Дунё олимларига ва барча тинчликсевар инсониятга мурожаат

Дунё олимларига ва барча тинчликсевар инсониятга мурожаат
90 views
29 June 2019 - 10:00

 ДУНЁ ОЛИМЛАРИГА ВА БАРЧА ТИНЧЛИКСЕВАР ИНСОНИЯТГА МУРОЖААТ

Бу мурожатни ёзиш нияти  менда ярим аср олдин туғилганди. Турли хил объектив ва субэктив шароитлар сабаб, буни қилиш имкони бўлмади. Энди, 70 дан ошиб, нариги дунё яқин бўлиб қолганида ҳам, ўз ҳаловатим(нафсим)ни  ўйлаб, буни қилмасдан ўтиб кетсам, Аллоҳ ва инсоният олдида, бир олим ўлароқ, бурчимни бажармай қолмайин дедим.

Дунё цивилизацияси асосан олимлар тафаккури ва меҳнати эвазигадир, десам муболаға бўлмайди. Шу боис, барча тарихий ва сиёсий даврларда  олимлар номи, асарлари, кашфиёт ва ихтиролари эъзозланиб келинган.

Шу билан бирга, инсоният ва цивилизацияни йўқ қилишга қаратилган, турли хил ядровий, кимёвий, биологик ва бошқа қуроллар ҳам айнан олимлар тафаккури ва меҳнати эканлиги ҳеч ким учун сир эмас.

Сурат-1. Профессор А.Хоразмий

Оммовий қирғин қуролларининг инсоният учун энг ҳалокатлиси бу ядро (атом ва водород) қуролидир. Ядро қуроли инсоният яратган энг шафқатсиз, энг қирғинбарот восита ҳисобланади. Ҳозирда ер шари аҳолисини бутунлай қириб ташлашга қодир бўлган бундай қуроллар заҳираси, ўзининг ёвуз имкониятини кутиб ётибди.

1939 йилда Франциялик физик олим Жолиёт-Кюри асосан илмий қизиқиши сабабидан,  дунёда биринчи бўлиб, ядро қуролини ихтиро қилди ва патентлаштирди. Шу боис у атом бомбаси ихтирочиси ҳисобланади.

Қирғин қуроли сифатидаги атом бомбасининг расмий оталари сифатида Америкалик олим Роберт Оппенгеймер ва Совет олими Игорь Курчатовлар ҳисобланади. Японияга ташалган атом бомбасининг фожиасини кўрган Роберт Оппенгеймер қилган ишига афсус қилиб, бир умр ўзини «Дунё вайронагари» атаб, лаънатлаб ўтган.

 Афсуски рус олими И.Курчатовга бундай иқрор ва фаросат насиб этмаган. Аксинча, улар оммавий қирғин қуроллари ясагани учун илмий унвонлар, қўша-қўша қаҳрамонлик юлдузларию, орденлар гаштини суриб юришган. Бу тоифа олимлар ҳозирда ҳам етарлича кўп.

Оз бўлсада, оламшумул жиноятга қўл урганини кеч бўлсада тушиниб, бу йўлдан қайтган олимлар ҳам бор. Бундай олимларнинг сардори, водород бомбасининг ихтирочиларидан бири, академик Андрей Сахаров ҳисобланади.

Сахаровнинг бу жасорати учун Коммунистлар ҳукумати унинг 3 карра қаҳрамонлик унвонини, Ленин ва Сталин мукофотларини ва барча орден ва медалларини қайтиб олди. Гал илмий унвони(академиклиги)га келганида Совет олимларининг қаттиқ туриб уни ҳимоя қилганлари учун, қудратли КПССнинг унга тиши ўтмади. Бу эса Совет олимларининг КПССга қарши иккинчи (биринчиси Н.Хрушевни академикликка ўтказишмагани) ғалабаси эди.

Лекин А.Сахаров ўз уйи(Москва)дан ёпиқ шаҳар ҳисобланган Горькийга сургун қилинди. У ерда Нобел мукофоти лауреати бўлган бу буюк олим, хоин тамғаси билан, хор-зорлиқда, 2 хонали диқнафас бир квартирада, узоқ йиллар яшади.

Сурат-2. Академик  А.Сахаров Сеъзда:                              
Йўқолсин, оммавий қирғин қуроллари!

М.Горбачевнинг ошкоролик йиллари А.Сахаров СССР ҳалқ депутати сифатида қуролланишга қарши қизғин фаолият олиб борди (сурат-2). Афсуски, манашу оташин нутқидан кейин, оламдан кўз юмди. Аллоҳ уни қилган солиҳ амаллари билан ялқаган бўлсин!

Оммавий қирғин қуролларининг янабири химиявий қурол бўлиб, бу қурол турли хил заҳарли химиявий бирикмалардан иборат ва ҳарқандай тирик организмни қисқа муддатда яксон қилади.

Россия президенти В.Путин айтган маълумотларга қараганда, ҳозирдаги дунёда йиғилган химиявий қуролларнинг миқдори ер юзидаги барча тирик организмни бирнеча марта йўқ қилишга етиб ортар экан. Шундай бўлсада, бундай қуролларни яратиш ва кўпайтириш йилдан-йилга ошиб бормоқда.

Эътиқоди учун сазойи қилинган олимларнинг янабири “Новичок” деб аталмиш кимёвий қурол муаллифларидан бири, йирик химик олим, профессор Владимир Углев эди. ВВСнинг маълумотларига қараганда, бу таниқли  олим, химиявий қурол яратиш борасидаги тадқиқотларни танқид қилгани боис, Россия ҳукумати томондан қувғин ва босимга учраган.

Оммавий қирғин (химиявий) қуролининг янада даҳшатлироқ ва янги турларини яратишдан воз кечгани сабаб, бу йирик олим  1990 йилларда сақич (живачка) сотиб кун кўрган. Бу ҳам етмагандай, уни “педофил”, “ўғри” деб листовка чиқариб, обрўсизлантириш кампаниясининг ташкилотчиси ҳам айнан ҳукумат (ФСБ) бўлган.

Янабир оммавий қирғин қуроли бу биологик қурол бўлиб, улар асосан турли хил касалликлар келтириб чиқарувчи микроблар, бактериялар, вируслар, токсинлар, турли хил ҳайвонлардан иборат бўлиб, барча тирик организмлар(инсон, ҳайвон, ўсимлик)га қирон келтиради.

Булардан ташқари, катта-кичик, барча ўқотар қуроллари ҳам инсониятнинг душманидир. Шундай бўлсада, жангарилик тимсоли бўлган бундай қуролларнинг  Мозамбик ҳалқ Республикасига ўхшаган айрим давлатларнинг байроғида (Калачников автомати) бўлиши ва Арабистон байроғидаги қиличнинг рамзи ажабланарли ҳолатдир.

Жаҳондаги оммавий қирғин қуролларининг асосий қисмига эгалик қиладиган Америка Қўшма Штатлари ва Россия Федерацияси раҳбарларининг: “Қуролланиш пойгасини тўхтатиш эмас, бу қуроллар баланси(тенглиги)ни сақлаш муҳим”,- деганини жиддий қабул қилиб бўлмайди.

Россия раҳбарининг: “НАТО ва Варшава шартномаси иштирокчилари (ёхуд АҚШ ва СССР) ўртасида қуроллар баланси тенг бўлганлиги, тинчликни кафолатлаганди. Мана биз қуроллар балансини таъминлаб, дунёда тинчлик бўлишини яна кафолатладик”,- дейиши мантиққа тўғри келмаслиги қуйидаги мисол билан собитдир.

СССР парчаланиб кетганидан кейин то Путин ҳокимияти давригача Россия сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий жиҳатдан ночор аҳволга тушиб қолди. Аввалги баланс (тенглик) йўқолиб, АҚШ якка ҳоким (гегемон) бўлиб қолди. Дунёдаги тинчлик ҳам йўқолмади, Россия ҳам босиб олинмади.

Ер юзидаги барча тирик организмни бирнеча марта йўқотиш қудратига эга бўлган бу қуроллар нафақат инсоният ва цивилизация учун, ҳатто ер курраси учун ҳам потенциал хаф бўлиб турса-ю, яна тинчлик тўғрисида гап бўлиши мумкинми?!

*  *   *

Қишлоқ хўжалик экинларидан олинадиган маҳсулотнинг ярмидан кўпроғи агрохимикатлар қўллаш эвазига олинади. Фан-техника, айниқса, химия саноати гуркираб ривожланаётган 21-асрга келиб, агрохимикатлар дунёни экологик кризисга олиб келиши мумкин бўлган асосий омиллардан бири эканлиги ҳечкимга сир бўлмай қолди.

ХХ-асрда Меркаптофос, ДДТ, ва бошқалар каби агрохимикатлар химиявий қурол сифатида ҳам ишлатилган. Ҳозирда улар ҳалқаро конвенция қарори билан ишлатиш қатъиян маън қилинган. Жорий вақтда ишлатилаётган агрохимикатларни маълум даражада секин таъсир қилувчи химиявий қуролларга тенглаштириш мумкин.

Совет замонида (айниқса Хоразм воҳасида) “План любой ценой!” шиори остида узоқ йиллар давомида олимлар тавсиясига нисбатан 2-3 баравар кўп агрохимикатлар ишлатилди. Натижада биосфера экологияси ёмонлашиб, тупроқ унумдорлиги пасайди.

1995-2002 йиллар давомиди Хоразм воҳасида олиб борган чуқур илмий тадқиқотларимизнинг кўрсатишича, агрохимикатларнинг (айниқса юқори меъёрларда) қўлланилиши натижасида, тупроқ таркибидаги биосфера (тупроқ) экологиясига салбий таъсир қилувчи Cd, Ni, Cr каби оғир (заҳарли) металлар миқдори 2-2,5 бараварга, пестицидлар қолдиқлари миқдори 3-3,2 бараварга ошган.

Сурат-3. Ихтиро патенти

Натижада тупроқ таркибидаги фойдали макро ва микро организмлар миқдори 2 – 3 марта камайган. Тупроқ унумдорлигининг асосий кўрсаткичи бўлмиш гумус (чиринди) 12 – 17 % га, ўғитлар самарадорлиги 30 – 40 % га пасайган.  Фақат агрохимикатлар сабаб, Хоразм воҳаси аҳолисининг саломатлиги эса 17–21% га ёмонлашган.

Тадқиқотлардан олинган маълумотлар асосида ўсимликларни ўғитлашнинг экологик ва иқтисодий мақбул бўлган услубини яратганмиз. Бу услубимиз Пахта экилган тупроқни ўғитлаш услуби” номи билан ихтиро (патент-№ IDP 04369) сифатида тан олинган (сурат-3). Бу ишларимиз Ал-Хоразмий мукофотига сазавор бўлди.

Агрохимикатлар қўллаш билан юзага келаётган муаммолар ва уларни бартараф қилиш борасидаги таклифлар билан, мамлакат президенти И.Каримовга қайта-қайта мурожат қилдим. Афсуски, менинг мурожатларим эътиборсиз қолдирилаверди.

Ва ниҳоят, мен мамлакат президентига интернет сайтлари орқали мурожат қилишга мажбур бўлдим:

Менинг президентга биринчи мурожатим Centrasia (13.01.2005) сайтида: “Ўзбек ҳалқини қандай қилиб экологик тоза маҳсулотлар билан таъминлаш борасида профессор А.Хоразмийнинг академик (президент) И.Каримовга мурожати” номи билан эълон қилинди.

Бу мурожатимга ҳеч қандай жавоб бўлмагач, шу сайт орқали 23.02.2005 да: “Профессор Хоразмийнинг академик Каримовга очиқ хати. Ўзбекистон тупроқларини Орол денгизининг тағдири кутаяпти” номли кейинги мурожатим эълон қилинди. Бу мурожатда муаммонинг долзарблиги ва уни ҳал қилиш йўллари кўрсатилганди.

Сурат- 4. Хоразмийлар оилавий пикетда

Бу борадаги президентга қилган барча хилдаги мурожатларим эътиборсиз қолаверганидан кейин “Агрохимикатлар билан биосфера экологиясини булғашни бас қилинг!” (Прекратиь загрязнение экологию биосферы  агрохимикатами!) ва “Президент бобо. Бизга бузилмаган ва булғанмаган замин қолдиринг!” (Дедушка президент. Оставтье нам не разрушенных и не загрязненных земля!)  деган ёзувлар билан оилавий пикет қилдик (сурат-4).

Натижада, Ўзбекистонда агрохимия соҳасидаги нафақа ёшига етмаган, ягона профессор бўлсамда, ишдан ҳайдалиб, узоқ йиллар катта оиламни мардикорлик билан боқдим.

Ўзбекистонда коррупция танқид қилинган “Вакил” номли китобим нашр қилинганидан кейин, ҳаётим хаф остида қолди. Бу ҳам етмаганидай, Ўзбекистондан бадарға қилиниб, муҳожирга айландим.

Муҳожирот(Буюк Британия)да ҳам коррупция билан муроса қилмадим ва бу йўлда ногиронга айландим. Бу ҳақда “Аянчли кунлар тарихи, ёхуд, коррупцияга қарши беаёв кураш” номли китоб (Танланган асарлар, 17-том) ёздим. Бу китобимда: “Коррупцияга қарши курашларим йўлида вафот қилсам, мени Шаҳид деб кўминг”, – деб васият қилдим.

Оммавий қирғин қуроллари яратишга, агрохимикатларни асоссиз ишлатишга қарши бўлган кўплаган олимлар, ими-жимида йўқ қилиб юборилди, айримлари муҳожиротда жон сақлади. А.Сахаров, В.Углев, А.Хоразмий каби олимлар хоин сифатида босим остида қолиб, хор-зорлиққа юз тутишди. Бироқ, уларнинг инсоният олдида виждони тоза, Аллоҳнинг даргоҳига ёруғ юз билан бораоладилар ин-ша-Аллоҳ.

*  *   *

Юқорида баён қилинган фактлар асосида қуйидагича (баёнот) мурожат қилмоқчиман:

Дунё олимлари, муҳтарам ҳамкасблар!

Нафақат оммавий қирғин қуролларини, ва шунингдек, инсониятга қарши қаратилган ҳарқандай қуролларни яратишга ва такомиллаштиришга бош қўшманг. Бу йўлга кирганларингиз, жуда кеч бўлмасдан, юқорида зикр қилинган олимлар каби, бу йўлдан воз кечинг.

Аксинча, ўз илмий ва ақлий салоҳиятингизни қуролсизланишга, тинчликка, экологик мусаффоликка, цвилизацияга қаратинг. “Қуроллар баланси (тенглиги) тинчлик кафолатидир” деган чўпчакка ишонманг. Тинчлик кафолати – қуролсизлик, диалог ва келишувдир.

Нафақат инсониятни, ҳатто ер куррасидаги барча тирик мавжудотни ва инсониятнинг минглаб йиллик цвилизациясини қисқа муддатда йўқ қилаоладиган қуролларни яратган заковат, бунинг аксини қилишга ҳам қодир. Аллоҳ берган илм ва заковатни ёвузликка эмас, эзгу ишга сарфланг.

Муҳтарам журналистлар ва адиблар!

Сизларнинг қўлингизда жуда катта ахборот, тарғибот ва ташвиқот (сўз) қудрати бор. Инсониятга қарши ҳарқандай қуролларни яратувчи олим ва инженерларни, ишлабчиқарувчи ишчи ва ходимларни тарғиб эмас, танқид қилинг. Аксинча, юқорида зикр қилинган каби, қурол ва қуролланишга, агрохимикатлар ишлатилишига қарши бўлган олим ва фаолларни тарғиб қилиб, қўллаб қувватланг.

Муҳтарам сайловчилар!

Сиёсатчилар ва раҳбарларни сайлашда ватан ҳарбий қудратини мустаҳкамлаб, ҳарбий жиҳатдан буюк қиламан дейдиган жангарисифатларга овоз берманг.

Муҳтарам сиёсатчи ва раҳбарлар!

Ўзингиз ҳам ишонмайдиган “Қуролланиш ва қуроллар баланси тинчлик кафолати” –  деган шиордан воз кечинг. Ихтиёрингиздаги инсониятга қарши ишлатиладиган ҳарқандай қуроллар захирасини тезроқ йўқотиш чорасини кўринг. Қурол ишлаб чиқариш, уларни сотиш ва сотиб олишни тўхтатинг. Ҳозирда қуролланиш(инсониятни қириш)га сарфланаётган маблағни ҳалқ хўжалигига йўналтирсангизлар, мамлакат гуллаб-яшнаб кетади. Ҳарбий жиҳатдан эмас,  иқтисодий, маънавий ва экологик жиҳатдан мамлакатингизни ва ҳалқингизни буюк қилинг.

Бу эзгу йўлдаги сайи-ҳаракатларингизга  қудратли Аллоҳдан баракотлар тилаб,

Сизлар(дунё олимлари)нинг ҳамкасбингиз,
тупроқшунос-агрохимик, қишлоқ хўжалик фанлари доктори,
Ўзбекистон Фанлар Академияси ва Ал-Хоразмий мукофатлари лауреати,
профессор
Ахмад ҳожи Хоразмий
Буюк Британия, Стокпорт шаҳри, 2019

 

ЎХҲ редакциясига келган мактуб