Қадрин на билсин

Қадрин на билсин
61 views
26 June 2019 - 12:24

 

 

ҚАДРИН НА БИЛСИН

Темирчи қўлига тушса олғир боз,
Қанотдан айрилар, қадрин на билсин.
Бир чўпон қўлига тегса бир олмос,
Чақмоқ тоши қилар, қадрин на билсин.

Фақирга муносиб сабру қаноат,
Бойларга ярашар хайру саховат,
Ғайратсиз йигитга тушса асл от,
Ичини куйдирар, қадрин на билсин.

Комил бўлмас ул шаробдан тотмаган,
Ҳазлдан ҳаз топмас сўз англамаган,
Далли Мажнун ишқи асар этмаган,
Паризод Лайлининг қадрин на билсин.

Мажлис қуриб, маъракага бормаган,
Беклик эта билмас, берим бермаган,
Чўлда очлик машаққатин кўрмаган,
Иссиқ уйда ноннинг қадрин на билсин.

Ўтгандан сўнг англар одам давлатин,
Билмас давлат билан кечган навбатин,
Чекмай киши беморликнинг заҳматин,
Бу гўзал соғликнинг қадрин на билсин.

Тадбир билан кўлга лангар солмаган,
Гирдобга учрайди ҳушёр бўлмаган,
Кемаси чўққида туриб қолмаган,
Қуруқ қора ернинг қадрин на билсин.

Айрилиқ ўтида куйиб пишмаган,
Золимлар жабридан ўлка ошмаган,
Ватандан айрилиб, ғариб тушмаган,
Юртида миллатнинг қадрин на билсин.

Йигит дема, бир қарорда турмаса,
Улоқ қадрин билмас киши кирмаса,
Ўрдак, ғубо ғозлар чўлни кўрмаса,
Сарчашмали кўлнинг қадрин на билсин.

Махдумқули айтар, ёру ҳамдамга,
Келинг, дўстлар шукр этайлик бу дамга,
Зотида сўз фаҳмин билмас одамга,
Минг маъни сўзласанг, қадрин на билсин.

МАХДУМҚУЛИ
* * *
Туркманчадан Ислом Холбой ўзбекчалаштирди

facebook.com