“Бугун ҳам яшаяпти”

“Бугун ҳам яшаяпти”
106 views
05 July 2019 - 9:30

“БУГУН ҲАМ ЯШАЯПТИ”
(Муҳаммад Солиҳ таваллудига 70 йил тўлиши муносабати билан)

Эрксевар шоир Муҳаммад Солиҳ қайта қуриш йилларида эълон қилган публицистик мақолалари билан халқ орасида машҳур эди. Ўзбек ёшларининг, жумладан менинг хам севимли шоирим эди. Устознинг шеърлари ва публицистик мақолалари бугун ҳам энг ўқимишли ва замонавий асарлардан саналади.

Шоир ҳам “Нимаики ёзган бўлсам вақт ўтгач бошимга тушди” деб айтади. Урфиятда ҳар бир гапга “Фаришта омин дейди” деган нақл юради.

Устоз Муҳаммад Солиҳ ҳам шеърият ҳақида гапираркан: “Шеър менимча ҳикмат эмас. Шоир атайлаб афоризмлар битмайди. У шеър ёзади. Афоризмлар одамнинг идрокини юксак мувозанатга чорлайди, унинг ягона қуроли мувозанат. Шеър аксинча, бизни мувозанатдан чиқаради, жунбушга солади. Руҳимизни тинимсиз ҳаракатга келтириб туради”- деган эдилар бир суҳбатида.

Устознинг худди шу суҳбатда билдирган қуйидаги фикрлари ҳам эътиборга молик: “Шеърият фақат бойиб, ўзгариб боради. Йўналишларнинг кўплиги, шаклларнинг ранг-баранглиги ҳақиқий адабиётга хос белгидир”. (“Покланаётган умид”, 1981 йил).

Шоир мустабид тузум зулми авж олган даврда халқимизнинг ҳақ-ҳуқуқи учун курашди, оғир синов палласида хақ ва адолат талашди, истиқлол ғоясини олға сурди, аммо юрт мустақил бўлгач, ўз Ватанига сиғмади.

М. Солиҳ 1988 йилда «Ёш ленинчи» газетасига берган интервьюсида ибратли фикрларни изҳор этган эди: «Ёлғон айтиш тўғри сўзни айтишга қараганда хавфсизроқ. Зотан, инсоният тарихида ёлғон сўзи учун азият чекканларга нисбатан, тўғри сўзи учун жабр тортганлар кўпроқдир. Аммо виждони бутун одам ёлғон гапириб қутилишдан кўра, тўғрисини айтиб тутилишни афзал кўради. Бу, албатта, телбалик эмас, бу –унинг табиати. Ўша ўжар тоифага мансуб зотлар тарихда кўп учрайди. Уларнинг кўплигини кўриб, энг тушкун кимсанинг юрагида ҳам келажакка умид уйғонади: шундай одамлар яшаган экан, демак, бугун ҳам яшаяпти, бундан кейин ҳам яшайди, деб ўйлайди у. Уларни дорга осгандилар, ўтда ёққандилар, сувга чўктиришганди, аммо бугун қарасак, ҳаммаси тирик экан. Улар маънавият қасрининг устунлари, улар ўз юртларининг ҳақиқий гражданларидир».

Муҳаммад Солиҳнинг ўзи ҳам юқоридаги тоифага мансуб эканликларини вақт кўрсатди. Муҳаммад Солиҳдек
халқнинг фидойи фарзанди, қувғинда юриши ҳеч кимга обрў келтирмайди. Халқимизнинг шарафли фарзанди Ватанига қайтиши учун имкон бериш вақти келди деб ўйлайман. «Ҳурлик хақида» номли шеъримда шундай мисралар бор эди:

Ҳурлик, озодлик деб курашиб ўтган
Азалдан миллатнинг зўр ўғлонлари.
Бири ғолиб бўлиб мақсадга етган,
Бири қувғин бўлган Ватандан нари.

Бундан бир неча йил аввал Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон тожик зиёлилари ҳақида шундай деган эдилар:

«Мўъмин Қаноат, Бозор Собир ва Гулрухсор каби шахсиятлар она тили муҳитидан ташқарида ўзларини роҳатда ҳис қила олмасликларини мен чин юракдан ҳис этаман».

Давлатимиз раҳбарининг дилсўзлиги ва ғамхўрлиги туфайли устоз шоир Мўъмин Қаноат, шоира Гулрухсор
ва устоз Бозор Собир Тожикистонга қайтиб келдилар.

Президентимиз ушбу хайрли амали ва бағрикенглиги билан жаҳон ҳамжамияти ва энг аввало ҳалқимизнинг олқишига сазовор бўлди. Номлари юқорида зикр этилган шоирлар нафақат шоир сифатида, балки, озод фикрли шахс сифатида ҳам халқимизнинг қурмат-этиборига лойиқ инсонлардир. Мен номлари зикр этилган устозлар билан яқиндан танишман ва уларнинг суҳбатларидан баҳраманд бўлганман, уларга ҳавас қиламан.

Ҳасанбой Ғойиб,
Тожикистон

«Мозийга айланган йиллар…»