўлдик.

Суддан сўнг Қашқадарё вилоятининг, Шайҳ-Али УЯ-64/49 муассасига келдим. Қолган биродарлар нима бўлганликларини ҳозиргача билмайман. Менга берилган жазонинг 7 йилини ўтаб бўлдим. Жазо муддати анча қийнчилик, азоб ва уқубатлар остида кечди. Зонада биродаларга нисбатан муомала маданиятининг ўзи йўқ эди. У ерда ҳам молдан баттар дўппослашар эди.

“Нима учун намоз ўқийсан? Сен режимни бузмоқдасан?”, деб калтаклар эди. Ўша намоз ўқиганимиз ортидан, СИЗОга 10-15 суткага қамашарди. Мен “Қайтганман!”деб айтсам ҳам, баттар урар эди. Айниқса, “отрядь”нигимиз, майор Асрор Исҳоқов бошчилигида группа бор эди. Ана шу ходимлар маҳкумларни кўнгли тусагунича урар эди. СИЗОда ўтирган вақтимда калтакдан “тўйиб” кетганимдан сўнг, охири ўзимни олмос билан очдим. Яна менга ўлган устига тепгандек 15 сутка қўшиб беришди. Шу билан СИЗОда 1 ой ўтқаздим.

2018 йилнинг январ ойида қолган жазо муддатини ўташим учун мени Тошкент вилояти Пскент тумани УЯ-64/75 Жазони ижро этиш муассасига жўнатдилар. Мен ҳозирги кунда ғишт заводида ишламоқдаман.

Бироқ, намозхонларга эътибор бу ерда ҳам зонадан қолишмас экан. Бу ерда ҳам, “нега намоз ўқийсан? Нега режимни бузмоқдасан?” деб мени шу йилнинг 28 май куни 5 суткага СИЗОга қамадилар. Сизода менга ўхшаган биродарлардан кўпини кўрдим. Улар ҳам намоз ўқиётганликлари учун 10-15 суткага ёпишган. Мен шунча йил ўтирган бўлсамда, бирон марта ҳам юқори органларга ариза ва шикоятлар билан мурожаат қилмаганман. Куни-кеча уйдагилар билан гаплашдим, улар ҳам қўрқувда. “Ўғлим шунчаси ўтиб кетди. Энди бу ёғига ҳам озгина сабр қил. Бизларни ҳам, қўлимиздан нима иш келар эди? Тақдир экан!”, деб онажоним зор-зор йиғлаб гапирдилар.

Мен Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. М. Мирзиёев номига бир неча бор авф сўраб ёздим. Лекин, натижа бўлмади. Ҳозир муассаса ходимлари Президент номига 4 та авф ёздиришмоқда. Бир неча бор муассаса ходимларига, Тошкент вилояти прокурори билан учраштиришларини сўраб мурожаат қилдим. Улар бўлса, “Сенга мумкин эмас! Сенинг “статья”нг жуда ҳам хавфли. Сен билан фақат ДХХ (СНБ) ходимлари гаплашади…” деб менга угроза қилишмоқда. Мана шунақа гаплар…

Мени суд қилган ва тергов ишларини олиб борган Андижон вилояти МХХнинг ходимлари юқори лавозимларда ишлаётганликларини эшитдим. МХХнинг ўша вақтдаги Андижон вилояти ходимлари Шарофиддинов ва Юнусовлар ҳам ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси ДХХ (СНБ)да ишлаётганликларини эшитмоқдаман. Бундан ташқари, Андижон вилояти Жиноят ишлари бўйича судининг судьяси М.Тўлаганов ҳам ҳозирги вақтда Олий судда катта лавозимда ишлаётган экан. Мана Сизга оддий ҳақиқат ва адолат. Бундай бўлгандан кейин, мени “кўча”га чиқишим қийин кечади шекилли…”

Мамаризаев Билолиддинга ўхшаган, диний моддалар билан қамалганлар ва бошқа чет элдан келган маҳкумлар Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш.М.Мирзиёев номига авф ёзишган бўлсаларда, ҳамон ҳеч қандай натижа бўлмаяпти.

Фахриддин Тиллаев