Гулнора Каримовага озодлик талаб қилиб чиқаётганлар кўринб қолди…

Гулнора Каримовага озодлик талаб қилиб чиқаётганлар кўринб қолди…
89 views
27 June 2019 - 14:59

Бир икки кундан бери, Гулнора Каримовага озодлик талаб қилиб чиқаётганлар кўринб қолди. Аниқса бу нарса артистлардан бошланди.

Қул табиати шундаки, унда ўзини йиллар давомида эксплуатация қилиб келган “Хўжайин”га нисбатан муҳаббат уйғонади. Уни қанчалик эзиб ишлатган бўлса ҳам, унга адолатсизликлар қилган бўлса ҳам қул табиат инсонлар Стокгольм синдромига учрайди, хўжайинини яхши кўраверади. Гулнорани тарафини олаётганлар, уни қўйиб юборилишини истаётганлар ҳам, хақиқий қул тафаккурига эга инсонлардир.

У эртага озод бўлиб, халқдан ўғирланган ва ҳеч ким билмайдиган пулларини сарфлаб ялло қилиб юради, сен эса инстаграмда унга лайк босиб, Москва кўчаларини супуришда давом этасан… Шуми адолат? Шу хақиқатми? Нима учун ўқитувчилар 600 минг сўм ойликка ҳамма ишларни ишдан ҳайдалмаслик учунгина қилиб юрган бир пайтда, миллионлаб ватандошларимиз Россияда қул каби ишлаб, туалетларни ювиб юрган даврларда бу “инсон” миллиардлаб доллар пулларни ютиб юборди? Шунинг учун яхши кўриш керакми уни? Ҳар хил проектлари, грантлари бу у ўмарган пулларни олдида денгиздан томчи эди холос.

Қанчадан қанча тадбиркорларни қаматди, хонавайрон қилди. Босар тусарини билмади, унга Василий Сталинни ҳаёти ўрнак бўлмади, Удай Хусайиннинг тақдири дарс бўлмади. Бутун умр шундай яшайман деб ўйлади. Гулнорага нисбатан афв қилиш ҳукми умуман мумкин эмас. Токи бошқалар ҳам хулоса чиқарсин…

Артистлар ва фоҳишалар ҳар қандай тузумга бирдай хизмат қилаверишади, уларда принцип бўлмайди. “Тимсох кўзёшлари” деган термин бор, айтишларича тимсох ўз ўлжасини еб бўлиб йиғлар эмиш… Гулноранинг қамоқдан туриб ёзган хати ҳам худди шу тимсоҳ кўзёшларидан бошқа нарса эмас.

1789 йилги Буюк Француз революцияси даврида яшаган Франция маликаси Мария Антуанеттага аёнлари: халқ оч, егани нони ҳам йўқ дейишганида малика: Агар егани нонлари йўқ бўлса пирожни ейишсин нима муаммо? деб жавоб берган экан… Гулнора ҳам шу малика сингари фақат ўзи учун енгил яшади, рейдерлик, порахўрлик билан бойлик орттирди. Лекин Гулнора фалон пулга Париждан модельерлар олиб келиб кўнгли тусаган кечалар уюштириб юрган даврларда, қишлоқларда инсонлар карточка тизимидаги ун, ёғ ва ўтин-кўмир ғамида эди… Миллион долларлар пул бериб, чет эл юлдузлари билан дуэт қўшиқ куйлаб юрганида юзлаб болалар лейкемиядан вафот этди… Кўз олдимга яллочи малика ва боласини даволатиш учун кўзлари милтираб ҳар ёндан нажот кутиб, юраги типирчилаган она сиймоси келганида қандай қилиб кечириш мумкинлигини тасаввур қила олмайман.

Қорни очлигидан қўшнисини товуғини ўғирлаб чиққан ёш йигитни қамамоқчи бўлишса, унга раҳмим келиши мумкин, кечириш керак ақли киради ҳали ёш дейишим мумкин. Лекин Ўзбекистонда энг комфорт шароитларда яшаб туриб ҳам шунақа ишлар қилган, пулларни ўмариб, тортиб олиб, тадбиркорларни қақшатиб четга олиб кетган маликани кечира олмайман. Гулнора ёзган хатида президентдан узр сўрабди. Гулнора, сиз бойлик тўплаган даврингизда далаларда сизни бой қилиш учун совуқларда қўлларини пуфлаб пахта терган болалардан кечирим сўранг, сизни инжиқликларингиз туфайли умрини катта қисмини қамоқда ўтказган тадбиркорлардан узр сўранг.

Болалигимда боғча опамизни ўғли, ҳаммамизни ўзимиз олиб келган зўр ўйинчоқларимизни тортиб олар эди. Бермасак ойиси боғча опалигини айтиб қўрқитарди… Сиз кўзига яхши кўринган ўйинчоқларни тортиб олиб қўядиган ўша инжиқ бола эдингиз холос.

Ҳа айтганча, Мария Антуанеттани халқ кейинчалик бошини танасидан жудо этган эди… Адолат эртами кеч қарор топиши керак. Ҳамма ўз қилмишига яраша жазо топиши керак.

Ҳар кимки вафо қилса, вафо топқусидур!
Ҳар кимки жафо қилса, жафо топқусидур!
Яхши киши кўрмагай ёмонлиқ ҳаргиз,
Ҳар кимки ёмон бўлса, жазо топқусидур!

Нурбек Алимов