Андижон қўзғолони

Андижон қўзғолони
31 views
25 July 2019 - 11:19

АНДИЖОН ҚЎЗҒОЛОНИ (1898) -ўзбек халқининг мустамлакачилик ва миллий зулмга қарши озодлик ҳаракати. Дукчи Эшон қўзғолони (воқеаси) номи билан ҳам машҳур. Унга Андижон уездининг Мингтепа қишлоғилик Муҳаммадали халфа Собир ўғли раҳбарлик қилган.

Туркистонда Россия империясининг 19-а. иккинчи ярмида ўрнатган мустамлакачилик тузуми маҳаллий аҳолини сиёсий ҳуқуқлардан маҳрум этди, миллий, линий қадриятларини таҳқирлади, иқтисодини эса империя мақсадларига бўйсундириб, халқнинг турмуши, моддий аҳволини ёмонлаштириб, қашшоқланишига олиб келди.

Айниқса Фарғонада Россия саноати учун зарур бўлган пахта хом ашёсини етиштиришга зўр берилиши натижасида вилоятдаги аҳоли ҳаёти ниҳоятда оғирлашди. Оғир меҳнат шароитида етиштириладиган пахта хом ашёси арзимас нархда сотиб олиниб, Россияга олиб кетилар, деҳқон эса бундан дуруст моддий манфаат кўрмай, аксинча, турли хил оғир солиқ, тўлов ва қарзлар исканжасида йил сайин қаш-шоқлашиб борарди. Вилоятда пахта экин майдонларининг тез суръат билан ўсиб бориши ғалла маҳсулотлари, бурдой етиштиришни кескин камайишига, аҳолини четдан келадиган ғаллага қарам бўлишига олиб келди.

Россиядан келтирилган юқори нархдаги буғдойни сотиб олиб, истеъмол қилишга эса қашшоқлашган деҳқонларнинг қурби етмай, аҳволлари янада оғирлашди. Чоризмнинг нафақат иқтисодий, балки ижтимоий, сиёсий, миллий зулми ҳам чексиз эди. Сиёсий ҳуқуқлардан маҳрум этилган аҳоли ўлкани идора қилиш ишига мутлақо яқинлаштирилмасди.

Маориф, тиббий хизмат, ободончилик ишлари қаровсиз ҳолда бўлиб, мустабид маъмурият бунга мутлақо маблағ ажратмасди. Маҳаллий аҳамиятга молик сарфхаражатлар аҳоли зиммасига юклатилганди. Ҳукмрон миллат вакиллари алоҳида имконият ва ҳуқукларга эга бўлган ҳолда маҳаллий аҳоли ҳуқуқсизлик, зулм ва зўравонликдан азоб чекарди.

Бунинг устига маҳаллий аҳолининг унумдор ерлари Россиядан кўчириб келтирилган деҳқонларга тортиб олиб берилган бўлиб, ер-сув муносабатлари масаласида ҳам адолатсизлик авжига чиққанди. Чоризм ҳукмронлиги даврида ўлкада мустамлакачилар турмуш тарзи орқали кириб келган маишатпарастлик, қиморбозлик, ичкиликбозлик сингари иллатлар маҳаллий аҳолининг маънавийахлоқий руҳияти, қадриятларига путур етказа бошлаганди.

Бу иллатларнинг барчаси бир бўлиб маҳаллий халқнинг мустамлакачиларга нисбатан нафратини ошириб, миллий, инсоний ғурури, нафсониятини таҳқирлаб, буларга чек қўйиш истаги кун сайин авж олиб борган, миллий озодлик туйғулари жунбушга келган. Қўзғолондан 3 йил олдин — 1895 й.да Муҳаммадали эшон Марғилон, Ўш уездларида лавозимини қайта тиклади.

Шундан сўнг қишлоқларда икки ҳокимиятчиликни эслатадиган бир ҳолат юзага келади — халққа бир томондан мустабид чоризм ҳукумати вакили бўлган волость бошлиғи, иккинчи томондан оддий халқ хоҳиш-иродасини ифодалаган раис раҳбарлик қила бошлайди. Бу ҳолат мустамлакачи маъмурлар б-н халқ ўртасидаги муносабатларни янада кескинлаштиради.

Мустамлакачилар зулмидан эзилган халқ Дукчи Эшонга мурожаат қилиб эрк учун муқаддас курашга фатво беришини ҳамда бу курашга раҳнамолик қилишини сўрайди. Халқ норозилигининг жиловлаб булмаидиган даражада кучайиб кетганлигини кўрган Дукчи (Муҳаммадали) Эшон уйида Фарғона вилоятининг турли бўлисларидан келган вакиллар иштирокида махсус кенгаши бўлади.

Шу кенгашда Муҳаммадали эшон йиғилганларни мустамлакачиларга қарши бош кўтаришга, уларни юртдан ҳайдаб, она Ватан мустақиллигини тиклаш учун курашга чақиради. Кўпчилик бу таклифни маъ-қуллайди. Кенгашда Муҳаммадали Эшон маълум қилган режага биноан мустабид ҳукуматнинг водийдаги 3 шаҳар — Андижон, Марғилон ва Ўшда жойлашган ҳарбий лагерларига бир кунда ҳужум қилишга, бу ҳужум муваффақиятли тугаса, Қўқонда ҳам қўзғолон кўтаришга келишилади.

Марғилондаги ҳарбий лагерга Иноятхон Тўра, Ўшдаги ҳарбий лагерга Умарбек додхоҳ, Андижондаги ҳарбий лагерга эса Муҳаммадали эшон бошчилигида ҳужум қилиниши керак эди. 1898 й. 17 май куни Муҳаммадали эшон халққа мурожаат килиб, уларни мустамлакачиларга қарши қўзғолон кўтаришга даъват этади. Қўзғолончилар Муҳаммадали эшон бошчилигида Мингтепадан Андижон ш. томон йўл олишади.

Йўл-йўлакай қўзғолончилар сафи тўлиб бориб, шаҳарга яқинлашганларида уларнинг сони 2000 га етади. Шаҳар яқинида Муҳаммадали эшон ўз жангчиларини охирги марта кўрикдан ўтказади. У қўзғолончиларни 5 қисмга бўлиб, ҳар қайси қисмга биттадан байроқ беради. ғарбий лагерга қилинадиган ҳужум олдидан сўнгги нутқини сўзлайди. У қўзғолончиларни охирги дақиқаларгача ўз қасамёдига содиқ қолишга, Ватан озодлиги учун муқаддас курашга даъват этди.

Сўнгра қўзғолончилар Андижон ҳарбий лагерига ҳужум қиладилар. Тўқнашув пайтида ҳарбий гарнизон жангчиларидан 22 киши ўлдирилди, 24 аскар ярадор бўлди. Ярим соат давом этган қаттиқ жангдан сўнг жанговар тайёргарлиги дуруст бўлмаган ва қурол-яроғи ночор қўзғолончилар гуруҳи тўқнашув жойида ўлган 11 нафар ва ярадор бўлган 8 нафар одамларини қолдириб чекинишади.

Марғилон ва Ўш уездларидаги ҳарбий гарнизонларга ҳужум уюштириш режалари эса амалга ошмай қолади, чунки чор амаддорлари бундан хабар топиб, мудофаа учун зарур чораларни кўриб улгурадилар. Ўш уездида мустабид ҳукуматга сотилган хоин — уезд мингбошиси Қорабек Ҳасанов ўз халқига хиёнат қилиб, мустамлакачиларнинг ҳарбий кучларига қарши тайёрланаётган ҳужум ҳақида подполковник Зайцевга хабар етказади. Бу воқеадан хабар топган Умарбек додхоҳ яхши қуролланмаган халқни қуролланган, шай турган ҳарбийларга қарши қўзғолонга бошлашга журъат этмайди.

Марғилон ҳарбий лагерига ҳужум ҳам амалга ошмади. 17 май куни кечқурун белгиланган жойга одам тўпланмади. Бунинг устига шу куни якшанба, яъни дам олиш куни бўлиб, ҳарбий лагерда қандайдир маросим бўлаётганди. Бундай вазиятда ҳужум бошлаш хатарли эди. Шу боис Иноятхон Тўра ўз одамлари билан Андижонга жўнаб кетган қўзғолончиларни қувиб етиб, улар сафига қўшилади.

Қўзғолон ҳақидаги хабарлар Наманган уезди ва Еттисув вилоятига ҳам етиб борди ва бу ердаги аҳоли томонидан қўллаб-қувватланди. Еттисув вилоятининг Авлиёота уездида Шодибек халфа исмли эшон бошчилигида тўпланган юздан ортиқ одамлар довонлар қордан бироз тозалангач, Андижон томон ҳаракат қилдилар. Бундан хабар топган мустабид ҳукумат қўшинлари Наманган ва Андижондан уларга қарши юрдилар ва орадан беш кун ўтгач, Шодибек халфани 23 нафар одами билан қўлга оддилар. Наманганда ҳарбийлар яширин равишда тоғ сўқмоқларини кезиб, 29 нафар қўзғолончини, шулар қатори 4 бошлиғини ҳам ушлашди.

Ўша кунларда Еттисув вилоятининг Пржевальск ва Бишкек уездларида, Сирдарё вилоятининг Ховос темир йўл бекатида ҳам миршаблар билан маҳаллий аҳоли ўртасида қуролли тўқнашувлар бўлиб ўтди. Андижондаги қўзғолондан хабар топган Чор Россияси ҳукмдори Николай II қўзғолончилардан шафқатсиз ўч олишни буюради. Бу ишга раҳбарлик қилиш ўта шовинист сифатида донг таратган Сирдарё вилояти ҳарбий губернатори А.И. Корольковга топширилади.

Мустамлакачилар Андижон қўзғолони муносабати б-н бутун Фарғона водийсида даҳшатли қатағон уюштирдилар. Биринчи навбатда қўзғолон раҳбари Муҳаммадали эшон ва унинг яқин маслақдошларидан 5 нафари 1898 й. 12 июнда Андижон ш. марказида бутун водий жамоатчилигининг 8 мингга яқин вакили кўз ўнгида осиб ўлдирилди. Кейин бошқалар жазоланди.

Қўзғолончилардан 18 нафари осиб ўлдиришга ҳукм қилинди. 344 нафари 4 йилдан 20 йилгача муддатга, 3 нафари умрбод каторгага, 8 нафари турли муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилиндилар. 18 киши Сибирга сургун қилинди. Жами 388 киши жазоланди.

Қўзғолон маркази бўлган Мингтепа, Қашғар, Тожик қишлоқлари уч кун тўплардан ўққа тутилиб, култепага айлантирилди. Жазога тортилган қўзғолончиларнинг ижтимоий таркиби таҳлилидан маълум бўлишича, уларнинг кўпчилиги деҳқон ва ҳунармандлардан иборат бўлиб, сардорлари орасида 2 нафар додхоҳ (генерал), 7 нафар понсод (полковник), 2 нафар собиқ бек, 40 нафар мулла, 2 нафар мударрис бўлган. Яъни, Андижон қўзғолон аҳолининг турли тоифаси вакилларини қамраб олган том маънодаги халқ қўзғолони бўлган.

Андижон қўзғолон Туркистон ҳаётида тасодифий ҳодиса эмас эди. Бунга қадар ҳам ўлкада мустамлакачиларга қарши бош кўтарилган. Андижон қўзғолон 19-асрнинг сўнгги чорагидаги энг кучли озодлик кураши эди. Аммо пухта тайёргарлик кўрилмаганлиги, ҳарбий имкониятлари заифлиги, кенг доирада уюшмаганлиги туфайли мағлубиятга учради. Қўзғолоннинг тарихий аҳамияти шундаки, у мазлум халқнинг сиёсий онги ва кураш тажрибасининг ўсишида муҳим роль уйнади.

Гарчанд Андижон қўзғолон- тор-мор этилган бўлсада, лекин ўзбек халқининг мустақиллик ва озодлик учун олиб борган курашларининг энг ёрқин намуналаридан бири бўлиб қолди. Мустақилликнинг дастлабки йилларида Андижон ш.нинг Мирпўстин ва Навоий кўчалари орасидаги кўчага (аввалги Янги Ўш кўчаси) «Дукчи Эшон» номи берилди.

Доно Зияева, Алиназар Эгамназаров

facebook.com