Чинорларнинг кесилаётганини кўриб қолдим…

Чинорларнинг кесилаётганини кўриб қолдим…
39 views
03 July 2019 - 12:03

Ўғлимни боғчага ташлаб нариги уйга бораётганимда Риштон марказидаги чинорларнинг кесилаётганини кўриб қолдим.

Бу қанақаси? 50-60 йиллик дарахтлар ҳе йўқ-бе йўқ кесилиб кетаверадими?!

Ахир бу дарахтларни бир пайтар Зоҳидов домла эккан эдилар. Ота-боболаримиз ишларига шундай қараймизми?

Кейин бора солиб тўхтатишга уриндим. Аррачилар бир муддат тўхташди.

– Катталар нима деса шу, биз оддий ижрочилармиз. Гапингиз бўлса, ўшаларга гапиринг!

– Сизлар озгина тўхтаб туринглар, илтимос. Ҳозир катталарни чақирамиз.

У ёқ-бу ёққа телефон қилиш бошланди. Даставвал Экология бўйича Риштонга масъул киши Валижон ака етиб келдилар. Айтишича, отпускада экану, бугун нима бўлиб марказга келган экан.

– Нега катта ариқнинг бу томонидаги чинорлар кесилмоқда?

– Менинг бундан хабарим йўқ. Менга йўл бўйидаги чинорлар кесилиши айтилганди.

– Хоп, йўл бўйидаги кесишар энди, Лекин ариқнинг бу юзидаги қолсин, шаҳарни саҳрога айлантирманглар.

– Ободонлаштиришдагилар билан гаплашасизда энди, ука.

– Телефон қилейлик унда, келишсин, гаплашайлик. Қўлида қарори борми-йўқми?

Кейин Ободонлштириш бўлимининг ёрдамчиси келди. Ўзини Умиджон деб таништирди.

– Биз ўзимизча бир нима қилмаймиз. Ҳаммаси келишилган.

– Булар Бувайдадан келишибди. Аррачилар Учкўприкдан экан. Чеккадан келиб Риштонни кал қилиб кетаверишадими?

– Пулини бергандан кейин кесади-да.

– Шу пулни ўзимиз ҳам бероврамиз. Шу дарахтлар шу ерда қолиши учун қанча бериш керак?

– Бунисини бошлиқ билан гаплашасизлар. Катталар ҳал қилади.

20 дақиқаларда Ободонлаштириш бошлиғи Жамшиджон Собиров келди. Қўлида қаллақандай ҳужжат. Нарироқда яна аллакимлар пайдо бўлдию, уларни унча танимадим. Балки ҳокимият вакилларидир. Узоқдан кузатиб туришибди лекин.

– Нима гап йигитлар?

– Дарахтларни кесишга қаршимиз?

– Э сиз анави журналистсиз а?

– Ҳа. Экологиянинг одами ариқнинг бу юзидан бехабарман деяпти.

– Мана, ака, кўринг, экологиянинг бошлиғи Жумановнинг имзоси бор. Биз биологик касал деб топилган дарахтларни кесяпмиз. Пули ўтказиб бўлинган. 237 та дарахтга 180 млн сўм ўтказилган. Энди сотиб олгандан кейин кесилади-да!

– Тендер ўтказилдими?

– Ҳа, тендер орқали ўтказилган-да.

– Тендер эълон қилинмади-ку! На газетада, на электрон аукционда. Бу қанақаси, ими-жимида сотилиб кетаверадими?

Бир пайт дарахтларни сотиб олган ака гапга аралашди.

– Жамшид ака, сиз шу ерда туринг, бу йгитлар ишлашимизга халақит беряпти.

– Манга қаранг, сиз бу дарахтларни экканмисиз? Тагига бир пақир сув қуйганмисиз? Тепадаги 3-4 та одам пул деб сотворовса, эртага Риштонда салқин жой қоладими? Экология Вилоят ҳокими қарори деб индамай қолса, ҳамма вилоят ҳокими қарори деб ўзини олиб қочса… Вилоят ҳокими ўзи биронта дарахт экканми Риштонда?!

Йўл бўйидагиларни майли кесинглар, йўлни кенгайтириш керак экан. Буларни нега кесасизлар?

– Манга айтманг бу гапизни, ана раҳбарлар келишди гаплашиб олинг!

– Бўлмаса, қисиб ўтиринг, хопми?! Гап қистирмасдан, билдизми? Биз гаплашяпмиз!

Гапни очиғи жанжал кўтарилиши аниқ эди. Ёнимда турган 2-3 та риштонликлар жазавага тушишни бошлашди ҳам. Тинч йўл билан ҳал қилейлик деб тинчлантирдим. Мақсад жанжал эмас, чинорларни сақлаб қолиш эди.

– Жамшид ака, давлатнинг одами биронта ҳужжатсиз бир иш қилмаслиги аниқ. Лекин жа давлат қарори деб Риштонга жабр қилиш керак эмас. Аҳволни қаранг. Йўқ пулларингга Риштонни бузиб вайрон қивордиларинг. Ҳали биронта қурилиш қилмай туриб энди дарахтларни кесяпсизлар. Чунтакларинг бўм-бўш бўлса. Сизни айтмаяпман, ҳокимият ғазнасида пул йўқ! Пул бўладиган ҳамма нарсани сотиб ташлаяпсизлар ахир. Ҳужжатларни тўғрилаб оляпсизлар. Бунақамасда акалар. Ҳаммамиз шу Ватан дейдиган бўлсак, дарахтлар увол эмасми? Ҳеч йўқ, 4-5 таси қолсин. Одамлар бу жазирамада жон сақлашлари учун.

– Майли, мана бу чеккадаги 4-5 та дарахтни қолдирамиз. 1-2 ойга. Кейин салқин тушади.

– Қўлизда қарор, ҳужжатлариз тахт. Нимаям дердим? Майли, шу чеккадагилар озроқ яшасин, – деб ҳайрлашдик.

Ўзимча 4-5 та чинорга яна 2 ойча яшаши учун муддат ололганимга хурсанд уйга кириб келдим. 2 ой 4 та дарахтга ҳаёт бериб туриш… Бу яхшими-ёмонми билмайман…

Баҳодирхон Элибоев