Сўз эркинлиги бўйича ишларнинг ҳаммаси популистликдан бошқа нарса эмас

Сўз эркинлиги бўйича ишларнинг ҳаммаси популистликдан бошқа нарса эмас
20 views
30 June 2019 - 10:24

Комил Алламжонов яқинда барча блогерлар унинг ва давлат ҳимоясида эканлигини айтди. Шунингдек, кўпчилик давлат ташкилотлари оммавий ахборот воситаларини касб байрами билан табриклаб, Ўзбекистонда сўз эркинлиги таъминланиши борасида чиройли сўзлар билдиришди. Ушбу жарангдор ва баландпарвоз сўзлар янграган тадбирларда шахсан иштирок этишга ҳам сазовор бўлдим. Лекин айтилган сўзларнинг амалиётда исботини ҳозирча сезмаяпман. Сиёсий ва ижтимоий соҳаларда ёзадиган блогер сифатида ўзимни ҳимоясиздек ҳис қиляпман.

Юнусобод РУВДсига Сардор Комилов (Sayyod.com) қилган танқидларимга чидай олмай, мендан арз қилган экан. Адвокатларсиз, шунчаки, ўзим у ерга бориб, кўп нарсани гувоҳи бўлдим.

Ишни ўрганаётган масъулнинг консерватив қарашлари ва примитив фикрлаш механизми мени лол қолдирди. Ўз фикрларини баланд ва хақоратли оҳангда билдирган ички ишлар ходимини холис деб аташим қийин. Унинг фикрича, танқидий фикрловчи барча блогер ва журналистлар душман. Ватан хоинлари. Уларни барчасини қамаш керак. Қўйиб берса, қўлига пичоқ берса, мени сўйиб ташлагудек важоҳат билан кескин муоммала қилди. Шунингдек, мени олдинроқ вазият бўйича ёзиб берган тушунтириш хатимни қайтадан, улар истаганича ёзиб беришга мажбур қилди. Маъмурийдан уёққа ўтмайдиган иш бўйича жиноий очамиз, деб қўрқитишди. Сени қамаймиз, деб таҳдид қилишди. Уларнинг айтишича, мен телеграм каналимда ёзаётган нарсаларим тўғридан-тўғри давлатга қарши иш экан. Мени эса узоқ йилга қамаш керак. Участка нозири эса менга ҳақоратли сўзларини ишлатган ҳолда мурожаат қилиб, барча айбни бўйнимга олишга мажбурлашга уринди. Мен адвокат сўзини тилга олишим билан сал пасайди.

Ундан ташқари, аризачи Сардор Комиловни чақиртириб, унинг мен томонимга йўлланган хақорат ва таҳдидларини мазза қилиб кузатишди. Тушунишим бўйича, Сардор у ерларда тез-тез бўлиб туради. Ҳамма билан оғайни ва қалин дўст. Ходимларнинг холислик даражаси – 0.

Менга ўтказилган руҳий босимдан келиб чиқиб айтишим лозимки, сўз эркинлиги бўйича ишларимиз ҳаммаси популистликдан бошқа нарса эмас. Айбим бўлса, жарима тўлашга тайёрман. Лекин мени хуқуқ ва эркинликларим топталмаслиги керак. Мен қилмаган ишни мендан босим орқали ёздириб олишга уриниш, бу – авваламбор ёввойиларча куч ишлатиш. Кейин эса ноқонуний хатти-ҳаракат. Ва умуман, буни бари заказга ўхшаяпти. Ютюбдаги видеолари остидаги шарҳларида минглаб хақоратли комментларни қабул қиладиган одам мени устимдан ёзгани бежиз эмасга ўхшайди.

Барча фаолларни, блогерларни ҳамда Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармасини ушбу вазиятга эътибор қаратишларини сўрайман. Сўз эркинлигини чеклашга бўлган хатти-ҳаракатдан хабардор бўлишларини истайман. Куч ишлатар тизим вакиллари билан муносиб мулоқот қилиш тажрибам бўлмаса ҳам ўз ҳақ-хуқуқларимни таъминлашларини, менга нисбатан тўғри муоммалада бўлишларини сўрайман. Оддий фуқаро сифатида Юнусобод РУВДси деворлари орасида мени шахсиятимга тегишди. Ҳуқуларимни топташга уринишди. Заказни ким қилган бўлса ҳам айтишим лозимки, ният мени синдириш бўлса, бекор қиляпсизлар. Шунчаки айтинглар, барига тупуриб Ўзбекистондан чиқиб кетаман. Сураман. Фақат менга нисбатан эски примитив усулларни қўлламанг. Ва мени ўз фикримни ёзмасликка мажбур қила олмайсиз. Фикр меники, ўзингизни ўлдирсангиз ҳам, сўз эркинлигини чекласангиз ҳам фикр эркинлигини буға олмайсиз.

Нозим Сафари

Манба: fayzboguz