Улар туфайли тараққиётдан орқадамиз…

Улар туфайли тараққиётдан орқадамиз…
35 views
26 June 2019 - 12:34

ҲАҲ САВОДСИЗЛАР!!!

Энг ёмон кўрганим жоҳил ва саводсиз мусулмонлардир. Уларни атеистларни ёмон кўрганимдан ҳам бадтар ёмон кўраман! Улар туфайли тараққиётдан орқадамиз! Улар туфайли фитналар кўпаяди! Улар туфайли Ислом ривожланишдан тўхтаган!

Уларнинг сотқинлиги (“Шўройи уламо” туфайли), дунёвий жиҳатдан илмсизлиги туфайли Жадидларимиз қириб ташланган. Улар ҳудди Арабистондаги ваҳҳобийлар инглизлар билан бирлашиб Усмонийларни йўқ қилганидек, бизда большевиклар билан бирлашиб Жадидларни йўқ қилгани учун ЁМОН КЎРАМАН!

Чунки улар саводсизларча дин номидан гапиради ва Исломни хунук қилиб кўрсатади. Агар бирорта атеист билан тортишиб қолса сўкинади, масалага сўкиш ва ҳақорат билан жавоб бериб ўзининг дунёвий фанлардан, табиий фанлардан нақадар саводсиз эканини кўрсатади.

Оё, мусулмон шунақа бўладими?! Керак бўлса илми нужумни ўрган! Юлдузларни ўрган! Юлдузларнинг манзилгоҳини ўрган! Биттасига шундай десам – ие фолбинларнинг илмини ўрганаманми, унақа деманг иймонингизга халал етади, сиз бунақада ширкка тушиб қоласиз, бидъат қилдингиз, дейди.

Қаранг, саводсизлигини. Астрономия билан астрологиянинг фарқини билмаяпти. Ие, ҳар бир асарини “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” деб бошлаган Беруний фолбин бўлган экан-да. Улуғбекдан кейинги биринчи ўзбек астрономи Ғиёс Жалолов фолбин бўлган экан-да. Шўро даврида Ўрта Осиё диний назоратининг илтимоси билан астрономик илмини ишга солиб рўза кунлари тақвимини тузиб бергани учун сазойи қилиб ишдан олинган шу одам фолбин экан-да.

Уларнинг ота-бобосини танийман: оқ ўрислар даврида фатинжонни “Ўрисларнинг қони бор экан, еманглар”, ва яна “Ўрисча кийим кийганлар кофир” деб фатво чиқарган ва дунёвий тамаддунни анча орқага тортган. Биламан, бақрайиб мана шу нарсаларни Facebookда ўқияпсан! Facebookни эса Цукерберг деган бир ғайримуслим ихтиро қилди. Шу нарсалар ғайратингни қўзимайдими?!

Шу ўринда бир ривоят эсимга тушди:

Бир “илми толиб” таҳсилини тугатиб уйига қайтаётган экан – йўли дарё томондан ўтар экан. Бир қайиқчини ёллаб қайиғига чиқибди. Бу “илми толиб” қайиқчидан “Сарв-наҳвни биласанми?” деб сўрабди. Қайиқчи билмайман деган экан – “илми толиб” унга “Ярим умринг бекорга кетибди” дебди. У бу гапини денгизнинг ўртасига келгунича қайиқчининг ғашига тегиб 3-4 марта қайтарибди. Шу пайт қўққисдан қаттиқ бўрон туриб қайиқ ағдарилаётганида қайиқчи “илми толиб”га қараб “Сузишни биласанми?” деган экан, ранги ўчган илми толиб “Йўқ” деб жавоб берган экан, қайиқчи “Афсус, бутун умринг бекорга кетибди!” дебди…

Хулоса Сиздан…

Шукур Жаббор