Шундай оналар бўлган

Шундай оналар бўлган
37 views
27 June 2019 - 14:39

ШУНДАЙ ОНАЛАР БЎЛГАН

1915 йил. Чаноққалъа.
Устегман Фарруқбей Чаноққалъа жабҳасига янги келган аскарларни кўздан кечириб, қабул қилмоқда. Бу сафар келган аскарларнинг кўпи ҳали бола ёшдаги аскарлар эди. Ўн беш ёш атрофидаги болалар.

Фарруқбей аскарларни кўздан кечирар экан, сочининг ўртаси сариққа бўялган бир йигитча унинг эътиборини тортди. Уни ёнига чақирди.

– Исминг нима?
– Али, командирим. – Ийманиб жавоб берди йигитча.
– Қаерликсан?
– Тўқатликман. Тўқатнинг Зира қишлоғиданман.
– Яхши. Ўғлим, бошингдаги нима? Нега сочинг сариққа бўялган?
– Жабҳага келишимдан олдин онам сочимга хина суриб қўйдилар, командирим. Негалигини билмайман.
– Майли, борақол, хинали Али, – деди Фарруқбей жилмайиб.

Шу кундан бошлаб Алининг исми атрофга “Хинали Али” бўлиб ёйилди. Теварагидаги дўстлари уни Хинали Али дебгина қолмасдилар. Унинг сочидаги хина улар учун доимий гап-сўзларга мавзу бўлди. Ҳар ким унинг ёнидан ўтганда, сочидаги хина ҳақида бир нарса демай кетмасди.

Хинали Али қисқа бир вақтда ўзининг ёқимли ва жасур ҳаракатлари билан ўртоқларининг ҳурматига эришди.

Бир куни ота-онасига мактуб ёзмоқчи бўлди. Али ўқиш ёзишни билмасди. Шунинг учун у айтиб турди, ўртоқларидан бири ёзди.

“Севикли онагинам, отагинам! Қўлларингиздан ўпаман. Мен бу ерда жуда яхши юрибман. Мендан хавотир олманг…”, деб бошлади мактубини. Синглисини ва ўзидан кейинги укасининг аҳволини сўради. Бу ердаги инсонлар уни қаттиқ ҳурмат қилишларини ёздирди. Бир қанча сўзларни ёзгандан сўнг, кўнглидаги бир гапни мактубнинг охирига қўшиб қўйди:

“Онажоним! Сиз келаётганимда, сочимга хина суртиб қўйгандингиз. Бу ердаги қўмондонларим ва ўртоқларим шу сочимдаги хинани гапираверишади, устимдан кулишади. Ким кўрса, шу хинадан гап бошлайди… Сиздан илтимос, укам жабҳага кетаётганида унга бу ишингизни қилманг. Уни ҳам гапириб юришмасин…. Онажоним. Қўлларингиздан ўпаман”, дея мактубини битирди.

Гелибўлуда жанглар авжига чиқди. Инглизлар урушда ғалаба қозониш учун бор кучлари билан жанг қилишар эди. Жанг майдонида аскарларимиз биттадан, кейин бештадан, ўнтадан шаҳид бўлар эдилар. Ёрдам кучлари ҳам келиши камайди. Аскарларнинг сони кундан-кун озайиб борар эди. Гелибўлу қўлдан кетай деб қолган эди. Алининг командири чорасиз аҳволда қолди. Фарруқбей иложи борича, жанг майдонига болаларни юбормасликка ҳаракат қилар эди. Аскар йигитчалар, командирдан ўзларини жабҳага юборишини қистай бошладилар. Таҳлика юздан юз эди…

Болалар жангга бориш талабларини қайтараверганларидан сўнг, қўмондон аскарларни оташ майдонига юборишга мажбур бўлди. Йигитчалар ўлим аниқ бўлган жанг майдонига ошиқар эдилар…

Ўша куни, натижаси – ўлимлиги аниқ бўлган жабҳага кўнгилли бўлиб, Али билан бирга кетган аскарлардан бир донаси ҳам қайтмади… Ҳаммалари шаҳид бўлдилар…

Бу ҳодисадан кўп ўтмай, Хинали Алига ота-онасидан хат келди. Унинг ўрнига командир олди хатни. Овозини баланд қилиб мактубни ўқий бошлади. Шаҳид бўлмасидан сал аввал Алининг ёзган мактубига отаси жавоб ёзган эди:

“Ўғлим! Алийим! Қалайсан? Яхшимисан? Кўзларингдан ўпаман. Саломларимни йўллайман сенга…

Али! Ҳўкизни сотдим. Унинг ярим пулини сенга жўнатяпман. Қолган ярмини яқинда урушга борадиган укангга берамиз. Ҳозир далани ҳўкизнинг ўрнига ўзим ҳайдаяпман. Унчалик чарчаётганим йўқ. Сен бизни ўйлама!…”

Ота уйдагилардан, қариндошлардан хабар ёзганидан сўнг, “онангни сенга айтадиган гапи бор экан”, дея сўзни Алининг онасига қолдирди. Мактубнинг бундан буёғи Хинали Алининг онасининг тилидан ёзилган эди. Онаси шундай дерди:

“Ўғлим, Алийгинам! Мактубингда дўстларинг бошингдаги хинани кўп гап-сўз қилишганини ёзибсан. “Укамга бу ишни қилманг”, дебсан. Укангга ҳам шу ишни қилдим. Сен ташвишланма. Командирларингга ва ўртоқларингга айт, сени устингдан гап қилишмасин.
Улар билиб қўйишсин. Бизнинг тарафларда уч нарса учун хина сурилади.

Келин бўлаётган қизга. “Кетсин, оиласига, болаларига қурбон бўлсин” дея…

Қурбонлик қилинадиган қўчқорга. “Кетсин. Аллоҳга қурбон бўлсин” дея…

Аскарликка кетаётган йигитларга. “Кетсин… Ватанга қурбон бўлсин” дея… Кўзларингдан ўпаман. Салом айтаман… Аллоҳга омонат бўл!…”

Алининг мактубини қайта-қайта ўқир эканлар, Гелибўлуда қўмондонлар ҳам, аскарлар ҳам ҳайқира-ҳайқира йиғлар эдилар.

Шундай!
Бу Ватан бизга неча-неча Хинали Алиларнинг ҳадясидир.

Манба: hurriyet.com.tr

Туркчадан Шоолим Шомансуров таржимаси