Россиядаги ўзбекистонлик мигрантлар сони рекорд даражага яқинлашди

Россиядаги ўзбекистонлик мигрантлар сони рекорд даражага яқинлашди
50 views
24 July 2019 - 21:10

Россия халқ хўжалиги ва давлат хизмати академиясининг 2019 йил июнь ойи учун «Россия Федерациясидаги иқтисодий вазият мониторинги» ҳисоботига кўра, Ўзбекистондан Россияга вақтинчалик миграция ҳажми ўсишда давом этмоқда.

1 июнь ҳолатига кўра 2,1 миллион Ўзбекистон фуқароси Россияда бўлган. Таққослаш учун, 2018 йил 1 декабрь ҳолатида 1,8 миллион киши, ундан бир йил олдин эса – 1,7 миллион киши эди.

Ўзбекистон Россиядаги мигрантлар сони бўйича биринчи ўринда турибди. Украина иккинчи (1,7 миллион), Тожикистон (1,3 миллион) учинчи поғонада.

Ўзбекистондан Россияга вақтинчалик миграция ҳажми нафақат 2015 йилдаги кўрсаткичларга қайтди, балки инқирозгача бўлган кўрсаткичларга жуда яқин келди – 2014 йил 1 декабрь ҳолатига кўра 2,2 миллион Ўзбекистон фуқаролари Россияда бўлган.

Рақамлар шуни кўрсатадики, 2014 йилда, рубль қулаши, санкциялар ва бошқа ҳодисалардан сўнг, Россиядаги ўзбекистонлик мигрантлар сони камая бошлади, аммо 2017 йилда оқим тикланди ва ҳозир фаол равишда ўсмоқда.

Ўзбекистон ва Тожикистондан келган мигрантларнинг патент учун тўловлари йил сайин ошиб бормоқда, бу йил улар барча патентларнинг 91 фоизини расмийлаштирди. Таққослаш учун, 2018 йилда – 89%, 2017 йилда – 86%, 2016 йилда – 82% эди.

Манба: kun.uz