Нодир Тўрақулов ҳаётини барбод қилган 14 оиланинг қаро қисмати

Нодир Тўрақулов ҳаётини барбод қилган 14 оиланинг қаро қисмати
64 views
13 July 2019 - 8:48

СИЗ БУНАҚА ИҚРОРЛИКНИ ҲАЛИ ҲЕЧАМ ЭШИТМАГАНСИЗ!

* * *

МХХ полковниги Нодир Тoрақулов Ўзбекистонга Тожикистондан кўчиб келган фуқароларни “жосус” тамғаси билан қаматишга нега бунчалар “бошқоронғу” бўлган?!

* * *

МХХ СОБИҚ ПОЛКОВНИГИ НОДИР ТЎРАҚУЛОВНИНГ “КИЧИК КОРХОНАСИ”ДА ИШЛАБ ЧИҚИЛГАН “ЖОСУС”ЛАРНИНГ ҚЎРГУЛИКЛАРИ ЁХУД НОДИРИ ХУДО ҲАЁТИНИ БАРБОД ҚИЛГАН 14 ОИЛАНИНГ ҚАРО ҚИСМАТИ…

* * *

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲАРБИЙ ПРОКУРОРИга
СУРХОНДАРЁ ВИЛОЯТИ, ТЕРМИЗ ТУМАНИ, “ҚОРАХОН” МФЙДА ЯШОВЧИ АЛЛАНОВ БАХТИЁР ТАЖИЕВИЧ НОМИДАН
Моб. тел: +99897…

Ш И К О Я Т А Р И З А

Мен, Алланов Бахтиёр Тажиевич, 1967 йил 26 январь куни Тожикистон Республикаси Колхозобод тумани, Нури-Вахш “қишлоқ совети”да туғилганман. Миллатим ўзбек, маълумотим олий, Душанбе Далват Педагогика Институтини тамомлаганман. Оилалиман. Турмуш ўртоғим Алланова Ўғилой 1970 йилда Тожикистон Республикаси Колхозобод тумани Нури-Вахш “қишлоқ совети”да туғилган. Маълмуоти олий. Душанбе Давлат Педагогика Институтини тамомлаган. 1990 йилда Тожикистон Республикасида оила қурганмиз. 3 нафар қизим бор.
Маълумки, 1992 йилда Тожикистон Республикасида фуқаролар уриши бўлиб ўтди. Бунинг ортидан мен оилам билан 1994 йилда Ўзбекистон Республикаси Сурхондарё вилояти, Термиз туманига, юқорида кўрсатилган манзилга кўчиб келдик. Сабаби Ўзбекистон менга ота юрт ҳисобланади. Чунки менинг 1927 йилда туғилган раҳматли отам Алланов Тожи бобо ва 1934 йилда туғилган онам Алланова Тошжамол момолар асли Ўзбекистонлик бўлиб, Термиз туманида туғилган. Ота-онам етимликда ўсишган бўлиб, 1937 йиллардаги Сталин репрессияси даврларида Тожикистон ҳудудига бориб, ўтроқ бўлиб қолишган. Бизни ота юртимиз меҳри тортиб, йиллар ўтгач, ўз Ватанимизга қайтиб келганмиз.
Мен турмуш ўртоғим билан Сурхондарёга кўчиб келганимиздан кейин 3 нафар қизимиз дунёга келди, фарзандларимиз Ўзбекистонда туғилди.
Биз 1994 йилдан то 2013 йилга қадар юқорида кўрсатилган манзилда тинч-тотув яшаб келаётган эдик. Мен “Ангор ЭФДЖ” корхонасида дамас машинамда йўловчи ташиш билан шуғулланардим, турмуш ўртоғим уй бекаси сифатида болалар тарбияси билан машғул эди.
2013 йилнинг 17 май кунидан бошлаб, нима учунлигига ҳалигача ақлим етмайди, (Энди-энди мушоҳада қилиб кўрганимдан сўнг, менинг тахминамча, Тожикистондан кўчиб келганлигимиз асл сабаби бўлса керак) Сурхондарё вилоят МХХ ходими Нодир Тўрақулов бошчилигидаги тўдалар менга ва менинг оиламга мисли кўрилмаган заҳматлар етказишди ва менга нисбатан чидаб бўлмас жисмоний ва руҳий қийноқлар қўллаб, мендан ўз божам Эрданов Абдуғани акага ва хотинимнинг опасини ўғли Эрдонов Бегалига, Қурбонова Гулчеҳраларга нисбатан ёлғон гувоҳлик кўрсатмаларини олишди.
Шу ўринда Эрданов Абдуғани ва Эрданов Бегалининг ўтмиши ва ҳаёти ҳақида ҳам икки оғиз айтиб ўштишим жоиз деб ўйлайман: Гап шундаки, 1937 йилларда – Сталин репрессияси даврларида Сурхондарёдан Ўтан полвон ва Эшим полвон исмли ака-укалар Тожикистон сарҳадларига ўтиб кетишади ва ўша ерларда истиқомта қилиб қолишади.
Нодир Тўрақулов ва унинг гумашталари томонидан “Тожикистон фойдасига жосуслик қилди” деган уйдирма айбловлар билан узоқ муддатларга қамалиб кетган 10 нафрага яқин фуқароларнинг бари бир-бирларига бегона эмас, ва ҳатто Тожикистондан Сурхондарёга кўчиб келишган бўлса-да, Ўзбекистон уларга ёт эмас. Сохта “жосуслик”да айбланган бу оға-инилар 1937 йилларда Ўзбекистондан Тожикистонга кўчиб кетишга мажбур бўлган Эшим полвон ва Ўтан полвонларнинг авлодлари бўлишади, аслида.
Хусусан, божам Абдуғани ака Ўтан полвоннинг ўғли бўлса, Эрданов Бегали Ўтан полвоннинг набираси бўлади.
Бир сўз билан айтганда Эшим полвон ва Ўтан полвонлар – яъни ака-укалар бир-бирларига қуда-анда бўлиб кетишган.
Воқеа аслида мана шундай бўлган эди: 2013 йилнинг 17 май куни тахминан соат 14.00 ларда мени кўчадан ЙПХ ходимлари ушлаб, машинам билан бирга Сурхондарё вилоят Миллий хавфсизлик хизмати биносига олиб боришди. Аммо мени ичкарига киритишмади. Ўша пайтлардаги МХХ идорасидан нотаниш бир ходим чиқди-да ЙПХ ходимига нимадир дея кўрматма берди. Мен уларнинг ўзоро суҳбатларини эшитган эмасман. Шундан сўнг ЙПХ ходими менинг бошқарувимда бўлган Дамас русумли машинамнинг рулига ўтирди ва мени Сурхондарёда халқ тили билан айтганда “Дайдихона” – “Шахси аниқ бўлмаган фуқароларни вақтинча сақлаш реаблитация марказига олиб боришди ва мени қамаб қўйишди. Милиция ходимлари томонидан қўриқланадиган “Дайдихона”да турли хил тутқинлар, хусусан, Афғонистондан ўтиб қолган фуқаролар ҳам кўп эди. Мен нима учун “Дайдихона”га қамалганимнинг сабабидан бехабар эдим. Саволларим жавобсиз қоларди. Мен кўчадан ЙПХ ходимлари томонидан махфий тарзда ўғирлаб келтирилган эдим. Шу сабаб уйимдагилар ҳам бехабар эди. Уйимдагиларга хабар беришларини сўрадим, ҳеч ким қулоқ солишмади. Шу тариқа орадан бир ойлар чамаси муддат ўтиб кетди. Бир ойлар ўтгач, ИИБ ходимлари мени “Дайдихона”нинг тергов хонасига олиб боришди. У ерда мени ўзини таништирмаган фуқаро кийимидаги озғиндан келган, узун бўйли, тепакал, ёши тахминан 40 лардаги бир йигит кутиб турарди. Нотаниш шахс ўзини таништирмасдан мени тергов қилишни бошлаб юборди. Тергов жараёнларида кейинчалик ИИБ ходимларининг терговчига қилган мурожаатларидан унинг исми Зиёдулла эканлиги, МХХ идорасдиан эканлиги аниқ бўлди.
МХХ ходими Нодир Тўрақулов ва унинг гумашталари мени э йўқ, бе йўқ ўз божам Эрданов Абдуғани акага, Эрданов Бегали ва Қурбонова Гулчеҳраларга қарши қандайдир, менга мавҳум бўлган ёлғон ва уйдирмалардан иборат гувоҳлик кўрсатмалари беришга мажбурлашди.
Гуёки, мендан “Қурбонова Гулчеҳрадан 3 000 (уч минг) АҚШ долларини олиб, Эрданов Абдуғанига олиб бориб бердим” деган мазмунда ёлғон гувоҳлик кўрсатмаси олишга кўп уринишди. Зиёдулла менга “Эрдонов Абдуғанининг Тожикистонда яшайдиган синглиси, яъни менинг янгам Алланова Мавлуда гуё ўша 3 000 АҚШ долларини акасига Гулчеҳра орқали бериб юборган ва мен гуё пулни Гулчеҳрадан олиб Абдуғани акага берганман” деган ёлғон кўрсатма беришимни талаб қилишди. Биргина шу кўрсатманинг ўзи эмас, бундан ташқари Зиёдулланинг ёнида мен танимайдиган иккита эркак шериги ҳам бор эди. Зиёдулла “Мен Эрданов Бегалидан қора селафанга ўралган дискни Қурбонова Гулчеҳрага олиб бориб берганман” деган мазмунда уриб, сўкиб кўрсатма олишга жон-жаҳди билан киришди. Ва 72 кунлик аёвсиз руҳий ва жисмоний қийноқлар кўмагида мақсадларига эришишди. Мен “Ахир бундай бўлмаган-ку, мен Гулчеҳра деган аёлдан Абдуғани акага ҳеч қанақнаги пул олиб бориб бермаганман, Бегалидан ҳам ҳеч қандай диск олиб, Гулчеҳрага элитмаганман, бу нима деганларинг, нега бундай деб ёзиб беришим керак?” дея ҳеч нарсани тушунмай бош тортдим, аввалига, тиш-тирноғим билан қаршилик қилдим. Аммо МХХ ходими Зиёдулла ўзи истаган кўрсатмаларни олиш мақсадида ҳар куни мени аёвсиз тепкилар, калтакларди. Аввалига, бизни “Дайдихона”га бир ой қамаб қўйишди. Орқамдан оила аъзоларимиз сўраб келмайди, бизнинг қаерда эканлигимизни билишмайди. Шу сабаб мен шу бир ой ичида гарчи тергов олиб борилмаган бўлса-да, руҳий тушкунликка тушиб бўлгандим. Тергов бир ойдан кейин бошлангач, Зиёдулла томонидан қўлланилган жисмоний ва руҳий қийноқларга дош бера олмадим. Чунки Зиёдулла мени калтаклаш билан бирга “Агар биз истаган кўрматмани бермасанг, хотинингни Тожикистонга чиқариб юборамиз. 3 та қизингни ўйла. Каттаси коллежда ўқиётган экан-ку. Мабодо сен қамалиб кетсанг ё ўлиб қолсанг, хотинингни Тожикистонга депорт қилиб юборсак, қизларингни аҳволи нима кечади?” деб кўнглимга ваҳима солди. Мен оиламни, фарзандларимни ўйлаб, Зиёдулланинг талабига кўнишга мажбур бўлдим ва 72 кун деганда у истагани каби туҳмат ва уйдирма кўрсатмаларга иложсизлигимдан имзо қўйиб бердим. Бу орада мен соғлиғимдан тамомила айрилиб бўлгандим.
Яна бир муҳим эътиборли томони шундаки, 72 кунлик тергов қийноқлари давомида МХХ ходими Зиёдулла “Айланма йўллар орқали Тожикистон – Ўзбекистон чегараларини 2-3 маротаба бузиб, Тожикистонга бориб-келдим” деган мазмунда мажбурий тарзда зўравонлик йўли билан мендан ёздириб олди ва “Агар яна бир марта чегарани бузсам, қонуний жавобгарликдан огоҳлантирилдим” деб ҳам ёздириб олди. Бироқ, мен умримда чегарани бузмаганман, Тожикистонга чегарани бузиб, ҳаётимда ноқонуний ўтмаганман.
Зиёдулла мени “Дайдихона”дан кўйиб юбораётганида “Бу ерда бўлганим ҳақида ва бу ерда бўлган ишлар ҳақида ҳеч кимга чурқ этмайман” деган мазмунда тилхат ёздириб олди ва “Бораверинг, керакли вақтда ўзимиз чақиртирамиз” деди.
Сурхондарёда МХХнинг “Акалар” деган лақаби бўлиб, Нодир ва унинг гумашталаридан барча зир титрарди. Мен ҳам шу қадар ваҳима ва қўрқув ичида қолгандимки, гарчи “Дайдихона”дан чиққан бўлсам-да “стоянка” – “Жарима майдончаси”га ўша, мени ушлаган куни олиб бориб қўйилган “Дамас” русумли машинамни сўраб боришга журъатим етмади. Шу-шу оиламни боқадиган машинамдан ҳам айрилитб қолдим.
Минг шукурки, муҳтарам президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг кўрсатмалари билан Нодир Тўрақуловнинг кирдикорлари фош бўлгачгина, орадан 5 йил ўтгач, 2018 йилнинг тахминан январ ойларида машинамни жарима майдончасидан жарима тўлаб, қайтариб олишга муваффақ бўлдим.
Энг даҳшатлиси, Эрданов Абдуғани, Эртанов Бегалилар менинг қийноқ остида берган ёлғон кўрматмаларим ортидан “жосус” айблови билан 17 йил муддатга қамалиб кетишди. Мен қийноқлар остида қарши уйдирма кўрсатма берган Қурбонова Гулчеҳра ҳам “жосус” сифатида қамалиб кетди ва қамоқдан ўлиги қайтиб келди.
Суд жараёнларидагина Нодир Тўрақулов бошлиқ терговчилар, хусусан Зиёдулла “Абдуғани, Бегали, Гулчеҳралар Тожикистон фойдасига жосуслик қилган” деган айбловларини тасдиқлаш мақсадида мендан руҳий ва жисмоний босимлар остида ёлғон ва уйдирма кўрсатмалар олганлигини англаб етдим.
Мен виждонимни қийноқ азобидан қутқариш учун Эрданов Абдуғани, Эрданов Бегали ва Қурбонова Гулчеҳраларга оид суд жараёнларида ҳақиқатни, ўзимга қўлланилган қийноқлар ва ёлғон кўрсатмалар берганимни тан олиб айта олмасдим. У пайтлар замон-замон Нодирнинг замони эди. Мен кўрсатмамдан судда тонган куним ўзимнинг, хотинимнинг, қизларимнинг бошига не кўргуликлар тушишини яхши билардим. Ва ана шу қўрқув исканжасида судда ҳақиқатни айта олмадим. Судда менга фақат биргина савол берилди: “Ўша 3 минг АҚШ долларини Гулчеҳрадан Абдуғани акага олиб бориб бераётганингизда уларнинг жосуслик билан шуғулланишларидан хабарингиз бормиди?” деб сўралди. Мен “Йўқ, улар ака-сингиллар, балки қарз сўраб олгандир” деб жавоб қилдим. Ва яна судда мендан “Бегалидан олиб Гулчеҳрага элитган дискда нима бор эди?” деб сўрашди. Мен “Бегали менга бу дискда Шерали Жўраевнинг қўшиғи бор деб берган эди” дея жавоб бергандим.
Мен шу аснода бир эмас, уч оиланинг бошига кулфатлар ёғилишида, бир эмас, уч кишининг узоқ муддатларга энг оғир айбловлар билан қамалиб кетишига, қийноқлардан саломатлигини йўқотишларига, ҳатто бир аёл кишининг вафот этишига сабабчи бўлиб қолдим дея сал кам 6 йилдирки ич-этимни еб келаман.
Ўлган ўлиб кетди, қамалган қамалиб қолди. Аммо менинг кўз ўнгимда яшаётган, уларнинг пардек тўзғиб кетган оила аъзоларини, фарзандларини ўз оталари, оналарига туҳматдан ёпиштирилган “Ватан хоини”, “Жосуснинг болалари” деган оғир айбловларни кўтара олмай, қаддилари букилиб, бошлари эгилиб қолганини кунда кўриб, юрагим эзилади, виждоним қийналади.
Худога минг шукурки, 2016 йилдан муҳтарам президентимиз Шавкат Миромоновичнинг саъи ҳаракталари ва инсонпарварлик кўмаклари билан биз каби Тожикистондан кўчиб келган фуқароларнинг ҳам кўкрагига шамол тегди. Ниҳоят президентимизнинг адолатпарварлиги туфайли Сурхондарё халқига жабру зулм ўтказиб, эзиб, ноҳақ туҳматлар билан қамаб келаётган Нодир Тўрақулов ва унинг МХХдаги гумашталари қўлга олинди. “Акалар”нинг барча жиноятлари фош бўлмоқда. Нодир Тўравқулов ва унинг жиноий тўдасидагиларга нисбатан жиноят иши очилди. Адолат қарор топди. Айни дадма суд жараёнлари давом этмоқда.
Мингдан-минг раҳмат, президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари билан 2018 йилнинг бошида Сурхондарёга Нодир Тўрақулов ва унинг жиноий тўдасидан жабр кўрганлар, ноҳақ туҳматдан қамалиб қолганларнинг арз-додларини эшитиш мақсадида Ўзбекитсон Республикаси Ҳарбий прокуратурасидан бир гуруҳ ходимлар келишди ва жабирдийдаларни бирма-бир эшитишди. Мен ҳам виждон азобидан қутилиш мақсадида Ҳарбий прокуратуранинг ишчи гуруҳидаги ходимларга бориб учрашдим ва улардан бирига бошимдан ўтган барча савдоларни гапириб бердим. Ҳарбий прокуратура ходими мени диққат билан эшитди ва суҳбат орасида “Балки уларнинг жосуслик қилганлигида заррача бўлсаям ҳақиқат бордир? Балки сиз божангизга кўмак қилмоқчидирсиз?” дея маънодар сўроққа тутди. Мен ҳарбий прокуратура ходимига “Ҳеч кимга ён босаётганим йўқ, виждон азобидан қутилиш учун бор ҳақиқатларни гапираяпман” дедим. Шундан сўнг компьютерда менинг шикоят ва арзларимни қоғозга туширган Ҳарбий прокуратура ходими меннинг ўз сўзим билан айтилган шикоят аризамни қўлимга берди, мен ўқиб чиқдим ва имзолаб бердим.
Ҳурматли Шавкат Мирзиёевнинг инсонпарварлик сиёсати туфайли Тожикистон билан чегаралар очилди, ноҳақ депорт қилинган оналар болалари, оиласи бағрига қайтди. Энг муҳими, Тўрақуловлардан жабр кўриб, жосус деган сохта, уйдирма оғир айбловлар билан узоқ йилларга қамалиб кетган Эрдонов Абдуғани, Эрданов Бегали, жами 10 га яқин сохта “жосус”лар колонкага чиқарилди.
Ваҳоланки бу авлоднинг ягона гуноҳи Тожикистондан Ўзбекистонга кўчиб келиганлиги эди.
Мен колонкага бориб, божам Эрданов Абдуғани акани кўрдим, қийноқларнинг зўридан тамом бўлиб қолибди. Энди уларни калонкадан уйига қайтариш керак. Аммо негадир Термизга келган Ҳарбий прокуратура ходимларига мен томонимдан берилган ариза юзасидан Эрдановлар ишида силжиш бўлмаяпти. Улар оқланиб, уйига қайтмаяпти.
Биламиз, ота юртимиз Ўзбекистоннинг бағри кенг, кўпмиллатли мамлакат: Ўзбекистонда руслар, татарлар, қозоқлар, қирғизлар, корейслар, туркманлар, озорбойжонлар, тожиклар каби турли миллат-элат вакиллари асрлар давомида тинч-тотув ҳаёт кечириб келишмоқда.
Бизнинг ота-боболаримиз тақдир тақозоси билан Тожикистонга кўчиб кетишганди. Туз-насиба бўлиб биз ўз ота юртимизга – Ўзбекитсонга қайтиб келгандик.
Тожикистондан Ўзбекитсонга яхши ниятлар билан келган инсон жосус бўлиб қолаверадими?
Тожикистондан Ўзбекистонга келиб ўтроқ бўлиб қолганлар қанча?
Ўзбекитсонда яшаб келаётган барча миллат вакилларини жосусликда айблаш ўрнилими?
Муҳтарам Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурори!
Сохта гувоҳлик кўрсатмасини қийноқлар остида беришга мажбур бўлганлигим ҳақидаги ушбу чин дилдан қилаётган иқрорлигимни инобатга олишингизни ва мени виждон азобидан қутилишимда ёрдам қилишизни, менинг уйдирма кўрсатмаларим туфайли “жосус”га чиқиб қолган Эрданов Абдуғани ва Эрданов Бегалиларга шафқат қилишингизни, уларни ўз оиласи бағрига қайтишида амалий кўмак беришингизни ўтиниб сўрайман.
Илова: Паспортим нусхаси.

Деб ушбу аризани ёзувчи Алланов Бахтиёр Тажиевич

11 июль, 2019 йил.

* * *

Тез кунларда: МХХ СОБИҚ ПОЛКОВНИГИ НОДИР ТЎРАҚУЛОВНИНГ “КИЧИК КОРХОНАСИ”ДА ИШЛАБ ЧИҚИЛГАН “ЖОСУС”ЛАРНИНГ ҚЎРГУЛИКЛАРИ
ЁХУД
НОДИРИ ХУДО ҲАЁТИНИ БАРБОД ҚИЛГАН 14 ОИЛАНИНГ ҚАРО ҚИСМАТИ… сарловҳаси остидаги туркум кўрсатувларимизни кузатиб боринг…
Ўтказиб юборманг….

facebook.com