Диний радикалларга қилинган мурувват сиёсий қочқинларга келганда тугаб қолдими?

Диний радикалларга қилинган мурувват сиёсий қочқинларга келганда тугаб қолдими?
51 views
12 July 2019 - 12:00

Би-Би-Сининг ёзишича Ўзбекистон адашиб таъқиқланган ташкилотларга кириб қолган 5 кишини жиноий жавобгарликдан озод қилибди. Бу беш киши чин дилган пушаймон бўлиб кечирим сўраганмиш.

Демак ҳақиқатан ҳам ИШИД ва Ал-Қоидага ўхшаган радикал гуруҳларга қўшилгандирки кечирим сўраган.

Бизнинг “раҳмдил” ҳуқуматимиз эса уларни кечириб юборақолибди. Камига уларга ижтимоий кўмаклашиш ваъда қилинибди.

Мана шу жойда бир пауза қилсак.

Хўп бу гўёки “адашган” радикаллар ҳукумат тузган комиссиясига мурожаат қилиб чин дилдан кечирим сўраса қолган адашмаганлар нима қилсин?

Яъни ҳеч қанақа адашиб қолмаган, биронта радикал гуруҳга кирмаган, фақат ва фақат сиёсий қарашлари ва эски ҳукуматни танқид қилгани туфайли сиёсий репрессияга учраб мамлакатдан чиқиб кетганлар нима қилсин?

Улар нима деб ялиниб кечирим сўраб боришлари керак бу комиссияга? Қилмаган жиноятларим учун жуда пушаймонман десинми? Бу қанақа абсурдлик?

Ёки диний радикалларга қилинган мурувват сиёсий қочқинларга келганда тугаб қолдими?

Аслида уларга сизнинг мурувватингизнинг кераги ҳам йўқ. Чунки бу инсонлар фақатгина сиёсий-либерал қарашлари сабаб таъқибларга учрашган, сиздан мурувват сўрайдиган биронта айб қилишмаган. Аксинча ҳукумат тузган комиссия бундай инсонлардан репрессиялар ва таъқиблар учун кечирим сўраб ватанга қайтишлари учун узр мактублари бериши керак.

Мен ҳозир ҳукуматнинг қилаётган бу ишида навбатдаги популистик бир ҳаракатни кўряпман. Чунки бу собиқ радикалларнинг иқтидорга соя соладиган кучи йўқ. Шу сабабли ҳам назаримда антидемократик ўзбек олий бошқарувининг асосий душмани радкаллар эмас сиёсий-либераллар дейиш мумкин.

Замир Малик