Қайтиш

Қайтиш
153 views
03 July 2019 - 17:41

Муҳаммад Солиҳ

 

ҚАЙТИШ

Сургун йилларининг қаҳратонида
Долда қолиб кетган нокдай буришдим
Ва шу ожиз ҳолимнинг ҳар бир онида
Гўё Ҳақсизликка қарши урушдим!

Ниҳоят, ҳақсизлик битди дафъатан
Ёки бизга шундай туюлди!
Гўё эшикларни очди ул Ватан,
Гўёки адолат зулмни юлди!

Ҳатто қотилга ҳам (радио айтди)
Насиб этди дарров ватан висоли –
Ўғри қайтди, валадизинолар қайтди,
Қайтмади ватанга фақат М.Солиҳ!

Бахт қуши эмасдир учган бошимда,
Аммо боқ, ҳали ҳам мен оёқдаман!
Сўфи Кубро каби етмиш ёшимда
Ватанмас, урушга мен қайтмоқдаман!

2019
3 Июл 2019, Истанбул, Шила