Кумушбибисини берсин Марғилон

Кумушбибисини берсин Марғилон
74 views
27 June 2019 - 10:58

 

 

КУМУШБИБИСИНИ БЕРСИН МАРҒИЛОН

Тонглар отар япроқ мисоли хазон,
Азобимга борми нуқтаю мезон,
Ўтган кунлар ўтди, Зайнаблар омон,
Кумушбибисини берсин Марғилон.

От қўйдим мен Отабекнинг йўлидан,
Хат элтарлар Қодирийнинг қўлидан,
Бул овозим Қоракўлнинг элидан,
Кумушбибисини берсин Марғилон.

Кўксимдадир шоҳ Машрабнинг тумори,
Ҳидлаганда тутар ёрнинг хумори,
Кумушбиби – санамларнинг сардори,
Кумушбибисини берсин Марғилон.

Руҳга камон тортар ғижжак навҳаси,
Алп йигитлар муҳаббатнинг беваси,
Чаманларни урди ҳасад ишваси,
Кумушбибисини берсин Марғилон.

Жавоб келса суюнчига – ширин жон,
Йўл тутганга кийгизайин зар чопон,
Эплаганга Бухородир ҳур макон,
Кумушбибисини берсин Марғилон.
1989 й.

Ислом Холбой
“Ҳижрон азоби” Шеърлар китоби, 
Тошкент, “Ёзувчи нашриёти”, 1998 йил

facebook.com