Тошкент — кайфда!

Тошкент — кайфда!
52 views
27 June 2019 - 14:21

Тошкентни «дорихона наркоманияси» забт этган. Катталар, ёшлар ва ҳатто мактаб ўқувчилари ҳам прегабалин, залеплон ва тропикамидни оммавий равишда истеъмол қилмоқда. «Наркодорихоналар”нинг сирли олами ва уларнинг мижозлари ҳақида ҳамма нарса — Никита Макаренконинг суриштирувида.

Кўча бўйлаб кетаётиб, оёқ остига эътибор билан назар солинг. Айниқса, дорихоналарнинг олдида. Уёқ-буёқда ётган оловранг ёзувли оқ флакончаларни кўряпсизми? Бу — бугунги кунда Тошкентда бурун орқали нафас йўлига ёки венага юборилаётган «Тропикамид» кўз томчиларидир. Бир-икки таблетка учун мўлжалланган кумушранг блистерларни пайқадингизми? Уларни прегабалин ва залеплон ишқибозлари ташлаб юборган. Атроф бундай дори воситалари чиқиндисига тўла эканини кўргач, тушуниб етасиз — бу эпидемия.

Тошкент — кайфда. «Дорихона наркотиклари”ни ёшлар оммавий тарзда сотиб олмоқда. Ҳайдовчилар истеъмол қилмоқда. Ҳатто мактабдаги болалар ҳам тотиб кўрмоқда. Улар хамёнбоп, қонуний сотиб олиш мумкин ва шунинг учун ҳам машҳур.

Тропикамид ва прегабалиннинг Тошкент кўчаларига ташлаб кетилган бўш қадоқлари.

Чилонзор-trip

Биз Андрей Самко билан бирга Чилонзор томон йўл оламиз. У «Шуҳрат» дўкони олдидаги чорраҳа олдида истиқомат қилади ва ёшлар орасида ёппасига тарқалган «дорихона наркоманияси”га кўпдан бери эътиборни жалб этишга ҳаракат қилиб келади. Андрей менга ўзи «наркодорихоналар» деб атайдиган дорихоналарни кўрсатяпти. Қатортол кўчаси, 11-уй. Ичкарида бўлаётган ишларни кўришга имкон бермайдиган ойна. Гапирувчи ном: «ANY BUSINESS» МЧЖ. «Лирика» борми, деб сўраймиз. Pfizer компаниясининг мазкур савдо белгиси остида барча наркоманлар прегабалинни билади. Бор, битта таблеткаси 20 минг сўм. Дорихонага ифлос кийинган бир киши кириб келиб: «Целафан борми?», деб сўрайди. «Йўқ, ҳаммасини олиб кетишди». «Целафан» — бу «Селофен», залеплон уйқу дорисининг жаргонча номи.

«Бу анча машҳур жой, кечалари бу ерда машиналар навбатда туради», — дейди Андрей. «Лекин шаҳардаги энг машҳур „наркоаптекалар“ — „Ширин“ чорраҳаси ва Grand Mir Hotel меҳмонхонаси олдида. Уларни ҳамма билади».

Ал-Хоразмий кўчаси, 5-уй. Дорихона барча ёшлардаги эркакларга тўла. Харидор кўз ўнгимизда прегабалин таблеткасини ютиб юборди. Кузатиб турибман — у кўчага чиқиб, кулранг «Спарк”га ўтирди ва ўз дўсти, ҳайдовчини ҳам таблетка билан сийлади. Шу билан улар бу ердан кетди. Дорихона пештахтаси олдида — ёқимтой фармацевт қиз. «Сизда «Анданте» борми?». Қиз йўқ дегандек бош силкиди. Дорихона меҳмонлари бизга: «Агар «Анданте» керак бўлса, «Ширин”га боринглар!», деб тавсия берди.

Ширин ва Лутфий кўчалари чорраҳаси. Одатдаги сокин бир жой. Автобуслар, пакет кўтарган одамлар уёқдан буёққа ўтиб юрибди, ишчилар йўлни таъмирламоқда. Лекин яхшироқ разм солинса, шаҳарнинг беҳаловат ҳаёти ортидаги иккинчи, киши сезмас қатламини кўрасиз. Мана, автобус бекати ортидаги 14-уй олдида ёш эркаклар ва аёллар гуруҳи чўккалаб ўтирибди. Улар адекват эмас, кайфияти ҳам дўстона эмас.

Уларнинг ортида эса — дорихона. Ичкарида уч харидор, ёш аёллар. Катта қора кўзойнак тақиб олган қиз столга бир даста пул қўйди — улар кўп прегабалин сотиб оляпти. Малласоч қизнинг бурни остида эса кўк доғлар қолган. Андрей ундан сўраяпти: «Нима бўлди сенга? „Анданте“ ҳидладингми?». Ёш фармацевт, тиржайганича, бизга «Анданте”нинг битта таблеткасини 35 минг сўмдан сотди. Гиёҳвандлар уни кукунга айлантириб, бурун орқали қабул қилади.

Муаллиф 20 июнь куни рецептсиз «Анданте» препаратини сотиб олган Ширин кўчаси, 14-уйдаги дорихона. Релиса Грановская олган сурат.

Бурчакдаги, 42-уйга борамиз. Яна бир дорихона. Олдимизда бир йигит олтита «Лирика» ва иккита «Селофен» таблеткаларини сотиб олди. Биз ҳам «Селофен» ва «Лирика» сўрадик. Кекса сотувчи бизни тўғри тушуниб жавоб берди: «Ҳа, селофенжонми! Бор, албатта! Олинглар». 42 минг сўм тўладик. Андрей қачонлардир бу дорихонада бир наркоман тўппонча билан таҳдид қилиб, дориларни текин олишга урингани ҳақида гапириб берди. «Тўппончали ўша наркоманга нима бўлди?», — деб сўради Андрей сотувчидан. «Қамаб юборишган бўлса керак, билмадим», — деди қувноқ сотувчи.

«Кечаси бу ерда одамлар навбатда туради. Атрофда „зомбилар“ галаси тентираб юради. Харидорларнинг ярми — ҳайдовчилар. Инспектор эса уларга қарши ҳеч нарса қила олмайди — ахир бу алкоголга ўхшаб қондан чиқмайди, тақиқланмаган. Шу мавзеда бурнига тропикамид сепаётган икки ҳомиладор аёлни кўргандим. Бундан баттар яна нима ҳам бўлиши мумкин?», — дея хафа бўлиб кетади Андрей.

Дорихоналар қучоғида

Бугунги кунда учта модда Тошкентдаги энг оммабоп «дорихона наркотиклари» ҳисобланади. Бу — «Лирика» ва «Регапен» савдо белгилари остида сотилувчи эпилепсияга қарши прегабалин препарати. «Анданте» ёки «Селофен» номи билан танилган залеплон уйқу дориси. Ва худди шу номдаги таъсир қилувчи моддага эга «Тропикамид» кўз томчилари.

«Одам учинчи-тўртинчи қабул қилишдаёқ прегабалинга ўрганиб қолади. Кунига тўртта таблеткадан бошлаб, охири 14тагача кўпайтиришади. Мен таблеткалар учун кунига 200 минг сўмдан сарфлардим. Тропикамиднинг бир флакони 70 минг сўм туради, масалан. „Дорихона наркоманияси“ ўзига тўқ одамлар орасида тарқалган. Жуда кўп пул керак. Менимча, офис ходимларининг 30 фоизи мана шу ярамас нарсани истеъмол қилади», — деди менга кўп йиллик тажрибага эга собиқ наркоман Константин (исми ўзгартирилган).

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бош наркологи Олег Мустафиннинг «Газета.uz”га маълум қилишича, прегабалин Ўзбекистонда 2012 йилдан бошлаб оммалаша бошлаган. Препарат катталарга мўлжалланган бўлиб, асаб тизими ишдан чиқиши билан боғлиқ оғриқларни йўқотиш учун ишлатилади.

«Препаратни узоқ вақт давомида юқори дозаларда истеъмол қилиш оқибатида препаратни қайта қабул қилиш истаги билан боғлиқ эйфория пайдо бўлади. Препаратни мунтазам равишда эйфорияга туширадиган дозаларда қабул қилиш қарамлик синдромини келтириб чиқаради, суткалик доза миқдори 1500 мг ва ундан ҳам ортиб кетади», — деди Олег Мустафин. Мамлакат бош наркологининг қайд этишича, «хумор тутиш» ҳолатида хавотир даражаси кескин ошиб кетиб, одам ҳатто ўз жонига қасд қилиш ҳақида ўйлай бошлаши мумкин.

«Фарзандим «Лирика”дан ҳалок бўлди. Биз буни унинг ўлимидан сўнг билдик. Уни ўзини «дўст» деб атаган бир одам дорига ўргатган экан. Улар таблеткаларни Grand Mir Hotel олдидаги дорихонадан сотиб олишган. «Лирика» ўз жонига қасд қилиш истагини пайдо қилади, шундай бўлди ҳам. «Лирика» истеъмоли бошланиб, фожиа юз берганига қадар атиги тўрт ой ўтди, холос. Бошқа оилаларда шундай ҳодисалар бўлмаслиги учун ҳам бу воқеани сизга айтиб беряпман», — деди қизи ҳалок бўлган Марина (исми ўзгартирилган).

Grand Mir Hotel меҳмонхонаси олдидаги, Шота Руставели, 13-уй манзилида жойлашган дорихона. Муаллиф билан суҳбатлашган ҳар бир респондент уни Тошкент марказидаги прегабалин ва тропикамид сотиш бўйича энг машҳур «жой» деб атади.

Мен тўплашга муваффақ бўлган кўплаб далиллар прегабалин ва тропикамид ҳайдовчилар орасида жуда машҳур эканини кўрсатди. Шаҳар кўчаларидаги айрим аварияларни эҳтимол айнан шу моддаларнинг истеъмол қилиниши билан изоҳлаш мумкиндир.

«90А автобуси эди шекилли, ўша автобуснинг сўнгги рейсларидан бирида, кечаси, мен ягона йўловчи эдим. Ҳайдовчи менга бир хизмат борлигини айтди. Шундай дорихонага кириб, „Лирика“ олиб чиқиб беришни сўради. Ҳатто дорихоначининг исмини ҳам айтди. Эвазига мени уйимга яқинроқ жойда ташлаб кетишни ваъда қилди. Йўл-йўлакай бу таблеткалар берадиган „ҳузур-ҳаловатлар“ ҳақида сўзлаб кетди. Ярим йилча олдин бўлганди бу воқеа», — дейди Максим (исми ўзгартирилган).

«Мен тропикамидни тотиб кўрганман. Ўзига хос алоҳида бир кайф бермайди. Тез ўрганиб қоласан ва тўрт ҳафтадан сўнг заҳарланганлик ҳисси доимий ҳамроҳингга айланиб қолади. Кейин у камлик қилишни бошлайди ва доим «ҳидлаб» юришга тўғри келади. Энг ёмони, «тропиканка”нинг таъсири остидаги одам рулда ўзини бошқара олмайди. Бир сафар дўстим билан бурнимизга сепиб олиб, рулга ўтиргандик, бир жойда қайрилмоқчи бўлгандик — бетон бордюрни ўзимиз билан бирга судраб кетдик. Яқинда бир дўстим «тропик» ҳидлаб олиб, қарама-қарши қатнов қисмига чиқиб кетди, битта машинага бориб урилди, 200 метр ўтиб, светофорда бошқа машина билан тўқнашди», — дейди «дорихона наркотиклари”ни фаол истеъмол қилувчи Санжар (исми ўзгартирилган).

«Тропикамидни суиистеъмол қилиш саноқли ҳафталар ичида дорига қутулиш қийин бўлган руҳий қарамликни келтириб чиқаради. Хотира жуда тез сустлашади, шахснинг бузилиши кучаяди. Кайфият жуда тушкун бўлиб қолади, ўз жонига қасд қилиш фикри тез-тез кузатилади, беморлар иложсизлик ҳисидан азият чекади. Бемор сезиларли вазн ташлайди, терининг ранги сариқ, мум кўринишини ола бошлайди, мушак тўқималари скелетдан ажралишни бошлайди», — дейди Олег Мустафин.

Мамлакат бош наркологининг қўшимча қилишича, тропикамид истеъмолчисининг ўртача умр давомийлиги икки йилдан ошмайди.

Ҳаёт мактаби

«Дорихона наркотиклари”нинг истеъмолчилари билан ўтказилган кўплаб суҳбатлардан сўнг, «ўртача наркоман”нинг ижтимоий қиёфасини чизиш имконсизлиги аён бўлади. Ҳамма — ёш йигит ва қизлар, ақл-заковатли одамлар, ишчи ва хизматчилар, ижодкор зиёлилар, такси ҳайдовчилари истеъмол қиляпти. Мен билан суҳбатда ҳатто ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг собиқ ходимлари ҳам хизмат вақтида таблеткаларни истеъмол қилганини тан олди.

Константиннинг таъкидлашича, унинг фикрича, наркоманлар криминал олам билан боғлиқ эмас, улар орамизда яшаётган сизу биз каби оддий одамлар: «Дорихона наркоманлари» занжирларни узиб, сумкачаларни тортиб кетмайди. Бу аҳмоқона тасаввур. Бунинг учун куч керак. «Тропикамид» истеъмол қилган одамни бармоқ билан туртсангиз, йиқилиб тушади. «Дорихона наркоманлари» кун-у тун давомида ўзини ёмон ҳис қилади. Унинг бутун танаси, ҳар бир мушаги оғрийди. Унинг қўлидан ҳеч нарса келмайди — у шунчаки сабзавотга айланиб қолади”.

Катталар мустақил равишда танлов қилаётган бўлса, «дорихона наркоманияси”га жалб этилаётган болалар ҳақида бундай деб бўлмайди. Андрей Самко диққат қилишга чақирмоқда: «Мактаблар атрофидаги ариқлар бўйлаб юриб, яхшилаб қаранг, мактаб деворларининг остини ҳам. Барида баралгиндан қолган бўш қадоқларни топасиз».

«Ҳар бир бола дорилар ҳақида шунча кўп нарса гапириб бериши мумкинки, эшитиб тепа сочинг тикка бўлади. Болалар ўнталаб баралгин таблеткасини ичади, тропикамидни бурнига пуркайди. Ўғлим ўқийдиган мактабда бир бола дозани ошириб юборишдан ўлди. Бу дориларни дорихоналарда сотиб олиш мумкин, мактабда ҳам «дилерлар» бор. Бу иш билан яхши, «уй» болалари шуғулланади, уларни атайлаб шу ишга тортишади. Бизнинг оиламиз ҳам бу кўргиликдан ўтган, ўғлимни кўчада ўзига келтиришга тўғри келди. Энди унинг ҳар бир қадамини кузатиб юришга тўғри келмоқда. Муаммо кўпчилик ўйлаганидан кўра анча жиддий. Барча фактлар яширилмоқда, «тез ёрдам”лар чақирилмайди», — деди Чилонзордаги мавзеларнинг бирида яшовчи Шаҳноза (исми ўзгартирилган).

Муаллиф 20 июнь куни рецептсиз «Регапен» ва «Селофен» препаратларини сотиб олган Лутфий кўчаси 42-уй манзилидаги дорихона. Релиса Грановская олган сурат.

«Болалар «Тропикамид”ни новокаин билан аралаштириб истеъмол қилади. 16−17 ёшли болалар. Улар шундоқ дарснинг ўзида буни ичиб юбориши мумкин. Бунинг нималигини ҳамма ўқитувчилар ҳам билмайди. Ўқувчилар «Лирика”ни бемалол сотиб олади. Ўқувчи қизлардан бири 15 ёшидан бери истеъмол қилишини тан олганди», — дейди Тошкентдаги мактаблардан бирининг ўқитувчиси Ирина (исми ўзгартирилган).

Мен суҳбатлашган мактаб ходимларининг гувоҳлик беришича, дорихоналардаги фармацевтлар ўқувчиларга прегабалин ва тропикамидни хотиржам ва ҳеч бир муаммосиз сотмоқда. Мен барча ота-оналарнинг эътиборини «дорихона наркоманияси» муаммоси тасаввур қилинганидан кўра яқинроқ эканига қаратмоқчиман. Фарзандларингизга кўз-қулоқ бўлинг. Синф раҳбари билан гаплашинг. Шундай таҳдид мавжудлигини билармикин у ўзи?

Қандай қилиб бу аҳволга тушиб қолдик?

Сизда аллақачон кўплаб саволлар туғилиб улгурган бўлса керак. «Қандай қилиб бундай бўлиб қолди?», «Одамлар қаёққа қараяпти?» ва ҳоказо. Ҳозир жавоблар бўлади. Лекин озгина сабр қилайлик, тарихни энг бошидан ҳикоя қилиш керак.

«1998−2003 йилларда ҳамма героинга ўтириб қолганди. У ҳаммаёқда бор эди. У урфда эди. Уни Андижондан олиб келишарди, ўзим ҳам олиб келганман. У ерда арзимаган пулга сотишарди. Янги пачкани очсанг, сассиқ сирка ҳиди бутун хонани тутиб кетарди. Катталар дозани текинга беришарди, икки-уч минг сўм бўларди. Столда йўлча қилинарди, уч сантиметрлик. Шуни ҳидлаб, бурунга тортиш керак эди. Кейин ҳар сафар йўлчани узайтириш керак эди. 20 сантиметргача чўзилиб кетарди. Йўқса кайф бермасди. Кейин мушакка укол қилиб юбориш керак эди. Кейин венага. Бу вақтга келиб энди ҳеч ким сенга текинга героин бермасди. Политехника институтининг бизнес бошқаруви факультетида шундоққина ошхонада героин чекиб ўтиришарди. Бироқ 2003 йилга келиб буларнинг ҳаммаси барҳам топди. Ҳаммани қамашди. Шундан бери героинни топиб бўлмайди. Ҳозир у йўқ. Ҳеч қанақа пулга тополмайсан», — дейди менга Константин.

«Героин йўқолиб қолгач, ҳамма бошқа йўлини излай бошлади. Алкоголь, таблеткалар». Константиннинг гувоҳлик беришича, айнан ўша вақтларда трамадол оммалашган ва у яқин-яқингача Ўзбекистондаги энг машҳур «дорихона наркотиги» эди. Чилонзорнинг «Шуҳрат» чорраҳасидаги трамадолнинг «қора бозори» кўп йиллар давомида ўзининг фаоллиги билан салбий шуҳрат қозонган эди. Лекин бу бозорнинг куни битди.

2018 йил 27 октябрида трамадол ва «Соннат» савдо белгиси билан танилган зопиклон Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан муомалада бўлиши чекланган наркотик воситалар ва психотроп моддалар рўйхатига киритилди. Ўзбекистон президенти томонидан «қора бозор”га қарши мақсадида 2018 йил 23 октябрда имзоланган қонун билан дори воситаларини дорихоналар ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилганлик учун маъмурий ва жиноят жавобгарлик белгиланди.

«Шуҳрат» дўкони олдидаги чорраҳа ўтган йилгача «дорихона наркотиклари”ни сотиш бўйича машҳур «нуқта» эди. Ишонч ва фахр билан айта оламанки, энди бу «нуқта» йўқ, у йўқ қилинган. Аввалгидек «дорихона наркотиклари”ни очиқ сотаётган одамларни энди у ерда учратмайсиз», — деди Тошкент шаҳар ИИББнинг жиноят қидирув бўйича тезкор вакили Шавкат Отамуродов.

Мен билан суҳбатлашган гиёҳвандларнинг бари «Шуҳрат”даги «қора бозор» йўқ қилинганини, трамадолни эса Тошкентдан топиш деярли имконсиз ишга айланганини тасдиқлади. Собиқ «қора бозор» яқинида яшовчи Андрей Самко ҳам буни тасдиқлаяпти.

Трамадол йўқолди. Бироқ наркоманлар йўқолиб қолгани йўқ. Айнан шу лаҳзада саҳнага прегабалин, тропикамид ва залеплон чиқиб келди. «Қаранг, трамадол истеъмол қилиш эпидемияси тугади, бу факт. Унинг ўрнини янги препарат — тропикамид эгаллади. Бир йил аввал, агар билсангиз, тропикамид бу қадар машҳур эмасди», — дейди Шавкат Отамуродов.
Лекин бунга яна бир тасодиф ҳам ўз таъсирини кўрсатган. Менинг фикримча, айнан шу тасодиф «дорихона наркотиклари”нинг ақлбовар оммалашувига сабаб бўлган. Қанчалик ғалати жарангламасин, авваллари бу дориларни олиш ҳозиргидек осон бўлмаган.

«2017 йилгача «Лирика”ни сотиб олиш қийин эди. Дорихонадан ололмасдинг. Биз таксичиларга буюртма берардик. Улар қўнғироқ бўйича етказиб берарди. 2018 йилдан бошлаб эса уни сотиб олиш осонлашиб қолди. Янги-янги «савдо нуқталари» пайдо бўлди», — дейди «Лирика”нинг собиқ фаол истеъмолчиси Асқар (исми ўзгартирилган).

2017 йили нима бўлганди? Президентнинг 2017 йил 14 февралдаги қарори билан дорихоналарни лицензиялаш ваколати Соғлиқни сақлаш вазирлигидан вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига ўтказилган. Шунингдек, рецепт бўйича сотиладиган дори воситалари устидан назорат ҳам вазирликдан олинган. Бундан кўзланган мақсад олижаноб эди: «нархлар ошишига қарши кураш». Лекин бу чоралар акс таъсири ўлароқ «дорихона наркотиклари”ни сотиб олиш осонлашди.

Эпидемия формуласи шундай: дорихоналар устидан назоратнинг сусайиши + трамадол бозорининг йўқ қилиниши = «дорихона наркотиклари» истеъмолининг ошиши. Наркоманлар трамадолга ўринбосар излаётганди ҳамда таблеткалар ва тропикамидни осон олиш йўли пайдо бўлганида, бундан жуда қувонди. Бу дори воситалари ҳақида хабарлар бир зумда шаҳар бўйлаб тарқалиб кетди.

Энди диққат қилинг: прегабалин, тропикамид ва залеплон рецепт асосида бериладиган препаратлар ҳисобланади. Улар Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2018 йил 22 октябрдаги 50-сон буйруғига киритилган, шу боис бу препаратлар фақат ва фақат шифокор рецепти асосида берилиши керак. Назарий жиҳатдан.

Амалда нима бўляпти? Ҳеч ким ҳеч қандай рецептни сўраётгани йўқ. Бир неча дорихонада прегабалин ва залеплонни ҳеч қандай рецептсиз сотиб олганимни ўзим тасдиқлайман. Эътибор беринг — қўлдан эмас, дорихоналардан. «Қора бозор» йўқ, унинг кераги ҳам йўқ. Дорининг номини айтиш ҳам шарт эмас — провизорга 20 минг сўм узатиб, «битта» десанг кифоя. Шаҳарда ўнлаб шундай «наркодорихоналар» бор. Уларнинг рўйхати таҳририяти ихтиёрида бор.

Муаллиф томонидан 20 июнь куни турли дорихоналарда сотиб олинган (чапдан ўнгга) «Анданте», «Регапен» (прегабалин) ва «Селофен» препаратлари.

Тошкентда рецепт бўйича сотиладиган дори воситаларининг қатъий рецепт асосида сотилиши учун ким жавоб беради? Дорихоналарни ким назорат қилиши, қонунларочиқчасига ва тизимли равишда бузилаётгани, ёшлар ва болалар заҳарланаётгани учун ким дорихоналарнинг «бошига уриб туриши» керак? Қанчалик ғалати кўринмасин, бунга Тошкент шаҳар ҳокимлиги жавобгар. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 12 майдаги 284-сон қароригакўра шундай.

Соғлиқни сақлаш вазирлигидан маълум қилишларича, «лицензиат (дорихоналар) томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши юзасидан назорат қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда лицензияловчи орган томонидан амалга оширилади». Ҳозирда бундай орган вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳисобланади.

«2017 йилга қадар дорихоналарга лицензия Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бериларди. Фармназорат дорихоналарни танлаб текшириш ҳуқуқига эга эди. 2017 йили барча ваколатлар ҳокимликларга ўтказилди. Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармасида назарий жиҳатдан дорихоналарни назорат қилиш билан шуғулланиши мумкин бўлган фақат битта одам бор. Фармназоратда эса 20 нафар профессионал мутахассисдан иборат жамоа бор эди. Ҳозир шаҳарда нечта дорихона борлигини ҳам билмайман. Биз бу билан шуғулланмаймиз. 10 мингдан ортиқ бўлса керак. Бир киши улар билан қандай ҳам ишлай оларди?» — деди Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги ДУК ахборот-таҳлил бўлими бошлиғи Муҳаббат Иброҳимова.

«СССР даврида ва ҳозир ҳам хорижда, масалан, Данияда дорихоналар соғлиқни сақлаш муассасалари ҳисобланган. Бизда эса бу — тадбиркорлик. Мен буни нотўғри деб ҳисоблайман. Уларни ҳеч ким текшира олмайди. Тадбиркорларни текширишга мораторий бор. Дорихоналар назоратдан тўлиқ четда қолди. Ҳокимлик ва солиқ қўмитаси режадан бошқа ҳеч нарсага қизиқмайди», — дейди Муҳаббат Иброҳимова.

Агар рецепт билан бериладиган дорилар устидан ҳеч ким назорат қилмаса, эҳтимол, трамадол билан бўлгани сингари, прегабалин, залеплон ва тропикамидни ҳам айланмасини чеклаб, наркотик ёки психотроп моддалар рўйхатига қўшиш керакдир? Ахир трамадолни енгишда бу чоралар ёрдам берди-ку. Шундай муҳокамалар ҳам бўлган. Бироқ бу дориларни наркотиклар рўйхатига киритмасликка қарор қилинган — рецепт билан бериладиган дорилар рўйхатига киритишнинг ўзи етарли, деб ҳисобланган.

Ал-Хоразмий кўчаси 5-уйдаги дорихона. Бу ерда 20 июнь куни муаллифнинг гувоҳлигида рецептсиз келган харидорга прегабалин сотилган. Релиса Грановская олган сурат.

«Айтмоқчиманки, ҳар қандай дорининг бирор-бир акс таъсири бор. Шунинг учун ҳам биз барча дориларни тақиқлай олмаймиз. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ишчи гуруҳи 2018 йили тропикамид ва прегабалинни тақиқланган дорилар рўйхатига қўшишга қарши чиққан. Биз фақат кучли таъсир қиладиган моддалар айланмасини чеклаганмиз», — дея тушунтирди тезкор вакил Шавкат Отамуродов.

«Лирика» дори воситаси наркотик БМТнинг 1961, 1971, 1988 йиллардаги Конвенциялари рўйхатида кўрсатилган наркотик воситалар ва психотроп моддаларга мансуб эмас. Наркотик воситалар ва психотроп моддалар рўйхатига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қарор лойиҳасини тайёрлаш жараёнида олиб борилган ўрганишлар ушбу препарат дорихоналардан ташқарида сотилганини кўрсатди”, — дейди «Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази» ДУКнинг Наркотикларни назорат қилиш қўмитаси раиси профессор Исматжон Азизов.

Унинг сўзларига кўра, прегабалин суиистеъмолига қарши чора — унинг дорихоналардан ташқарида сотилишига қарши тақиқ ўрнатилгани бўлди.

«Тропикамид» дори воситаси бўйича шуни маълум қиламизки, ишчи гуруҳнинг фаолияти давомида ушбу препаратни суиистеъмол қилиш билан боғлиқ фақат бир неча ахборот расман рўйхатга олинган. Шундан келиб чиқиб, шунингдек, «Тропикамид» кимёвий тузилиши ва фармакологик таъсири жиҳатдан наркотик воситалар ва психотроп моддаларга мансуб эмаслиги боис, ушбу препаратни рўйхатга киритиш масаласи кўриб чиқилмаган”, — дея қўшимча қилди профессор Азизов.

Исматжон Азизов тасдиқлашича, тропикамиднинг суиистеъмоли 2018 йил октябрида трамадол ва зопиклон назорат қилинадиган моддалар рўйхатига киритилгач кўпайган.Профессорнинг қўшимча қилишича, агар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги наркотикларни назорат қилиш Давлат комиссиясининг ишчи гуруҳига мурожаат билан чиқса, тропикамид назорат қилинадиган моддалар рўйхатига киритилиши мумкин.

Содда тилда тушунтирамиз. «Лирика», «Тропикамид», «Селофен», «Анданте» — тақиқланган моддалар рўйхатига киритилмаган. Киритилиши мумкин, агар ҳукумат ушбу эпидемияга эътибор қаратса. Ана шунда уларни тақиқлашади ва, агар трамадол билан ҳолатдан хулоса қилинса, бу дориларнинг бозори касодга учрайди. Иккинчи йўл ҳам бор — рецепт билан сотиладиган дорилар устидан қатъий назорат ўрнатиш.

Россияда юқорида зикр этилган ҳар икки йўлдан юриб кўришган ва биринчисини танлашган. Россия Ички ишлар ишлар вазирлиги 2017 йили дорихоналар устидан назоратни кучайтириш орқали прегабалин ва тропикамидга қарши курашишга зўр иштиёқ билан киришган эди. Бироқ якунда ИИВ таслим бўлди. Яқиндагина, шу йилнинг 6 июнь куни «Лирика» ва «Тропикамид» наркотик препаратлар рўйхатига киритилди. Энди Россияда бу дориларни сотиб олган ва ўтказган шахслар саккиз йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Ўрни келганда қайд этиш жоиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 1 май ҳолатига кўра Ўзбекистонга 447 минг 110 қадоқ «Тропикамид» олиб кирилган. Бу минглаб пароканда қилинган умрлар, дегани.

Чуқурроқ нафас олинг. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Давоми янада қизиқ бўлади, охирида эса қандолат дўконига кириб ўтамиз.

Зираворлардан қўшамиз

Қонунларга аниқлик киритиб, «дорихона наркоманияси» устидан ғалаба қозониш мумкин. Дорихоналарнинг эгалари маълум. «Қора бозор”га қарши алоҳида қонун бор. Лекин Тошкентга ёпирилган яна бир янги балони мағлуб этиш унчалик ҳам осон эмас.

Гап «спайс”лар ёки чекиладиган қоришмалар ҳақида. Тошкентнинг бир бу, бир у деворида махсус Телеграм-каналларни реклама қилувчи граффитилар пайдо бўлиб қоляпти. Бу каналларда ким томонидан, қаерда, қандай формула асосида ишлаб чиқарилгани номаълум заҳарли синтетик наркотикларнинг порцияларига эркин буюртма бериш мумкин. Ва, эҳтимол, уларни истеъмол қилгандан сўнг, тирик қолиш ҳам мумкин.

Спайс сотувчиларга тегишли Телеграм-каналларнинг Тошкент кўчалари ва подъездларидаги рекламалари. Фотосуратлар «Эффект Макаренко» канали муштарийлари томонидан тақдим этилган.

«Спайс”лар таркибида, қоидага кўра, синтетик каннабиноидлар бўлади. Уларнинг инсон организми таъсири яхши ўрганилмаган. АҚШ ва Янги Зеландия олимларининг тадқиқотлари «спайс» истеъмоли узоқ давом этадиган психоз ва руҳий ҳолатнинг ўткир бузилишига сабаб бўлишини кўрсатган.

Кўплаб муштарийлар граффитилар бевосита мактаблар яқинида пайдо бўлаётгани учун ҳам айниқса хавотирда. «Спайс» сотувчиларнинг шахси номаълум. Улар Телеграмдаги каналларни хорижий сим-карталардан фойдаланган ҳолда очади. Уларни аниқлаш жуда қийин. Телеграм эса, ўз навбатида, на махсус хизматлар билан, на ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари билан ҳамкорлик қилади.

Дилерлар «олдиндан тўлов» усулида ишлайди. Зарур миқдордаги пулни ўтказиб берганингиздан сўнг, улар сизга ўз «товар”ингизни олиб кетишингиз мумкин бўлган «махфий жой» манзилини айтади. Этика нуқтаи назаридан биз «спайс» тарқатувчиларнинг саҳифаларига ҳаволалар бермаймиз. Лекин ишонинг — бу ҳам ўзига хос бир эпидемия. Бундай каналларни ўнлаб топса бўлади.

Виждонсиз дорихоналар ва уларнинг таблеткаларидан фарқли ўлароқ, «спайс”лар билан боғлиқ вазият жиддийроқ. Улар 2015 йилдан бери Ўзбекистонда «тақиқланган» моддалар рўйхатига киради. Уларни сақлаш, сотиб олиш ва ўтказишга жазо бор. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари уларга қарши курашяпти ҳам. 2018 йили ИИВ прокуратура, ДХХ, Божхона қўмитаси ва бошқа идоралар билан ҳамкорликда наркотикларнинг интернет орқали тарқатилишига қарши кураш бўйича махсус гуруҳ тузилган. Махсус режа ҳам тузилган бўлиб, тезкор чора-тадбирлар сири сабаб унинг тафсилотларини ошкор қилиш мумкин эмас.

«Бу йил биз гиёҳвандлик моддаларини ноқонуний айланмаси билан боғлиқ 350та ҳолатни аниқладик. Шундан 40га яқин ҳолат «спайс”лар билан боғлиқ эди. Учта ҳолатда наркотикларни сотиш интернет орқали амалга оширилган. Лекин интернетда катта етказиб берувчилар ишламайди. У ерда наркотикларни килолаб сотишмайди. «Спайс”ларни мамлакатга қўл юкларида, шунингдек, юк етказиб бериш каналлари орқали олиб киришга уриниш ҳолатлари ҳам қайд этилди. Иккита ҳолатда «спайс”ни дорихона мойчечагига аралаштириб, почта орқали юборишга уринишган», — деди Шавкат Отамуродов.

Яна бир ҳолатда ҳуқуқ-тартибот органлари «спайс» тарқатувчилар занжирини фош этишга муваффақ бўлган.

«Ходимларимиз профайлингни профессионал даражада ўзлаштирган — улар кўчада гиёҳванд одамни кўринишиданоқ ажрата олади. Шу йил январь ойида Шайхонтоҳур туманида ходимлар кўчада 27 ёшли Жаҳонгирни (исми ўзгартирилган) ушлаган, у ўзини ноадекват ва шубҳали тутган. Холислар гувоҳлигида гумонланувчининг ёнидан ҳидсиз ўсимлик моддаси солинган ўрам олинган. Ўрам таҳлил учун ИИВ лабораториясига юборилди, ва улар бу „спайс“ эканлигини тасдиқлади», — дейди Отамуродов.

Тергов давомида Жаҳонгир ўз етказиб берувчиси, 37 ёшли Сарварни (исми ўзгартирилган) «сотган». Сарварнинг хонадонидаги тинтув вақтида 1 грамм «спайс» олинган. Сарвар, ўз навбатида, унга «спайс”ни Жалол (исми ўзгартирилган) етказиб беришини маълум қилган, Жалолда ҳам «спайс”лар топилган. Жалол эса спайсларни интернетдан сотиб олган. Шу билан занжир йўққа чиққан ва иш судга оширилган.

Турган гапки, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари Телеграмда яшириниб ўтирган асосий етказиб берувчиларни фош қилиш учун машаққатли меҳнат қилиши керак.

Ҳозирча эса фуқароларни яна бир билвосита хавф ҳақида барча фуқароларни огоҳлантириб турган маъқул. Ижтимоий тармоқларда хорижда иш таклиф қилиш билан боғлиқ эълонлар кўпайиб қилди. Одатда, рекламада катта маош тўланадиган курьерлар ишга олиниши айтилади. Таҳририятга маълум эълонларнинг бирида Ўзбекистон фуқароларига Грузияда, Тбилиси ва Батумида ишлаш таклиф қилинади. Компания Тошкентда кунига 120−240 минг сўмлик маош билан малака ошириш курсларини, Грузияга учиб бориш, у ерда яшаш харажатларини қоплашга тайёр ва кунига 100−130 доллардан маош таклиф қиляпти.

Чапда — ВКонтактедаги сохта аккаунтда чоп этилган «иш» ҳақидаги одатий эълон. Ўртада ва ўнгда «иш берувчи» билан бўлган суҳбатдан парчалар. Скриншотлар «Эффект Макаренко» канали муштарийи томонидан тақдим этилган.

Бундай жозибадор таклифларга алданиб қолманг. Бу — мижозлар учун «товар» етказиб берадиган курьерлар тўплаётган «спайс» дилерининг эълони. Эҳтимол, улар ҳақиқатан ҳам кунига 100 доллардан пул тўлар. Лекин бундай курьернинг фаолият даври бир ойдан ортиқ давом этиши эҳтимоли жуда паст. Полиция бундай курьерларни қўлга туширишни жуда яхши билади ва охир-оқибат бир неча йилни хориж қамоқхонасида ўтказишга тўғри келади.

Ҳаммани қамаб қўя олмайсан

Андрей Самко билан бирга «Қатортол» бозорига кирдик. Энг ўнгдаги дарвозалар орқали, «российский, доллар» деган гапи ҳеч ўзгармайдиган валютафурушнинг ёнидан ўтиб, қандолат маҳсулотлари билан савдо қилинадиган бўлимга кириш мумкин. «Бу ерда ҳамма кимга нима кераклигини билади», — дейди Андрей.

Дўконлардан бирига кирамиз. «Кўкнор борми?», — деб сўрайди Андрей. Ваҳоланки сўрашга ҳам ҳожат йўқ — ерда булочкаларга сепиш учун мўлжалланган уч қоп кўкнор уруғлари турибди. «Мана яхшиси», — дейди ёш сотувчи аёл. «Йўқ, ҳақиқийсини, қорасини кўрсат!» — деб қатъий сўрайди Андрей.

«Қатортол» бозорига кириш жойи. Бино ичкарисида, чап томонда қандолатчилик учун мўлжалланган кўкнор сотилади. Релиса Грановская олган сурат.

Сотувчи аёл яна бир қоп кўкнор уруғи яширилган шкаф қутисини очди. «Мана, энг қораси! Бугун аллақачон бир қопини сотиб бўлдим!», — деди фахрланиб у. Кўкнор уруғининг бир килоси 120 минг сўм туради. Ўзимизни ҳақиқий гиёҳвандлардек тутишга уриниб, яна бир-икки дўконни айландик. Дарҳақиқат, сотувчилар бирдан барини англамоқда. Савдо жуда қизғин экани шундоққина кўриниб турибди.

«Кўкнорни шу ердан сотиб олса ҳам бўлади, лекин хўжалик дўконидан олиш осонроқ. Чунки бошқа масаллиқлар ҳам, масалан, эритгич (растворитель) ҳам керак», — дейди Андрей. Турли кимёвий моддалар ва кўкнор уруғлари ёрдамида наркоманлар «винт» деб аталадиган кўкнор суррогатини тайёрлайди. «Уруғларда кўкнорнинг кучсиз излари қолади, ана шуларни қайнатиб, ишлов бериш керак», — дея ҳикоя қилади Андрей.

Хўжалик дўконига борамиз. Қатортол кўчаси, 10/1-уй. Ичкарига кирамиз. Андрей фитнакорларга хос тарзда пичирлаб, сотувчидан сўрайди: «Кўкнор керак. Борми?». «Бор», — деб тасдиқлайди сотувчи. «Кўрсат!». Сотувчи ўйланиб туриб, сўнг яшириб қўйган жойидан бир коса кўкнор уруғларини олади: «Қораси, ол». Кўриб, у ердан кетамиз. «Кўряпсанми, бу ердаги ҳамма одам барча нарсани билади бу ерда», — дея хулоса қилади Андрей.

Кўкнор уруғларини реализация қиладиган Қатортол кўчасидаги хўжалик дўкони. Релиса Грановская олган сурат.

Одамлар ўз роҳати учун исталган нарсани истеъмол қилиши мумкин. Ёдимда, «Нима? Қаерда? Қачон?”нинг билимдонларидан бири менга денатурат, тоғора ва жуда кўп туз ёрдамида спирт олишнинг оқилона бир йўлининг тафсилотларини тушунтирган эди. Оғир Горбачёв замонида кашф қилинган усул. Агар ижтимоий асоси йўқотилмаса, гиёҳвандлик моддаларига қарши курашиш бефойда.

«Бизнинг янги стратегиямиз — бу уларнинг тарқалишига қарши кураш эмас, балки истеъмолдан огоҳлантиришдир. Чунки ҳамма сотувчиларни „қамаб қўйиш“ имконсиз, ўрнига янгилари пайдо бўлаверади. Дориларни ҳам тақиқлаб бўлмайди, у ҳолда даволанишга ҳеч нарса тополмайсиз. Шундай қилиш керакки, наркотикларни сотиб оладиган одам бўлмасин. Наркотикларга қарши кайфиятни тарбиялаш керак. Биз шу йўналишда ишлаяпмиз», — деди Тошкент шаҳар ИИББ тезкор вакили Шавкат Отамуродов.

«Ҳаммасидан ўтганман. Героин ҳам, ароқ ҳам, таблеткалар ҳам истеъмол қилганман. Беш йилда тўққиз марта клиникага ётдим. Тўққизинчи сафар Республика наркология марказида Елена Николаевна Хан мени таблеткалардан даволади. Шундан бери оғзимга олмайман. Қай бир вазиятда прегабалин сабаб нотавонга айланиб қолаётганимни, оилам, яқинларим, ота-онамни йўқотаётганимни тушуниб етдим. Сўнг клиникага ўзим бордим», — дейди Константин.

«Тўғри тушунинг, наркоманлар мана шу таблеткалар учун 20 йилдан қамоқ берилишини хоҳлайди. Улар буларнинг ҳеч бири бўлмаслигини хоҳлайди. Нима қилсангиз қилинг, лекин бу ярамас нарсани дорихоналардан йўқотинг», — дея илтимос қилиб қолди Константин.

«Газета.uz» таҳририяти ихтиёрида муаллиф томонидан келтирилган иқтибос ва фактларнинг ҳаққонийлигини тасдиқловчи материаллар бор. Исмлар суриштирув қаҳрамонларининг илтимосига кўра ўзгартирилган.

Муаллиф суриштирувни ўтказишда кўрсатилган ёрдам учун Тошкент шаҳар ИИББ ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматларига, шунингдек, ёрдам кўрсатиш ҳақидаги илтимосга лаббай деб жавоб берган бефарқ бўлмаган барча тошкентликларга миннатдорчилик билдиради.

Манба: gazeta.uz