Булбулим

Булбулим
26 views
29 June 2019 - 10:30

 

 

БУЛБУЛИМ

Гул жомида гулгун шароб кўзлаган,
Жуфтин излаб аччиқ-аччиқ бўзлаган,
Муҳаббатдан йиғлаб-йиғлаб сўзлаган,
Ёниб-ёниб айтишайлик, булбулим.

Асли ўзи ишқ бозори бўлмаса,
Бозор бўлса, ошиқ моли ўлмаса.
Ғам бўлмаса, қизил гуллар сўлмаса,
Ёниб-ёниб айтишайлик, булбулим.

Яқинмиди Шому Ироқ ораси,
Кўринмайди Маролжоннинг қораси.
Унда қолди жигаримнинг пораси,
Ёниб-ёниб айтишайлик, булбулим.

Устунсиз бу дунё ўтар туш экан,
Фикр-ўйлар учар-кетар қуш экан.
Алвон оғочлари чирик, бўш экан,
Ёниб-ёниб айтишайлик, булбулим.

Ўзинг боғда, кўнгилда боғ бўлмаса,
Юрагингда ҳайбатли тоғ бўлмаса,
Бир даллига битта ҳам соғ бўлмаса,
Ёниб-ёниб айтишайлик, булбулим.

Ислом Холбой
“Ҳижрон азоби” Шеърлар китоби, 
Тошкент, “Ёзувчи нашриёти”, 1998 йил

facebook.com