Сиёсий мустақил бўлиб турган давлатлар қайтадан иқтисодий қарамга айланди-қолди…

Сиёсий мустақил бўлиб турган давлатлар қайтадан иқтисодий қарамга айланди-қолди…
123 views
25 July 2019 - 11:27

Африканинг кўпгина қазилмага бой давлатлари Франциянинг мустамлакаси эди. БМТ ташкил бўлиши ва Инсон Ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларацияси қабул қилиниши ортидан миллатларнинг ўзлигини белгилаш харакатлари кучайди ва асосан 1961 йилда деярли ҳамма мустамлака давлатлар Франциядан мустақил бўлишди. Лекин!

Франция ёмонам шустрий иш қилди. Мустақиллик бериш шартномасида “мустақил бўлгандан кейин ҳам миллий иқтисодиётни молиялаш учун қарзни фақат ва фақат Франция Марказий Банкидан олиш” тўғрисидаги бандни киритиб туриб, имзолатиб олди. Ҳамма собиқ мустамлакалар қарзни фақат Франциядан олишига келишилди.

Африка миллатлари, қабилалари, элатлари мустақилликдан маст эди. “Ухури, ухури – озодлик, озодлик”, деб хурсанд эди. Лекин…

Таланган ва жигари суғуриб олинган Африка давлатлари иқтисодиётига йирик инвестициялар, инфратузилмавий дастмоялар сувдек керак эди.

“Месье Банкир, қарз бериб туринг… Мерси!”

На миллий малакали кадрларга эга, на сифатли сиёсий бошқарув институтларига эга давлатда пуллар қумга сингиб кетавериш маълум. Қарз устига қарз олинаверди. Қарзлар узилиши кечиккан сари янги қарзлар энди турли шартлар билан берила бошлади. Оқибат, сиёсий мустақил бўлиб турган бу давлатлар қайтадан иқтисодий қарамга айланди-қолди.

Қарз монополияси ҳақидаги пункт балки саноқли муддатга чекланган бўлиши мумкин. Лекин ўшанда “қорин бугун оч” эди. Қарз сиртмоғи қилар ишни қилиб бўлди. Қайтага олдин талаб кетилган бойликларни энди сувтекинга ўзлари қазиб етказиб беришга тайёр бўлиб қолишди.

Хулоса: шундоқ ҳам ўзингизнинг ҳаққингиз бўлган нарсани сизга топшира туриб, “фақат кичкинагина шарти бор-да, фалон жойда бизнинг мушугимизни боқиб берасан, укам”, қабилида гап эшитсангиз, ниҳоятда ҳушёр тортинг. Ингичка сиртмоқдан йўғонига олиб ўтишаётгани эҳтимоли катта.

Азамат Андреев