Келинчак

Келинчак
117 views
11 July 2019 - 11:19

 

 

КЕЛИНЧАК

Мен беқарор эскин бир сабо,
Сен ғазалсан, шеърсан, келинчак.
Хумор кўзли дамларим аро
Шўх рубобу майсан, келинчак.

Черт, чертавер севги торини,
Тинглай ишқнинг “дилхирож”ини.
Юлдузчалар кийгизсин бизга
Зар уқалик висол тожини.

Нафасингдан яратиб баҳор,
Узун тунлар бўлар муаттар.
Сочларингни тортқилаб бир-бир,
Олтин ҳаёт тонглари отар.

Оёғингдан ўпиб бўсағам,
Сўнг эшилиб олади ором.
Мен ўстирган садарайҳонлар
Шивирлашиб, беради салом.

Сен кўксимда ойсан, малаксан,
То омонсан, тўрт фаслим обод.
Еру кўкка ишонмасман ҳеч,
Кўзларимда яшарсан абад.

Ислом Холбой
“Ҳижрон азоби” Шеърлар китоби, 
Тошкент, “Ёзувчи нашриёти”, 1998 йил

facebook.com