Ҳамма нарсада меъёр бўлгани яхши

Ҳамма нарсада меъёр бўлгани яхши
69 views
13 July 2019 - 8:56

Бундан анча йиллар аввал пост ёзишга ишқивоз вақтларим эди. Беш-олтита ликедан илҳомланиб, янада кўпроқ ёзишга, ўзимча муаммоларни олиб чиқишга ҳаракат қилардим.

Кунларни бирида жиддий мавзуда пост ёздим. Пост остида бир акамиз кириб ҳазил изоҳ ёздилар. Шу билан кетди… Постдаги муаммо, у ерда тилга олинган гаплар бошқа ерда қолиб, беш-олти киши ҳиринг-ҳиринга ўтиб кетдик. Жиддий мавзу остида ошхўрлик ва кўп хотинлик ҳақида роса валдирадик. Шунда Абу Умар ака ўша ерда бир гап айтдилар: “мавзу – жиддий. Аммо сизларда жиддийлик йўқ. Мавзу қолиб кетиб, нималар деяпсизлар? Кўп кулги қалбни қотиради. Ҳайбатни йўқотади”, дедилар.

Шахсийда ҳам озгина насиҳат қилдилар. Ўша кундан бошлаб ўзимни йиғиштириб олдим. Тушунаман, кимлар учундир фб кўнгил очар майдон. Кимлар учундир шунчаки нарса. Яна кимлар учундир эрмак. Баъзилар учун ҳаёт ва мамотдир. Мен учун фикрларимни бемалол баён қилишга яратилган бир минбар вазифасини ўтайди. Албатта, ҳамма мендай фикрлашга мажбур эмас. Ҳар ким хоҳлаганини ёзиши мумкин. (шундай деб гапни бошламаса, ҳеч ким ёзганларингни ўқимайди)

Баъзида куйиниб, баъзида эҳтиросга берилиб, баъзида эса шунчаки қалбдаги сўзларни ёза бошладим. Абу Умар акани ўша маслаҳати бир умрга татиди.

Кўпхотинлик ҳақида ёзадиганлар кўп. Мен эса шу инсонлар сабаб бу мавзуда ёзгани уяламан. Аслида менинг ҳам фикрларим бор.

Футбол, сиёсат ва ҳоказо мавзулар ҳақида ёзадиганлар ҳам етарлича.

Шу фбда ёш, кенг фикрли ва билимли укалар бор. Баъзи ёзган мақолалари жуда маъқул келади. Баъзиларидан эса энсам қотади. Энди қойил қоламан, деб турганимда бачкана, икки пулга қиммат мавзулар ҳақида ёза бошлайди.

Ёш йигитлар бўйдоқ бўлганлиги сабаб, асосий мавзулар хотин мавзусига айланиб кетади. Шу даражада кўп ёзиб, ҳазил қилаверганидан баъзиларини кузатишни ҳам тўхтатиб, унфоллов қилдим. Ўзимдан жиддий одам ясаб олиб бу гапларни гапирмаяпман. Шунчаки ўқийдиган нарса кўп. Вақтимни унумлироқ, фойдалироқ нарсани ўқишга кетказишни истайман. Бачкана постлар шундоқ ҳам кўп.

Ёш, мен ўзим ҳурмат қилган укаларга қарата айтмоқчиман: асални ҳам ози ширин. Ҳамма нарсада меъёр бўлгани яхши. Бир-хил мавзу охири кўнгилни айнитади. Жиддий мавзуларингга, бачкана изоҳ ёзадиган ақли калта улфатларинг сабаб путур етади.

Хотинга, кўп хотинга кетказадиган вақт ва эътиборларингни бошқа муаммоларга қаратсаларинг, яхши мавзулар дунёга келади.

Вақти келади. Ўша хотинга ҳам эришасизлар. Қучоқлаб ётиб, безор ҳам бўласизлар. Унда жиддий мавзудаги гапларинг “весини” йўқотиб бўлган бўлади.

Абу Умар ака ўшанда бизга насиҳат қилишдан аввал неча кун кулишдан парҳез қилиб, сўнг гапирганини билмайман-у, аммо гаплари таъсир қилган. Ҳайбатли, сўзи ўткир, қалами кескир ёзадиган катта блогерга айлансаларинг мен жуда хурсанд бўлар эдим. Чунки аксарларингда яхши ёза оладиган қобилят бор.

Ўзимча томга чиқиб олиб насиҳат қилдим. Қабул қилмасаларинг ҳам фарқи йўқ. Катталар гапни олмагандан кейин, кичикларга гапиришга ўтиб олар эканда одам.

Саййид Ислом