Зайниддин Тойободийнинг Амир Темурга ёзган бир мактуби

Зайниддин Тойободийнинг Амир Темурга ёзган бир мактуби
95 views
25 July 2019 - 11:14

ЗАЙНИДДИН ТОЙОБОДИЙНИНГ АМИР ТЕМУРГА ЁЗГАН БИР МАКТУБИ

Соҳибқирон Амир Темур дунёда бошқарувнинг барча соҳалари, хусусан ҳарбий санъатини юқори поғонага кўтарган, уни стратегия ва тактиклар билан бойитган, оз сонли қўшин билан кўп сонли қўшинни енгиш амалиёти билан дунёда машҳур бўлган тенгсиз саркардадир.У бошқа соҳалар каби ҳарб илмида ҳам туғмо истеъдод соҳиби бўлиб, минглаб саркардалар бажара олмаган ишларни ана шу истеъдоди билан амалга оширганди. Ер юзида Амир Темурга ўхшаган саркарда шу давргача туғилмаган. У нима учун айнан катта натижаларга эришганди?

Бунинг сабабини “Темур тузуклари”ни таҳлил қилиш асносида солиштириб чиқамиз. Ўзга мамлакатларни забт этиш, уларни идора қилиш, ғаним лашкарларини синдириш, душманни тузоққа тушириш, мухолифларни (кўнглини овлаб) дўстга айлантириш, дўст-душман орасида муомала, муросаю мадора қилиш жараёнида у доимо Пири Зайниддин Тойободий ва бошқа пирларининг ўгитларига риоя этган.

Чунончи Зайниддин Тойободий унга ёзган дастлабки хатларидан бирида қуйидаги масалаларга эътибор беришни қатьий таъкидлаганди: «Абулмансур Темур, салтанат ишларида тўрт нарсага амал қилгин, яъни:

1) (ўзинг билан) кенгаш; 2) (бошқалар билан) машварату маслаҳат айла; 3) ҳушёрлигу мулоҳазакорлик билан қатъий қарор чиқар; 4) эҳтиёткор бўл. Чунки кенгаш ва машваратсиз салтанатни барча қилган ишларию айтган гаплари хато бўлган жоҳил кимсага қиёслаш мумкин; унинг сўзлари ва қилмишлари бошга пушаймонлик ила надомат келтиргай. Шундай экан, салтанатни бошқаришда машварату маслаҳат ва тадбир билан иш юритгин, токи оқибатда надомат чекиб, пушаймон бўлмагайсан. Яна шуни ҳам билгилким, салтанат ишларининг бир қисми сабру тоқат билан бўлгай, яна бир қисми эса билиб-билмасликка, кўриб-кўрмасликка солиш билан битур. (Хуллас) тадбирлардан огоҳ қилингандан кейин шуни айтиш жоиздирким, қатъийлик, ҳушёрлик, эҳтиёткорлик, шижоат ва сабр-чидам билан барча ишлар амалга оширилгай. Вассалом ”.

Хатдаги “ўзинг билан кенгаш” деган иборада “кўп ўйла”, “мустақил фикрла”, “бирор қарорга келишдан олдин тошу тарозини тўғри қўй” каби панд-ўгитлар назарда тутилган. Унда иккинчи қоида сифатида “бошқалар билан маслаҳату машварат қилиш” таъкидланмоқда. Чунки ўз даврининг энг кучли алломалари, доно ва фозил кишилар, маҳоратли ҳарбий қўмондонлар ва бошқалар давлат бошқариш ва ҳарбий ишларда катта тажрибаларга эга бўлганлар. Шунинг учун ҳам пирининг сўзларига амал қилган ҳолда Амир Темур уларнинг энг машҳур ва кучлиларини доимо қошида сақлаган, биргаликда очиқ ва ёпиқ кенгашлар ўтказган, уларнинг фикр-мулоҳаза ва кенгашларини жон қулоғи билан тинглаган, ҳар бир ишни битиришдан олдин эса турли қарашлар ва маслаҳатларни таҳлил қилиб ўзи оқилона қарор чиқарган. Албатта бу қарорлар унинг томонидан мустақил чиқарилган ва унга ҳеч ким аралаша олмаган. Бу омиллар унинг фаолиятида тизимли таҳлил кучли бўлганидан далолат беради.

Амир Темур бир умр пирининг сўзларига амал қииб, энг зарур ҳолатларда ҳам шошилмаган, совуққон ва сабр-тоқатли бўлган. Ўша даврда мўғулларнинг қуюн каби бостириб келиши ваҳимаси кундан-кунга кучайиб, Мовароуннаҳр халқи мўғуллар исканжада қолган ва хўрланаётган эди. Бунинг устига мамлакат ичкарисида ҳам аҳвол танг бўлиб, турли бир-бирига қарама-қарши гуруҳлар ва ҳокимлар бир-бири билан урушлар олиб бораётган эди. Уларнинг аксарияти эндигина майдонга кириб келаётган Амир Темурга очиқ ва хуфёна ёмонликлар қила бошлагандилар. Мантиқан қаралганда, агар Амир Темур улар билан ҳар бир ҳатти-ҳаракати учун уларга қарши жанг майдонига чиқаверганда аллақачон бирор тиғнинг остида қолиб кетиши мумкин эди. Амир Темур ўз ҳушёрлигини йўқотмаган ҳолда, пирининг ўгитларини ёдда тутиб, “билиб-билмасликка, кўриб-кўрмасликка солиш билан” иш битирган, туғладиган яхши имкон ва вазиятларни пойлаб арқонни узун ташлаш сиёсатини юритган.

У қатъийлик, ҳушёрлик, эҳтиёткорлик, шижоат ва сабр-чидам билан барча ишларни амалга кетма-кет ошириб борган. Ўзи таъкидлаб ўтганидек, пирининг хати унга “йўл бошловчи янглиғ раҳнамолик қилган”. Шу тариқа унингт онгида пирининг ўгитларига асосланиб “салтанат ишларининг тўққиз улуши машварат, тадбир ва кенгаш, қолган бир улуши эса қилич билан бажо келтириш” ҳақидаги ҳаётий шиор шаклланган.

Унинг бу ҳаётий тажрибаси наинки зобит-аскарларга, балки ҳар бир инсонга, ёшларга ибрат ва намуна бўлмоғи керак. Чунки ўз устида тинимсиз ишлаган, ўзига нисбатан қаттиққўл ва талабчан бўлган шахсларгина ҳаётда ёрқин из қолдирганлар ва уларнинг номи асрлар давомида яшаб келмоқда. Дангасалик, ишни пайсалга солиш, ваъдаги вафо қилмаслик, ёлғончилик, зулм, адолатсизлик ва бошқа кўплаб иллатлар Амир Темурга тамоман ёт бегона эди. Инсон ўз ҳаётининг тубан ёки шарафли бўлишида ўзининг ҳатти-ҳаракатлари ҳам катта рол ўйнашини тарих Соҳибқирон Амир Темур мисолида исбот этмоқда.

Амир Темур подшоҳнинг фарзанди бўлмаган, у мураккаб вазиятларда катта масалаларни ҳал қилган, Моваронннаҳрни бирлаштирган, уни Евроосиёдаги ягона салтанатга айлантирган, ҳамма бурчакларида қонунийлик ва адолат ўрнатган. Бу ишларни амалга оширишда унга аввало устозлари ўгитлари, қатьияти, мулоҳазакорлиги, ақл-идроки, билими катта ёрдамчи бўлиб хизмат қилган.

Шоҳиста Ўлжаева
18.07.2019

facebook.com