МХХ зобити Нодир Тўрақулов тақдирини чил-чил қилган қисматлар

МХХ зобити Нодир Тўрақулов тақдирини чил-чил қилган қисматлар
83 views
13 July 2019 - 8:33

МХХ ЗОБИТИ НОДИР ТЎРАҚУЛОВ ТАҚДИРИНИ ЧИЛ-ЧИЛ ҚИЛГАН ҚИСМАТЛАР…
ЁХУД ТОЖИКИСТОНДАН КЎЧИБ КЕЛГАНИ УЧУНГИНА ҲАЁТИ БИЛАН ТАВОН ТЎЛАГАНЛАР…

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲАРБИЙ ПРОКУРОРИга
СУРХОНДАРЁ ВИЛОЯТИ, ТЕРМИЗ ТУМАНИ,
“ҚОРАХОН” МФЙДА ЯШОВЧИ
ДЎСАЛОВ ЗОКИРЖОН ИМОМҚУЛОВИЧ ТОМОНИдан
Моб. тел:

ШИКОЯТ АРИЗА

Мен Дўсалов Зокиржон Имомқулович 1972 йил 14 январда Тожикистон Республикасининг Колхозобод тумани Нури-Ваҳш “қишлоқ совети”да туғилганман. Миллатим ўзбек, маълумотим ўрта. Оилалиман. Турмуш ўртоғим Қодирова Гуласал 1971 йил 27 майда Сурхондарё вилояти, Термиз тумани, Халқобод колхозида туғилган. Миллати ўзбек, маълумоти ўрта махсус – ҳамшира. 6 нафар фразандимиз бор.
Мен 1992 йилда Тожикистондан Сурхондарёнинг Термиз туманига кўчиб келганман.
Негаки, Термиз менинг бобо юртим.
Менинг бобом Дўсалов Бердиёр бобо 1937 йилларда – Сталин репрессияси даврларида Тожикистонга оилавий кетиб қолишган ва ўша ерда истиқомат қилишган.
Биласиз, 1992 йилларда Тожикистонда фуқаролар уриши юзага келди. Шу тўпалонларда биз оиламиз билан ота юртимиз Термизга қайтиб кўчиб келдик.
Термизга келгач, 1993 йилда мен шу ерда уйландим, 6 нафар фарзандлик бўлдик. Ўзим 2010-2013 йилларда Термиз шаҳридаги “Ангор ЭФДЖ” уюшмасида ўзимнинг “Дамас” русумли автомашинамда киракашлик қилардим.
Мен яхши орзу мақсадларда, оилали бўламан, фарзандларимни ўқитаман, тўкин яшайман деган не-не умидларда бобо юртимга кўчиб келгандим.
Шу сабаб 2013 йил май ойига қадар тинчгина яшаб юргандим.
Аммо 2013 йлининг 17 май куни Сурхондарё вилоят йўл патрул хизмати ходимлари “Сизни “Акалар” чақиришмоқда” деб мени уйимдан Термиз шаҳридаги фуқароларнинг шахсини аниқлашга мўлжалланган реаблитация марказига – “Дайдихона”га олиб кетишди. Бизда, Сурхондарёда МХХ ходимларини “Акалар” дейишарди. Мен ҳайрон қолиб, “Дайдихона”га бордим. Очиғи, менинг бошқарувимдаги машинани ЙПХ ходими ҳайдаб борди. ЙПХ ходими мени “Дайдихона”га қўйиб. Дамас русумли шахсий машинамни жарима майдончасига олиб кетди. Мен “Дайдихона”да тахминан бир ойга яқин ҳеч нарсадан бехабар, ваҳимада ётдим. Уйимдагилардан дарак йўқ эди. Негаки, улар менинг қаерда эканлигимни ҳам билишмасди. Тахминан 20 кунлардан кейин мени милисалардан бири тергов хонасига олиб борди. У ерда мен билан Сурхондарё вилоят МХХсининг ходими Нодир Тўрақуловнинг Зиёдулла исмли югурдаги шуғулланди. Негаки, Зиёдулла “опергруппа” ҳисобланаркан ва тутқинларни терговга руҳан ва жисмонан қийнаб, таппа-тайёр қилиб бераркан. Зиёдулла мен билан суҳбатни “Сен Тожикистондан келгансан. Тожикистон фойдасига жосуслик билан шуғуллангансан, яхшиликча бўйнингга олавер, бизга барча информациялар келиб бўлган” деган дағдағалардан бошлади. Мен унга “Тожикистонга охирги маротаба 1998 йилда меҳнат дафтарчамни олгани борганман. Тожикистондан кўчиб келганимдан буён бир мартагина борганман. Жасуслик деганингиз нима ўзи? Мен поеъздда бориб, поеъздда келганман. Мен жосуслик нима эканлигиниям билмайман, маълумотим ўрта бўлса” дедим. “Мен жосус бўлсам, Ўзбекитсон фуқаросига уйланаманми, 6 нафар фарзандлик бўламанми? Мен жосуслик қиламанми, ё 6 та боламни боқаманми?” дедим. Бир ой давомида Зиёдулла деган МХХ ходими мени норасмий тергов қилиб, қилмаган айбларимни бўйнимга қўйиш учун руҳий таъсир қилишга уринди. Орадан бир ойга яқин вақт ўтгач, мени МХХ терговчиси Бахтиёр Арзиевга топширди. Бироқ негадир терговчи Бахтиёр Арзиев мендан “жосуслик қиламан” деган мазмундаги иқрорномани олишга уринмади. Аксинча, Бахтиёр мендан мутлақо бошқа бир ўзим кутмаган мазмундаги кўрсатмаларни беришимни талаб қилиб туриб олди. МХХ ходими Бахтиёр Арзиев менга “Эрданов Абдуғани, Эрданов Эркин, Эрданов Бегалига нисбатан “Тожикистон фойдасига жосуслик қилади” деб ёлғондан кўрсатмалар беришимни талаб қила бошлади: “Абдуғани, Эркин ва Бегалилар Тожикистон милициясига Ўзбекитсон ҳақида махфий ахборотларни етказиб турган” дея кўрсатма беришимни буюрди. Мен “Эрдановларни танийман, улар меҳнаткаш одамлар, уларга бундай туҳмат қилолмайман. Мендан бошқа нарсани сўранглар” деб ёлвордим. Аммо Бахтиёр Арзиев Абдуғани Эрданов, Бегали ва Эркинларга қарши мендан ёлғон кўрсатма олиш мақсадида мени икки маротаба токка улади. Уларни бир аппарати бор экан. Кўзингизни боғлаб ташлаб, қўлингизга, гоҳида оёғингизга токни уларкан, токдан титраб бехуш бўлиб қоларкансиз. Камерага судраклаб келиб ташлаб кетишаркан, соатлар ўтиб ўзимга келарканман. Шундаям мен Эрданов Абдуғани акаларга қарши ёлғон кўрсатма беришга рози бўлмагандим. Шунда улар руҳий босим қилишга ўтди: Оилангни депорт қиламан” деб дўқ урди. Мен Бахтиёрга “Хотинимни қандай қилиб депорт қиласан? Ахир у Ўзбекитсонда туғилган-ку? Мен Тожикистонда туғилганман” дедим. Шунда МХХ терговчиси “Қизингни бўйи етиб қолибди. Гапга кўнсанг, яхшиликча кўн, акс ҳолда, мана, кўраяпсан, “Дайдихона”да 15 дан ортиқ афғонлар бор. Айтганни қилмасанг, қизингни олиб келиб афғонларни ичида талаш қиламан. Кўз ўнгингда қизингнинг номусини барбод қилишади” деди. Ана шунда ҳам мен уларнинг гапларига кирмадим, оқибатда менга яна ток улашни қўллашди. Бунинг ортидан оҳволим оғирлашиб, ўзимга келолмай, қон босимим тушмай, тилим тортилиб қолди. Шунда Бахтиёр Арзиев мени ноилож тез ёрдам чақиришга ва касалхонага олиб боришга мажбур бўлди. Мени қўриқлаш гуруҳи кўмагида касалхонага олиб боришди ва ҳеч ким билан учрашишга рухсат беришмади. Шу ерда хотинимнинг ҳамшира эканлиги наф берди. Қариндошлардан бири “Сен бир ойдирки эрингни қидириб юрибсан. Зокиржонннинг аҳволи оғир экан, тез ёрдамда касалхонага келтиришди” деб хабар беришади. Хотиним елиб келади, бироқ уни ичкарига, олдимга қўйишмайди. Шунда у шу ердаги ҳамшираларнинг халати ва бош кийимини кийиб олиб, ҳамшира ниқобида мен ётган палатага кириб келади. Бир ойдан ортиқ қўлланилган ваҳшиёна қийноқлардан жонимдан тўйиб бўлгандим. Хотинимни кўриб, чидаб тура олмадим. Кўзим ёшланди. МХХ ходимлари хотинимни чиқариб юборишди. Ана шундагина оила аъзоларим менинг “Дайдихона”да эканлигимдан бир ой деганда хабар топишди.
“Дайдихона”да Эрданов Абдуғани, Бегали ва Эркниларга “Жосуслик билан шуғулланарди” дея ёлғон кўрсатма олиш мақсадида МХХ ходими Бахтиёр мени аёвсиз қийнади. Икки маротаба токка солди. Қизларимнинг номусини барбод қилиш билан қўрқитди. Бунинг танижасида саломталигимга путир етди ва мени уларнинг ўзи икки маротаба тез ёрдам чақириб касалхонага олиб боришга мажбур бўлишганди.
1997 йилларда мен Термиз туманидаги Семашка санаториясида ишлаб юрган кезларимда олтингугуртли сувдан заҳарланиш ортидан касаллик орттирган эдим.
Шунинг учун ҳам МХХ терговчиларининг қийноқларига дош бера олмай, аҳволим оғирлашиб қолаверди.
Ва яна шуни айтишим керакки, аслида, “Дайдихона”га шахси номаълум фуқаролар шахси аниқлангунга қадар олиб борилиши керак. “Дайдихона”да ушлаб туришнинг муддати нари борса, бир ой. Бироқ мени МХХ терговчилари 2013 йилнинг 17 майдиган то 26 июлга қадар жами 72 кун давомида ноқонуний ушлаб туришди. Ҳали бошида айтганимдек, менинг шахсим, оилам, уйим, иш жойим аниқ эди. Қўлимда ҳужжатларим ҳам бор эди. ЙПХ ходими мени уйимдан олиб кетган эди. Гарчи шахсим аниқ бўлса-да, Нодир Тўрақулов бошлиқ жиноий тўдадан иборат МХХ ходимлари мени ноқонуний тарзда “Дайдихона”да 72 кун давомида ушлаб туришди.
Мабодо “Дайдихона”га прокурор текширишга келгудек бўлса, санкциясиз ўтирган аёлу эркакларни эски катёлныйга қамаб қўйишарди.
Мени бир ой давомида ушалб туриш муддати тугагач, прокурорнинг санкцияси деб бир оқ қоғозга ёзилган ёзувларни олиб келиб, имзо қўйишимни талаб қилишарди. Ўқиб кўрсам, бу санкцияда улар “Дусалов Зокиржон Имомқулович Музработ туманидан маст ҳолатда ушлаб келинди ва шахсини аниқлаш мақсадида “Дайдихона”га келтирилди” деб ёзиб қўйилган эди. Ваҳоланки, ҳали юқорида айтганимдек, мени ўз уйимдан ЙПХ ходимлари олиб келишган эди. Мен “Йўқ, бу ёлғон нарсага имзо қўймайман” деб бош тортсам, “Ўзинг биласан, имзо қўймасанг ҳам, барибир ўзимиз қўл қўйиб қўяверамиз” дея заҳархарда қилишарди. 72 кун “Дайдихона”да ётган кунларимда МХХ ходимлари менга 3 маротаба прокурор санкциясини келтиришди. Уларнинг иккинчи бор келтиришган прокурор санкциясида “Дусалов Қашқадарё вилоятида қандайдир ҳарбий қисмни суратга олаётган пайтида ушланди” деган туҳматли иборалар ёзилган эди. Мен бу ёлғонга ҳам имзо қўймадим, ўзлари қўл қўйиб, олиб кетишди. Учинчи маротаба олиб келишган прокурор санкциясида “З. Дусалов Ҳайратон кўпригини портлатишга уринаётган пайтида чегара қўшинлари томонидан “Дайдихона”га олиб келинди” деб сохта маълумотлар киритилган эди. Аммо бу пайтда мен 72 кун давомида “Дайдихона”дан мутлақо чиқмагандим.
Хуллас, аҳволим оғирлашиб қолгач, 2013 йилнинг 26 июль куни, 72 кун деганда “Бу ердаги воқеалар ҳақида ҳеч кимга айтмайман. Ҳеч қаерга шикоят қилмайман” деб мендан тилхат ёздириб олишди ва қўйиб юборишди. Кетаётганимда “Бошқаларга кўрсатма беришинг учун биз сени яна олиб келишимиз мумкин” дея таъқидлаб қўйишди.
Шундан кейин мен қаттиқ стрест ҳолатига тушиб қолдим. Негаки, гарчи мен МХХ ходимларининг қийноқларига қарамасдан Эрданов Абдуғани, Бегали, Эркинларга “жосуслик қиларди” дея ёлғон гувоҳлик кўрсатмасини бермаган бўлсам-да, 2013 йили Эрдановларнинг бу вакилларини ҳар бири “жосус” сифатида 16, 17 йилга озодликдан маҳрум этилиб кетди.
Мен эса “Бугун мени олиб кетишади, эртага мени олиб кетишади” деган ваҳимада, қўрқувда яшадим ва ҳадиқдан тинкам қуриб, ҳатто ўз жонимга қасд қилишга ҳам уриндим. Ўзимни осаётган жойимда хотиним мени акам кўмагида қутқариб қолди.
Мен азборойи қўрққанимдан МХХ ходимлари жарима майдончасига қўйган ўз шахсий Дамас русумли хотинимнинг номида бўлган машинамни олиш учун ҳам бора олмадим. Менга тинчлик, соғлик ва хотиржамлик керак эди.
Қачонки, Нодир Тўрақулов қамоққа олингач, 2018 йилнинг февраль ойларида машинамни жарима майдончасидан олишим кераклигини айтиб хабар беришди.
Бу пайтда орадан 5 йил ўтиб бўлганди. Беш йил давомида Дамасимни қуёш уриб кетган, хотинимнинг номидаги машинамнинг балонлари титилиб кетган, қуёш тиғи ва қиш совуғида туравериб, машинам деярли яроқсиз ҳолатга келиб бўлган эди.
Жарима майдончасининг 5 йилилк тўлов пулини ҳисоблашганди сал кам 9 миллион сўмни ташкил қилди. Мен емаган сомсамга пул тўлашга, Дамасимни сотиб, жарима майдончасининг пулини тўлашга мажбур бўлдим.
Ҳам молимдан, ҳам жонимдан – соғлиғимдан айрилиб қолдим.
Нодир Тўрақулов ва унинг лайчалари зуғимидан қутилгач, бир ярим йил давомида невроз ташҳиси билан даволанишимга тўғри келди. Бормаган шифохонам қолмади ҳисоби.
Менинг маънавий ва моддий зарарларим товонини ким тўлайди?
Иқтисодим оғирлашганлиги туфайли мен 2014-2015 йилларда мардикорчилик қилиб рўзғор тебратишга мажбур бўлдим.
Минг шукурки, Шавкат Мирзиёев даврига келиб, адолатсизликлар ортда қолди.
Президентимиздан чексиз миннаддормиз.
Ушбу шикоят аризани ёзишдан икки мақсадим бор: бири – Гарчи МХХ терговчилари мендан “Жосуслик қилади” дея Эрдановларга қарши ёлғон кўрсатма ололмаган бўлса-да, Тожикистондан келган Эрданов Абдуғани, Эрданов Бегали, Эрданов Эркинларга қайси йўллар билан билмадим, “жосус” деган тамға босилди ва уларнинг ҳар бири 16-17 йилга озодликдан маҳрум этилди.
Худо шоҳид, улар шпион эмас эди. Улар бор йўғи Тожикистондан менинг каби кўчиб келишган эди холос.
Очиғи, Нодир Тўрақуловнинг дастидан 2013-2015 йиллар давомида Тожикистондан Сурхондарёга кўчиб келган фуқароларга қирғин келди. Барчасига “Ватан хоини, Тожикистон фойдасига жосуслик қилган хоин” деган уйдирмалардан иборат тамға босилди.
Айтмоқчи бўлганим, Эрдановларга нисбатан жосус айбловини ёпиштиришгга уринишларнинг гувоҳи менман. Бунинг қийноқ азобини ўзим танамдан ўтказганман.
Тожикистондан келиб, Сурхондарёда истиқомат қилаётган бирорта бир фуқаро жосуслик нима эканлигини ҳам билмайди ҳатто, уларнинг ҳеч бирида гуноҳи йўқ.
Бугун ҳар соҳада адолат тантана қилаётган кезларда Эрдановларнинг ҳам оқланиб, оиласи бағрига қайтиш фурсати етди деб ҳисоблайман.
Ва яна Нодир Турақулов ва унинг гумашталари 72 кун давомида руҳий ва жисмоний қийноқлари ортидан менга етказган моддий ва маънавий зарарни қоплашларини талаб қиламан.
Илова: Паспортим нусхаси.
Деб ушбу шикоят аризасни ёзувчи Дўсалов Зокиржон Имомқулович.
11 июль, 2019 йил

facebook.com