Маҳкумларни сақлаш тартибларига ўзгартиришлар киритилди. Уларнинг аҳволи қай даражада ўзгариши мумкин?

Маҳкумларни сақлаш тартибларига ўзгартиришлар киритилди. Уларнинг аҳволи қай даражада ўзгариши мумкин?
17 views
03 July 2019 - 16:53

(Фото: Яқинлари сиёсий маҳкум Искандар Худойбергановдан йиллар давомида мактуб ва хабар олишга қийналганини айтишади. Худойберганов сўнгги пайтларда Жаслиқда шароит яхшиланганини айтган.)

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, Ички ишлар вазирининг буйруғига биноан жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган маҳкумларга айрим ҳуқуқ ва эркинликлар берилган. Би-би-си Ўзбек хизмати қонунчиликка киритилган ушбу ўзгартиришлар маҳкумлар аҳволига қанчалик таъсир қилиши мумкинлигини ўрганиб кўрди.

Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов буйруғи билан озодликдан маҳрум этиш туридаги жазони ижро этиш муассасаларининг ички тартиб-қоидаларига киритилган ўзгартиришлар ва қўшимчалар 1 июндан кучга кирди.

Ушбу ўзгартиришларга кўра, маҳкумлар, эндиликда, қуйидаги ҳуқуқ-имкониятларга эга бўладилар:

  • об-ҳаво шароити йўл қўйса, тоза ҳавода жисмоний машқлар билан шуғулланиш
  • ўз розилиги билан жазони ижро этиш муассасаси ходимларидан психологик ёрдам олиш
  • хавфсиз меҳнат шароитига эга бўлиш
  • дам олиш
  • таътилга чиқиш
  • меҳнати эвазига ҳақ олиш

Шунингдек, маҳкумларнинг фуқаровий ҳуқуқ-эркинликлари, қонуний манфаатлари бузилган ҳолларда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази жазони ижро этиш муассасаларига ҳеч қандай монеликсиз кириш ҳуқуқига эга экани ҳам белгилаб қўйилган.

Қўшимча равишда, жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти Омбудсманнинг маҳкумлар билан ҳеч қандай монеликсиз ва ҳоли учрашиши ҳам гаплашиши учун зарур шарт-шароитларни таъминлаши шартлиги, учрашув ва суҳбат жазони ижро этиш муассасаси ходимлари уларни кўриб турадиган, лекин эшитмайдиган шароитларда ҳоли ўтказилиши ҳам қайд этилган.

Бундан ташқари маҳкумларнинг Омбудсман ҳамда Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил номига юборилган мурожаатлари муассаса маъмурияти томонидан кўздан кечирилиши мумкин эмаслиги ва жавоблар ҳам айни шаклда аризачига дарҳол етказилиши таъкидланган.

Яна маҳкумлар сақланадиган хона ёки камераларнинг санитария-гигиена ва қурилиш нормаларига мос келиши, қиш вақтида хона ҳарорати 20 даража иссиқдан паст бўлмаслиги лозимлиги тўғрисида ҳам сўз боради.

Киритилган ўзгартиришларда маҳкумларнинг тиббий кўрикдан ўтиш ёки зарурий ҳолатларда шошилинч тиббий кўмак хизматидан фойдаланиш ҳуқуқлари, маҳкум оғир касалликка чалинган тақдирда, муассаса маъмурияти маҳкумнинг розилиги билан унинг яқин қариндошлари ёки маҳкумнинг ўзи кўрсатган бошқа шахсларга бу ҳақида дарҳол хабар бериши каби енгилликлар ҳам жой олган.

Би-би-си Ўзбек Хизмати қонунчиликда юз берган бундай ўзгариш маҳбусларнинг аҳволига қай тарзда таъсир этиши мумкинлигини сўраб, Тошкентдан ҳуқуқ ҳимоячиси ва Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилар ташаббус гуруҳи раҳбари Сурат Икромовга мурожаат қилди.

Ўзбекистон қамоқхоналаридаги аҳволдан яхши таниш эканини билдирган ҳуқуқ ҳимоячиси маҳкумларнинг хавфсиз меҳнат шароитига эга бўлиш ва меҳнати эвазига ҳақ олиш ҳуқуқларининг таъминланишини шундай изоҳлайди:

“Колонияларда ғишт, цемент ёки бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган “подсобноэ хозяйство” [ёрдамчи хўжалик – Би-би-си] бор… Олдинлари [маҳкумларнинг] маошини ростданам камайтириб беришарди. Негаки, назоратнинг ўзи бўлмаган бу масалада. Пулларни ўзи [муассаса ходимлари – Би-би-си] ўзлаштирадими ё бошқа жойга кетадими – ҳеч нарса маълум эмасди”.

«Мурожаат қилганлардан эсимда бор – [маҳкумнинг] бир ой ишлаганига қанақадир ўн мингми, шунақа маош беришган экан. Ман ёзганимдан кейин ўзгартирилди – негаки, ўша пайтда ҳам, ҳозир ҳам шундай камчиликларни текширадиган махсус прокурорлар бор – ўшанда текшириб, маҳбусга 150 минг сўм маош қилиб беришган. Энди бу 7-8 йил аввалги гап», хотирлайди Икромов.

Сурат Икромовнинг сўзларига кўра, маҳкумларнинг меҳнат ҳақи белгиланган миқдорда берилиши, кийим-кечак ва озиқ-овқат каби зарурий эҳтиёжлар эса бюджет томонидан таъминлашини лозим.

«Бу ўзгаришлар анча вақт олдин бўлганда яхши бўларди, лекин мана орадан, тахминан, 30 йил ўтиб қилишяпти – шунинг ўзи ҳам катта гап», дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Икромов мазкур ўзгаришлар кучга киргунга қадар ҳам мамлакатдаги айрим қамоқхоналарда маҳкумларга нисбатан муносабат сезиларли даражада инсоний тус ола бошлаганини таъкидлайди.

Унинг айтишича, бундан икки ой муқаддам «Чирчиқдаги колония»дан озод этилиб, ҳуқуқ ҳимоячиси билан суҳбатлашган собиқ маҳбус ушбу муассасада, айниқса, диний айбловлар билан қамалган маҳкумларга нисбатан ноқонуний ва ноинсоний руҳий қийноқларни қўллаш амалиётига чек қўйилгани тўғрисида хабар берган.

“Энди буни расман қонунга киргазишди. Бу яхши жудаям. Бир хилларда [колонияларда қийноқларни] йўқ қилган, бир хилларда, балки, бордир… Энди киргизгандан кейин ҳаммаси назоратга олинади”, дейди Икромов.

Жазони ижро этиш муассасаларида олиб борилувчи тарбиявий ишларга оид «маҳкумларнинг онгини ўзгартириш бўйича тадбирлар ўтказиш, уларда содир этган жиноятидан пушаймон бўлиш ҳиссини уйғотиш» сўзлари битилган банднинг руҳий ва жисмоний қийноқларга асос бўлиб хизмат қилиши эҳтимоли борми, деган савол юзасидан ҳам Сурат Икромов ўз қарашларини изҳор этди.

Унинг сўзлашича, ўғирлик, қотиллик ва фирибгарлик каби жиноятларни содир этган шахслар билан қамоқхоналарда тарбиявий ишлар ўтказилиши лозим, уларни жамиятга қайта тайёрлаш зарур.

«Лекин сохта диний айбловлар билан қамалганларга қанақа тарбиявий ишлар олиб бориш мумкин? Уларнинг ҳеч қандай айби бўлмаса… Шу намоз ўқиган экан, намозхонлар билан бир жойда ўтириб гаплашган экан… Нима у, на давлатга зиён бўлган, на бошқа бўлган… Лекин бўйнига асоссиз қўйиб ташлайверган ҳар хил моддаларни», дейди Икромов.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Бош прокуратура амалдори бундан икки ой аввал диний мотивлар билан қамалган шахсларнинг ишлари сохталаштирилганини тан олганини таъкидлайди.

«[Шу гапдан кейин] ҳаммасини чиқариб юбориш керак эди аслида, лекин унақа бўлмади. Мана секин-секин чиқаришяпти.»

Хулоса ўрнида, жаноб Икромов янги ўзгаришларнинг анчайин ижобий экани, маҳкумларга бундай ҳуқуқ-эркинликлар берилиши узоқ кутилган воқеа экани, аммо уларнинг ижроси «муносиб ходимлар» томонидан амалга оширилмаса, кутилган натижалар барибир юзага чиқмаслигини айтади.

“Ички ишлар [тизими], қамоқхоналарда ишлашга ҳар соҳадан [одам] олаверишган. Аслида, улар [ходимлар] ичида педагогика, психология, муомала маданиятини биладиган мутахассислар кўп бўлиши керак”.

«Ходимлар ўзи тарбия кўрган бўлиши керак. Қўлини югуртирадиган, зўравонлигини кўрсатадиган ходимларнинг қамоқхоналарда ҳеч кераги йўқ. Ўзи ички ишлар тизимида қийноқлар ўтказишга мойил ходимларнинг ҳеч ҳам кераги йўқ», фикрини якунлайди ҳуқуқ ҳимоячиси.

ЎХҲ ахборот бўлими