Ўқтой: Туркия ва Ўзбекистон 27 йўналиш бўйича ҳамкорликни кенгайтиради

Ўқтой: Туркия ва Ўзбекистон 27 йўналиш бўйича ҳамкорликни кенгайтиради
28 views
24 July 2019 - 10:17

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Туркия давлат темир йўллари (TCDD) ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ҳамкорликка оид битим имзолаган. Бу ҳақда Туркия вице-президенти Фуат Ўқтой Анқарада бўлиб ўтган Туркия-Ўзбекистон қўшма иқтисодий комиссия мажлисида билдирди, дея хабар қилади Онадўли агентлиги.

Ўктой анжуман доирасида қатор муҳим битимларга, жумладан, ўзбекистонлик ҳайдовчилар учун визасиз тартиб жорий этилиши ҳамда улар учун 2020 йилдан транзит ҳужжатларга тўловни бекор қилиш масалалари бўйича келишувларга эришилганини маълум қилди.

Унга кўра, йиғилиш чоғида икки мамлакат ўртасида савдо-сотиқ, транспорт, энергетика, банк соҳаси, миллий валютада ҳисоб-китоб қилиш каби 27 йўналишда ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олинган.

Фуат Ўқтойнинг таъкидлашича, икки мамлакат ўртасидаги алоқаларнинг стратегик ҳамкорлик даражасига чиқиши, Олий даражадаги турк-ўзбек ҳамкорлик кенгашининг барпо этилиши Туркия билан Ўзбекистон ўртасидаги тарихий ришталарнинг янада мустаҳкамланишига ҳисса қўшади.

Тадбирда Ўзбекистонни бош вазир ўринбосари Элёр Ғаниев бошчилигидаги делегация тамсил этди. Мажлис якунида Туркия-Ўзбекистон қўшма иқтисодий комиссиясининг баённомаси имзоланди.

ЎХҲ ахборот бўлими