Розенблюмнинг ўзбекка деганлари…

Розенблюмнинг ўзбекка деганлари…
75 views
04 July 2019 - 22:10

РОЗЕНБЛЮМНИНГ ЎЗБЕККА ДЕГАНЛАРИ…

Кўплаб дипломатик қабул ва тадбирларда иштирок қилиб, анча-мунча элчиларнинг нутқларини тинглаганман. Шундай бўлса-да, кеча, 3 июль куни, умримда иккинчи марта элчи нутқидан ҳайратда қолдим.

Илк маротаба 2004 йил Тошкентда “Freedom House” ташкилотининг ваколатхонаси очилишида Буюк Британия элчиси Крейг Мюррейнинг чиқиши менда катта таассурот қолдирган эди. Ўшанда британиялик дипломат Каримов ҳукуматини “ўғрилар ҳукумати” – деган эди.

Кеча, 3 июль, Тошкентдаги “Hyatt Regency” меҳмонхонасида АҚШнинг мустақиллик кунига бағишланган қабул ўтказилди. Унда океанорти мамлакатининг Ўзбекистондаги янги элчиси Даниэль Розенблюм жуда маъноли ва таъсирли нутқ сўзлади. Розенблюмнинг чиқишини мен сиёсатшунослик асосларига бағишланган оғзаки мастер-классга қиёсладим.

Элчи ўз нутқини кутилмаганда отаси Луи Розенблюм ҳақидаги ҳикоядан бошлади. “Отам Луи Розенблюм НАСА космик агентлигида ишлаган. Отам ойга илк маротаба қўндирилган космик кема учун махсус ёқилғи ихтиро қилган. Кейинчалик у инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ишлади. Айнан унинг тинимсиз кураши ва таклифи туфайли АҚШ ҳукумати ўзга мамлакатларда қувғинга учраган ҳуқуқ ҳимоячиларига мамлакатдан бошпана бера бошлади. Курашувчан биттагина одам ҳам улкан бир мамлакатнинг сиёсатини ўзгартира олишига ўзимнинг отам мисолида амин бўлдим. Мен ўз отамдан ва отамни шундай курашувчан одам қилиб тарбиялаган Ватаним Америкадан фахрланаман!” – деди Даниэль Розенблюм. Элчи ўз нутқида бир инсон ва барча инсон ноҳақликлар ҳамда қийинчиликлар олдида курашувчан бўлиши кераклигига алоҳида урғу бериб ўтди.

Шундан сўнг Даниэль Розенблюм АҚШ мустақиллиги Декларациясини ишлаб чиққан ва қабул қилган сиёсатчи боболаридан ҳам фахрланишини айтди. “Деярли икки ярим аср илгари боболаримиз ҳар қандай ҳукумат фақат халқнинг ўзи томонидан сайланиши кераклигини, сайланиб олган ҳукумат эса фақат халқнинг фикрини инобатга олган ҳолда қарорлар чиқариши лозимлигини АҚШ Мустақиллиги декларациясида ва Конституциясида акс эттиришган” – деди Даниель Розенблюм.

Элчининг кейинги фикрлари, очиғи, биз ўзбекларга қарата атайлаб айтилгандек туюлди. Мана, қаранг:

“ИНСОНЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИНИ БУЗИБ, УЛАРНИНГ ЭРКИНЛИКЛАРИНИ ЧЕКЛАБ, ЭРКИН ВА МУСТАҲКАМ ИҚТИСОДИЁТ ҚУРИБ БЎЛМАЙДИ”,

“ҲАР ҚАНДАЙ ТАРАҚҚИЁТНИНГ, ҲАТТОКИ ТЕХНОЛОГИК ТАРАҚҚИЁТНИНГ НЕГИЗИДА ИНСОН ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИГА БЎЛГАН ҲУРМАТ, УЛАРГА ҚАТЪИЯН РИОЯ ЭТИШ ЁТАДИ. ИНСОН ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИНИ ЧЕКЛАБ, ҲЕЧ БИР СОҲАДА РИВОЖЛАНИШГА ЭРИШИБ БЎЛМАЙДИ”.

“Розенблюм бў сўзларни ўзбекларга эмас, бошқаларга айтган”, – дея кўрманг!

Ахир, 28 йил давомида ҳукумат ва уни олқишлаган (ёки унга бефарқ бўлган) оломон мана шу насиҳатларнинг тескарисини қилмадими?

Сиёсий мухолифатни Ўзбекистондан қувиб, эркин матбуотнинг овозини ўчириб, диндорларни қамаб, фаровон турмуш қурмоқчи бўлганлар биз эмасми?

“Снайперлар баланд дарахтларга чиқиб, суиқасд уюштириши мумкин” – деган сафсатага ишонган битта параноикнинг хавфсизлиги учун 200-300 йиллик чинорларни кесганлар ёки кесилишига бефарқ бўлганлар биз эмасми?

Бугун бечора одамларнинг уйларини бузиб, уларни бошпанасиз қолдириб, ҳашаматли “city”лар қурмоқчи бўлаётганлар ҳам биз эмасми?

Кимдир: “Хорижий инвесторлар “city”лари бор мамлакатгагина келишади” – деса, қаттиқ адашади. Инвесторлар ҳуқуқ ва адолат бор жойга келишади. Қароқчи тўла жойга ким ҳам пул кўтариб боради?

Биз, ўзбеклар, ва Розенблюм ўртасидаги яна бир фарқни айтайми?

Розенблюм боболарининг 250 йил ва ундан ҳам олдинги ўгитларига бугун ҳам амал қилади, бу ўгитларни бугун ҳам тарғиб қилади.

Биз-чи?

“Буюк бобом ундай деган, қатта момом мундай деган” – деймиз-у, уларнинг олтинга тенг насиҳатларига амал қилмаймиз, бу қадриятларни тарғиб қилмаймиз. Қуруқдан-қуруқ мақтанамиз холос.

Розенблюмдан фарқларимиз шунда.

Розенблюмнинг ўзбекка деганларини ўртадаги ана шу фарқларни кўрсатиш ва йўқотиш ниятида ёздим.

Бобомурод АБДУЛЛА

2019 йил 4 июль